“Ҳуқуқий маслаҳатхона” аҳолига беминнат хизмат кўрсатади

15 Сентябрь, 11:12 • Тошкент шаҳри, Ҳуқуқий маслаҳатхона, Янгиликлар • 49 марта кўрилди • Комментариев к записи “Ҳуқуқий маслаҳатхона” аҳолига беминнат хизмат кўрсатади нет

Сўнгги йилларда юртимизда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, фуқаролар ўртасида ҳуқуқий тарғиботни такомиллаштириш, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий таълим-тарбия олишини янги босқичга кўтариш, унинг сифатини тубдан яхшилаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланиб, бу борада қатор вазифа ва чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада кучайтириш, миллий қонунчилик тизими ва қонун нормалари, шунингдек, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисидаги билимларини ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади.

Мазкур ҳамкорлик меморандуми доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Бектемир туман Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Бектемир туман ҳудудий бошқармаси томонидан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар Бектемир туман бўлинмаси бошқаруви биносида ҳафтанинг душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба ва жума кунлари фуқароларга бепул юридик хизмат кўрсатувчи “Ҳуқуқий маслаҳатхона” ўз фаолиятини бошлади.

Суюн Ашуров, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бектемир туман Кенгаши раиси:

— Мамлакатимизда ҳар бир инсон кундалик фаолиятида турли масалада ҳуқуқий маслаҳатга эҳтиёж сезади. Айниқса, туманимизда ўн иккита маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, туман аҳолисининг умумий сони 44 мингдан ортиқ кишини ташкил этишини ҳисобга олсак, аҳолининг ҳуқуқий соҳадаги долзарб муаммоларини ўрганиш, уларга малакали адвокатлар томонидан маслаҳатлар бериш, шу билан бирга ушбу муаммоларнинг қонуний ечимини топиш катта аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.

Таъкидлаш керак, “Ҳуқуқий маслаҳатхона”нинг қисқа муддатли фаолияти доирасида аҳолидан  уй-жой ва мулк, кўчмас мулкни ижарага бериш, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатлар, оила ҳуқуқи, тадбиркорлик соҳаси, истеъмолчилар ҳуқуқи каби мавзуларда  турли мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, “Зилола” маҳалласида истиқомат қилувчи, 1955 йилда туғилган фуқаро Зуҳра Бўрибоева келинига мерос қилиб қолдирилган кўчмас мулкни расмийлаштириш тартиби ва керакли ҳужжатларни йиғиш юзасидан қилган мурожаати бўйича “TDA Bektemir advokatlari” адвокатлик фирмаси адвокати Дилором Каримова томонидан юридик маслаҳат берилди. Шунингдек, “Роҳат” маҳалласида яшовчи нафақахўр Людмила Николаева бир йил муддатга Ш.Муратов билан турар-жой ижара шартномаси тузилгани, бироқ ижарачи 9 ойдан сўнг ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, ижарада шартномасида кўрсатилган ва коммунал тўловларни тўламасдан чиқиб кетгани, бунга қонуний чора кўриш хақида ёрдам сўради ва унга тегишли ҳуқуқий маслаҳат берилди.

— Албатта, туманимизда партия ташаббуси билан бу каби хайрли ишларни олиб борилиши барчамизни бирдай қувонтиради, — деди “Абай” маҳалласида яшовчи Искандар Айменбетов. — Сабаби, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кенг тушунтириб борилиши, аҳолига, айниқса, чекка ҳудудларда яшайдиган фуқароларга ҳуқуқий билимларини ошириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Демак, одамларнинг сиёсий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини ошириш масаласига бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида қаралаётган экан, бу ишга нафақат “Ҳуқуқий маслаҳатхона” орқали, балки ҳар куни масъулият билан ёндашишимиз керак.

Феруз ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби.

“Ҳуқуқий маслаҳатхона” аҳолига беминнат хизмат кўрсатади was last modified: Сентябрь 15th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »