Сиёсий саводхонликни оширишда партиямизнинг ўрни

13 Сентябрь, 17:09 • Бухоро вилояти, Сиёсий ўқув, Янгиликлар • 136 марта кўрилди • Комментариев к записи Сиёсий саводхонликни оширишда партиямизнинг ўрни нет

Фуқароларнинг сиёсий саводхонлиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда сиёсий партияларнинг ўрни беқиёс. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий тадбирларни ташкил этиб, фуқаролар саводхонлигини шакллантиришга жуда катта эътибор қаратиб келмоқда. Таъкидлаш ўринлики, партиянинг “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида барча туман ва шаҳар кенгашлари ташаббускорлигида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида ҳафтанинг сешанба кунлари сиёсий ўқув ўтказилиб, маҳалла аҳолисининг билимлари шакллантирилмоқда.

Навбатдаги сиёсий ўқувлар ҳам жойларда жуда намунали ташкил қилиб келинди. Бевосита пахта даласида шиддат билан ишлаётган маҳалла ҳашарчилари билан ўтказилган сиёсий ўқув барчага завқ бағишлади.

Хусусан, партиянинг Бухоро туман Кенгаши томонидан “Ўктам, Иброҳим Тўқлиев” фермер хўжалигида пахта йиғим-теримида қатнашаётган “Работак” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан ўтказилган сиёсий ўқувда маҳалла раиси Рашид Хидиров, лектор Нигора Ҳафизовалар ўтган ҳафта давомида юртимиз ва жаҳонда рўй берган энг муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий воқеаларнинг қисқача тафсилоти билан таништириб ўтди. Жумладан, қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари, фармонлари тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия ҳамда давлат бошқаруви тизимини танқидий ўрганиш ва уни тубдан ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Айни мана шу сингари муҳим сиёсий маълумотлар сиёсий ўқув давомида таъкидланар экан, бу эса фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини янада шаклланишида хизмат қилиб келади.

Партиянинг Вобкент туман Кенгаши ташаббускорлигида “Пахтакор” МФЙда ўтказилган сиёсий ўқувда маҳала фуқаролари ўзларини қизиқтирган барча сиёсий саволларига жавоб ола билишди. Хусусан, лекторлар томонидан қабул қилинган қонун, фармонлар билан бир қаторда давлатимиз раҳбарининг 5-6 сентябр кунлари Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикасида бўлганлиги, унда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинганлиги тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.

Шунингдек, аввал хабар берганимиздек Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари жорий йил май ойида Вобкент туманида бўлиб, фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилган эди. Ана шу учрашув ва мулоқотлар давомида вобкентлик фуқаролар “Чашмаи Айюб” мақбарасини ободонлаштириш ва уни туристик маршрутлар рўйхатига киритиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилган эдилар. Ушбу мурожаат юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев мазкур ноёб обидани ободонлаштириб, уни мамлакатимиздаги туристик маршрутлар рўйхатига киритиш масаласида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига депутатлик сўрови билан мурожаат қилган эди. Натижада, маҳаллий ижро ҳокимият томонидан “Чашмаи Айюб” мақбарасида ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилиб, Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари А.Раҳмонов мазкур тарихий қадамжога ташриф буюрди ҳамда қурувчи ва ҳашарчилар билан дилдан суҳбатлашди.

Партиянинг Ромитан туман Кенгаши томонидан “Ўба” МФЙда ўтказилган сиёсий-ўқув ҳам фуқаролар сиёсий билимини янада бойитди. Қатор сиёсий маълумотлар билан бир пайтда жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга ҳам алоҳида урғу берилди. Партиянинг Жондор, Қоракўл ва Шофиркон туман кенгашларида ҳам бундай сиёсий ўқувлар намунали тарзда ташкил этилди.

Айтиш жоизки, ўқувларда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, партиянинг вилоят Кенгаши раиси в.б. Мақсуд Ҳамидов, туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари, маҳалланинг лекторлари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов фуқароларни қабул қилар экан, улардан келиб тушган мурожаатларни бирма-бир тинглаб, ўзининг таклиф ҳамда тавсияларини берди.

Партия томонидан ўтказиладиган ҳар бир сиёсий ўқувда маҳалла фуқароларининг, шу билан бир қаторда уюшмаган ёшларнинг ҳам сиёсий билими бойитилаётир, албатта, бундан кўзланган асосий мақсад ҳам битта – ташаббускорларни кўпайтириш ҳамда аҳолининг сиёсий маданиятини шакллантиришдир.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Сиёсий саводхонликни оширишда партиямизнинг ўрни was last modified: Сентябрь 14th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »