Туманда “Адолат” билимдони аниқланди

28 Сентябрь, 15:17 • Бухоро вилояти, Кўрик-танлов, Янгиликлар • 58 марта кўрилди • Комментариев к записи Туманда “Адолат” билимдони аниқланди нет

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида мамлакат келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди. Дарҳақиқат, бугунги кунда ёшлар фаолиятига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Улар учун шароитлар, имкониятлар яратилмоқда. Имкониятдан унумли фойдаланиб, ўз маҳоратини кўрсата олиш эса фақат ёшларнинг ўзига боғлиқ. Партиямиз ёшларнинг ҳар томонлмама ривожланишига, таълим олишига жуда катта эътибор қаратар экан, хусусан, уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти, нутқ маданиятини ўстириш, фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш борасида қатор амалий ҳаракатлар қилиб келмоқда. Жумладан, “Адолат билимдони” кўрик-танловининг ташкил этилиши ҳам юртимиз ёшларининг сиёсий ва ҳуқуқий билим салоҳиятини янада мустаҳкамлашга кўмак беради.

Бугунги кунда ушбу республика кўрик-танловининг жойларда туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда. Партиянинг Бухоро туман Кенгашида ўтказилган ушбу кўрик-танлов ёшлар учун яна бир имкониятни очиб берди.

Жамиятда қонун устуворлиги ва барқарорлигига эришиш, мамлакатимизда эркин демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишга кўмаклашиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий, сиёсий таълим-тарбияни янада такомиллаштириш, давлат ва жамият бошқаруви моҳияти ҳақида ёш авлодга тушунчалар бериш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда ёшларнинг иштирокини таъминлаш, ёшларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий фаоллигини янада оширишни ўз олдига мақсад ва вазифа қилиб қўйган ушбу танловда Бухоро туман ёшлари жуда фаол иштирок этди. Ўзларининг сиёсий билим ва қобилиятларини кўсата олишди.

Кўрик-танловда Галаосиё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи, Педагогика коллежи, Қурилиш ва транспорт коллежи, Бухоро туман Саноат коллежи, Галаосиё Иқтисодиёт коллежи ўқувчилари ўзаро беллашишди. Танлов иштирокчилари 3 та шарт доирасида куч синашар экан, албатта, ўзларининг сиёсий билим ва маҳоратларини намоён этишди.

Биринчи “таништирув” шартида Галаосиё Қурилиш ва транспорт коллежи ўқувчиси Барфия Рўзиева таълим олаётган муассасасини жуда чиройли видеоролик тарзида кўрсата билди. Барча тадбир қатнашчиларининг олқишларига сазовор бўлди.

Иккинчи “савол-жавоб” шартида эса Галаосиё қишлоқ хўжалиги ўқувчиси Озодбек барча саволларга тўлиқ ҳамда батафсил жавоб берди. Партиямизнинг устав ва сайловолди дастури асосида тузилган саволларга жавоб бериш орқали ўз сиёсий билимини янада бойитди.

Учинчи “уй вазифаси” шартида эса барча иштирокчилар ўзларининг қобилиятлари, иқтидорларини юқори даражада кўрсата билишди. Хусусан, Галаосиё Педагогика коллежи ўқувчиси Дурдонанинг маҳорати ҳаммани қойил қолдирди. У ўз ижоди билан партиямизни жуда чиройли тасвирлаб берди.

Ҳайъат аъзолари адолат мезонига таянган ҳолда барча иштирокчиларни баҳолар экан, Галаосиё Қишлоқ хўжалик талабаси Озодбек Бозоров биринчи ўринга лойиқ деб топилди. Иккинчи ўрин Галаосиё Қурилиш ва транспорт коллежи ўқувчиси Барфия Рўзиевага, учинчи ўрин эса Галаосиё Педагогика коллежи ўқувчиси Дурдона Тошевага насиб этди. Барча ғолиблар партиянинг эсдали совғалари ҳамда диплом, фахрий ёрлиқлари билан тақдирланишди.

 

Гулчеҳра ТОЖИЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро туман Кенгаши раиси.

Туманда “Адолат” билимдони аниқланди was last modified: Сентябрь 28th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »