Танқидий таҳлил – самарали фаолият

11 Сентябрь, 15:00 • Ижроқўм, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 29 марта кўрилди • Комментариев к записи Танқидий таҳлил – самарали фаолият нет

Куни кеча Фарғона шаҳрида вилоят партия Кенгаши Ижроия Қўмитасининг 17-сонли йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибидан партия тизимида кадрлар заҳираси билан ишлаш механизмини такомиллаштириш, “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси учун 2018 йил обунасини самарали ташкил этиш, шунингдек, Кенгашнинг “Одоб-ахлоқ комиссияси” фаолиятини жонлантириш каби муҳим масалалар ўрин олди.

Жорий йил Юртбошимиз томонидан Парламент палаталари, сиёсий партиялар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолияти танқидий муҳокама этилиб, сиёсий тизимдаги ҳар бир йўналиш атрофлича таҳлил этилди.

Жумладан, партия ишида кадрлар заҳирасини шакллантириш ва уларнинг малакасини ошириш, партиянинг муносиб фаолларини давлат хизматига тавсия этиш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаганлиги Давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилгани айни ҳақиқат.

Маълумки, вилоятимизнинг мавжуд барча партия кенгашларида июль-август ойларида навбатдаги Пленум мажлислари ўтказилди. Пленумларда Юртбошимиз томонидан 2017 йил 12 июль кунги видеселекторда белгилаб берилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ушбу чора-тадбирлар дастурининг учинчи бандини ижросини таъминлаш мақсадида, туман-шаҳар партия Кенгашлари раислари томонидан маҳаллий Кенгаш раисларига, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимларига, унинг ўринбосарларига номзодлар шакллантирилди. Мазкур топшириқ ижроси айрим туманлар (Бувайда, Қува, Бағдод, Тошлоқ, Сўх) томонидан ханузга қадар тугалланмагани йиғилишда танқид остига олинди.

Дилноза Эрматова, вилоят партия Кенгаши мутахассиси:

Туман-шаҳар партия Кенгашлари раислари шуни алоҳида эътиборга олишларини истардимки, кадрлар заҳирасини бирор иш билан машғул бўлмаган, ҳозирча заҳирада бўлиб, бўшайдиган лавозимларга сайланишини кутиб ўтирган партия аъзолари (ходимлари) гуруҳи, деб тушунмасликлари керак. Аслида бу аниқ участкаларда иш олиб бораётган, шахсий фазилатлари ва тажрибаси уларни партиянинг рахбар ва ижро органларига партия аппаратида, сайланадиган актив таркибида муайан лавозимларни эгаллаш учун бўлажак номзодлар деб ҳисоблаш, шунингдек навбатдаги сайловларда уларни депутатликка номзод сифатида кўрсатиш имконини берадиган одамлардир.

Мажлис давомида кун тартибидаги иккинчи масала — Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзоларининг Одоб-аҳлоқ қоидалари таҳлил этилди.

Ўтган йил вилоят партия Кенгашининг 8-сонли Ижроия Қўмита мажлисида Одоб-аҳлоқ комиссияси таркиби тасдиқланган эди. Жорий йилга қадар мазкур Комиссия ўз фаолиятини самарали йўлга қўймагани, белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмаганликлари учун партия ходимлари ўртасида муроса этикасидан четлашиш ҳолатлари кузатилди. Мажлисда мавжуд таркиб Ижроия Қўмита аъзолари томонидан қайта  қайта кўриб чиқилди ва “Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоларининг Одоб-ахлоқ қоидалари Низоми”га асосида янги таркиб шакллантирилди.

Шунингдек, йиғилишда партиянинг расмий нашри бўлган “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси учун 2018 йил обунасини самарали ташкил этиш тўғрисида матбуот котиби К. Исраилованинг маърузаси тингланди. Котиб томонидан туман-шаҳар партия Кенгашларидаги БПТлар, партиянинг маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар қаноти” етакчиларини обунага жалб этишда сусткашликка йўл қўйилаётгани таъкидлаб ўтилди. Йиғилиш иштирокчилари фикрларига кўра, партия ходимлари, депутатлари ва етакчилари, фаолларининг эркин фикри учун очиқ майдон сифатида хизмат қилувчи ушбу нашр барча қатламга етиб бориши зарурлиги эътироф этилди.

Йиғилишда кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Қудрат МАТКАРИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.

Танқидий таҳлил – самарали фаолият was last modified: Сентябрь 11th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »