BMT bosh assambleyasi 2017

Тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтириш сари

20 Сентябрь, 18:04 • Муносабат, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 144 марта кўрилди • Комментариев к записи Тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтириш сари нет

Муҳтарам Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб сўзлаган нутқини юртдошларимиз, бутун жамоатчилигимиз қаторида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг парламент ва маҳаллий кенгашлардаги барча депутатлари ҳамда фаолларимиз юксак фахр ва ифтихор билан қабул қилмоқда.

Ушбу воқелик, шубҳасиз, мамлакатимизнинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги роли ва ўрнини янада кучайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини чуқурлаштиришда тарихий аҳамиятга эга, десак янглишмаймиз.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Саммит иштирокчилари эътиборини бугун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган бир қатор долзарб масалаларга қаратиб, уларнинг ечими юзасидан мақбул таклифларни илгари сурганлиги барчамизни тўлқинлантирди.

Юртбошимиз Ўзбекистонни жадал ривожлантириш йўлида барча соҳаларда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлардан кўзланган мақсад – «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган тамойилни амалга ошириш, демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бу борада халқимизнинг хохиш-истаклари асосида қабул қилинган кейинги беш йилликка мўлжалланган Ҳаракатлар Стратегияси  ҳаётга изчил жорий этилаётганлигини қайд этдилар.

Айниқса, 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани ҳамда ушбу ислоҳотлар пировардида халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши хусусида ишонч билан билдирган фикрлари кўпчилик давлатларнинг ҳавасини келтирган бўлса ажаб эмас.

Шу билан бирга, Шавкат Миромоновичнинг мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида халқаро ташкилотлар билан изчил ҳамкорлик олиб борилаётгани, эндиликда барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти парламент ва фуқаролар томонидан доимий назорат қилиб борилаётгани, бу борада сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг роли ортиб, суд органларининг чинакам мустақиллиги таъминланаётгани ҳақидаги фикрлари бизни жуда руҳлантирди.

Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро муносабатларда тутган ҳал қилувчи ўрнига юксак баҳо берган ҳолда Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг босқичма-босқич ислоҳ этилиши тарафдори эканлиги ҳамда Хавфсизлик Кенгашини бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтириш зарурлиги ҳақидаги фикрлари ҳам ҳақиқатда долзарбдир. Зеро, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам халқаро жамиятнинг БМТ тизимини кучайтиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларини янги демократик дунёвий ҳамжамият яратиш томон ташланган муҳим қадам сифатида қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ўзининг бугунги ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётгани, минтақада барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничиликни ривожлантириш, ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори эканлигини қайд этганлиги ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Ҳақиқатдан ҳам, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли кейинги ойларда минтақамизда сиёсий ишонч даражаси сезиларли даражада ошиб, кўплаб масалалар бўйича принципиал жиҳатдан муҳим ечимлар топишга эришилгани бугун минтақа халқларининг тарихий илдизлари ва мақсадлари муштарак эканлигини яна бир бор исботлади, десак муболаға бўлмайди.

Бу ўринда Шавкат Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш борасида илгари сурилган таклифни минтақа халқлари тақдири учун жонкуярлик намунаси сифатида баҳолашимиз мумкин.

Қолаверса, Президентимиз юксак минбардан туриб Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратар экан, минтақада умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш ва Орол бўйидаги экологик муаммони бартараф этиш масалаларига яна бир бор дунё ҳамжамиятининг диққатини қаратгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, “Адолат” СДП ҳам яқин қўшни давлатлар билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат юритаётган давлат сиёсатини маъқуллайди ҳамда минтақамизда экологик барқарорликни таъминлашни ўта муҳим вазифа, деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, Юртбошимизнинг қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёр эканлиги борасида билдирган қатъий позициясини партиямиз фракцияси тўла қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ саммитида туриб халқимиз тақдири ва мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида билдирган долзарб ташаббусларни рўёбга чиқаришда депутатларимиз ва фаолларимиздан фидойилик талаб этилади. Жойларда ўтказиладиган учрашув ва мулоқотлар давомида мазкур тарихий нутқнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилигимиз, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда ҳам биз, халқ вакиллари фаол бўлмоғимиз зарур.

Наримон Умаров,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтириш сари was last modified: Сентябрь 20th, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »