Шароф Рашидов: ёдда қолган учрашув

12 Сентябрь, 16:19 • Андижон вилояти, Давра суҳбати, Янгиликлар • 21 марта кўрилди • Комментариев к записи Шароф Рашидов: ёдда қолган учрашув нет

Ўзбек халқининг оташқалб фарзанди, ёзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш юзасидан Президентимизнинг фармони юртдошларимизни қувонтирмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон шаҳар Кенгаши томонидан ташкил этилган “Шароф Рашидовни хотирлаб” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам бу алоҳида эътироф этилди. Тадбир иштирокчилари собиқ юрт раҳбари хотираси билан боғлиқ эсдаликлар хақида суҳбатлашдилар.

Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи партиядошимиз Тўлқинҳожи Баҳромов ҳам республикамиз раҳбари билан бўлган учрашувни бир умр ёдидан чиқармайди. Ўшанда  у ҳали ўттиз ёшга ҳам тўлмаган, навқирон йигит эди. 2508-автокорхонада ҳайдовчи бўлиб ишларди.

— 1967 йилнинг кеч кузи, қишлоқ хўжалик ишлари охирлаб бораётган эди, — дея хотирлайди у. — Бизларни  ем юкланган 50 та машиналаримиз билан темир йўл  платформаларида Самарқанд вилоятининг Қизилқудуқ станциясига олиб келиб туширдилар. Машиналаримизга қайта жойлашган эдик ҳамки  «Шароф Рашидов келди» деган хабар тарқалди.

Оддийгина кийинган Шароф Рашидов  ҳаммамиз билан бир-бир қўл бериб кўришиб чиқди. Менга келганда «Қаердансиз?» деб сўради,  «Андижонданман!» деган сўзимни эшитиб, кулиб юборди: «Мен водийликларга ишонаман, улар абжир кишилар, ҳар қандай топшириқни уддалай оладилар!» деб елкамга қоқди ва мени қучиб бағрига босди. У кишининг салмоқ билан гапиришлари, инсонга нисбатан беқиёс меҳр ва муҳаббати ҳаммамизни ром этган эди.

Шароф ота бизга Зарафшон тоғининг нариги томонидаги чорвачилик хўжалигига шошилинч ёрдам зарурлиги, давон  йўлини қалин қор босиб қолгани, бугун қандай қилиб бўлса ҳам, емларни  етказишимиз зарурлигини таъкидлади. Машиналарни аямасдан ҳайдашимизни, қайтишимизга янги машиналар берилишини айтди. Ҳаммамиз бу давлат топшириғини бажаришга тайёр эканлигимизни билдирдик.

Машиналар ўша заҳотиёқ йўлга тушди,  карвон бир кеча-кундуз деганда жуда ҳам мураккаб ва хавфли йўллардан юриб, юкни эсон-омон чорвадорларга топширдик. Одамларга вертолётда озиқ-овқат олиб келиб беришган, аммо чорвага бергани ҳеч нарса қолмаган эди. Чорвадорлар бизни қувониб қарши олишди. Дарҳақиқат, машиналар қайтиб кетишга ярамади. Бизни янги машиналар кутиб турган экан, уларни бошқариб, хурсанд ҳолда Андижонга кириб келдик.

Шундан кейин Тўлқинжон автокорхонада узоқ йиллар ишлаб, нафақага чиқди. Ҳар бир учрашувда, Шароф Рашидов билан бўлган ўша суҳбатни мароқ билан айтиб юради.

Давра суҳбатида шу каби унутилмас воқеалар ёдга олинди.

 

Узоқбой САКСОНБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят Кенгаши фаоли.

Шароф Рашидов: ёдда қолган учрашув was last modified: Сентябрь 12th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »