Тинчлик ва мустақиллик – бебаҳо неъмат

6 Сентябрь, 12:22 • БПТ, Бухоро вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 85 марта кўрилди • Комментариев к записи Тинчлик ва мустақиллик – бебаҳо неъмат нет

Ўзбек ўғил-қизларининг қадди қомати, ҳуснию чиройи илгаригидан бутунлай фарқ қилаётганига эътибор берганмисиз? Мустақиллик халқимизга эркинлик билан бирга ҳақиқий ўзбекона чиройни, қора кўзу камон қошларни ҳам қайтиб бергандай. Фарзандларимизнинг бўйи бастига, айниқса, қизларимизнинг ҳуснига қараб қувонаман. Ва беихтиёр ўтган асрнинг 80-йиллари қиз-жувонлари кўз олдимга келади.

Холаларим, аммаларим, янгаларим… Мушфиқ қишлоқ аёллари. Улардан қора кўзларни, камон қошларни, сарв қоматларни қидириш беҳуда эди. Чунки оғир турмуш шароити ўзбек аёли гўзаллиги-ю саломатлигининг кушандасига айланганди.

Бугунги кунда фарзандларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаётгани, мустақил фикрлайдиган, Ватан тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етаётганидан фахрланамиз. Ота-она учун ўз дилбандининг бахтини, ютуқларини кўришдан, унинг ортидан раҳмат эшитишдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Мустақиллик бизга мана шундай бахтиёрликни берди.

Куни кеча Ўзбекистон «Адолат» Бухоро вилоят Кенгашининг барча туман ва шаҳар ташкилотлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда вилоят ҳудудларида уюшмаган ёшлар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар уюштирилди.

Таъкидлаш ўринлики, партия бошланғич партия ташкилотлари аъзолари жойларда мустақиллик арафасида қатор хайрли ишларни амалга оширишмоқда.

Хусусан, партиянинг Бухоро туман кенгашидаги маданият ва аҳоли дам олиш марказида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти аъзолари томонидан ҳудуддаги маҳалла болажонлари учун катта байрам тадбири ташкил этилди. Ушбу тадбирда партиянинг вилоят ва туман кенгаши ходимлари, бошланғич партия ташкилоти аъзолари, маҳалла фуқаролари ҳамда хайрихоҳлар иштирок этди.

Бухоро туман қўғирчоқ театри жамоаси ўз чиқишлари билан болажонларнинг завқига завқ, кулгусига кулгу улашди. Улар орасида турли ўйинлар ташкил этилди.

БПТ аъзолари томонидан фаол иштирок этган болажонларга партия эсдалик совғалари улашилди, тадбир иштирокчилари учун байрам дастурхони ёзилди.

Бундай тадбирларни ташкил этишдан мақсад ёшларда Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат туйғусини мустаҳкамлаш, уларни юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида бирлаштириш, турли жабҳаларда фаолият кўрсатаётган ёшлар ўртасида ўзаро илмий-ижодий ҳамкорлик муҳити ва дўстлик алоқаларини ривожлантириш, юксак салоҳиятли, иқтидорли, ташаббускор, таълим ва меҳнат фаолиятида юқори натижаларга эришаётган ёшларни рағбатлантиришга қаратилган.

Собир БОТИРОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши бош мутахассиси.

Тинчлик ва мустақиллик – бебаҳо неъмат was last modified: Сентябрь 6th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »