Уруш фахрийларига эҳтиром

15 Сентябрь, 15:33 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 49 марта кўрилди • Комментариев к записи Уруш фахрийларига эҳтиром нет

Мамлакатимизда кекса авлод вакилларини, айниқса, иккинчи жаҳон уруши фахрийларини эъзозлаш, рағбатлантириш ва ҳурматларини жойига қўйиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Мазкур ҳужжатда дунёни фашизм балосидан асраш учун олиб борилган жангларда қаҳрамонлик кўрсатган фахрийларни ижтимоий муҳофаза қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Бу борада олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида гап кетар экан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган туман кенгаши фаоллари ҳам қатор тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб бермоқдалар. Масалан, улар Хонобод қишлоғида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдусалом ота Раҳмоновни кўп йилдан бери ғамхўрлик оғушига олишган. Собиқ фронтчининг ҳолидан доимо хабар олиб турилади. Айниқса, турли байрамлар, тарихий саналар арафасида бу хонадон одамлар билан гавжум бўлади. Яқинда ана шундай ҳолат яна бир бор такрорланди.

Гап шундаки, юқорида зикр этилган фармойиш асосида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг муборак Ҳаж зиёратига бориш бўйича билдирган истаклари ҳамда “Нуроний” жамғармасининг таклифи инобатга олиниб, фахрийларни Президент томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан Ҳаж зиёратига юбориладиган бўлган эди. Бу иш бир қатор мутасадди ташкилотлар иштирокида амалга оширилди. Мамлакатимизнинг турли ҳуддудларида истиқомат қилувчи етмиш нафардан ортиқ фахрийлар муқаддас ҳаж сафарига бориб келдилар.

Улар орасида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан 46 киши бор эди. Наманган тумани Хонобод қишлоғида яшовчи 93 ёшли Абдусалом ота Раҳмонов ана шу эҳтиромга сазовор бўлган инсонлардан бири. У бир неча йил фронтда Ватан озодлиги учун олиб борилган шиддатли жангларда қатнашди. Урушдан қайтгач, 55 йил ёшларга таълим-тарбия берди. Бугунги кунда эл корига яраб турган фарзандларни тарбиялаб вояга етказди. Отахон ҳозир ҳам ёшлар билан тез-тез учрашиб туради. Ўзаро суҳбатларда уларга бугунги тинч, фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш лозимлигини уқтиради.

Уруш фахрийсининг ўғилларидан бири – Абдулбоқи Раҳмонов Наманган муҳандислик-технология институтида ёшларга таҳсил беради, фан номзоди. У ҳаж зиёрати давомида отасига ҳамроҳлик қилди. Ватан учун жонини ҳам аямаган инсонларга давлатимиз қандай ғамхўрлик қилаётганлигини ўз кўзи билан кўрди. Унинг айтишича, тўқсон ёшдан ўтган зиёратчиларни кўриб дунёнинг бошқа давлатларидан келган зиёратчилар ўта ҳайратланилган. Уларнинг сафари давлат томонидан бепул уюштирилганлигини эшитиб эса ҳайратлари янада ошган.

Шу кунларда қишлоқ марказидаги Абдусалом ота Раҳмонов яшайдиган хонадон меҳмонлар билан гавжум. Унинг ҳаж зиёратини адо этиб келганини эшитган узоқ-яқиндаги қариндош-уруғлари, таниш-билашлари, маҳалладошлари муборакбод этиш учун ташриф буюрмоқдалар. Отахон ҳам қўлларини дуога очиб, эл-юртни дуо қилиб, халқимизга тинчлик-омонлик тиламоқда.

Ёрқиной Ҳожиматова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган туман Кенгаши раиси:

Ҳа, вақт, замон ўтаверади. Лекин иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида жасорат кўрсатган аскарларнинг мардлиги ва қаҳрамонлиги унутилмайди. Халқимиз улардан ҳамиша миннатдор. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 9 майда Хотира ва Қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган қабул маросимидаги нутқида таъкидлаганидай, “Айни пайтда ҳаммамиз яхши тушунамизки, барчамизни тарбиялаб, вояга етказган, ҳаёт йўлларида бизга таянч ва суянч бўлган сиздек табаррук инсонлар олдида биз доимо қарздормиз. Шунинг учун ҳам ҳурматли нуронийларимизга эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жумладан, пенсияларини ошириш, тиббий хизмат ва ижтимоий-маиший таъминотини яхшилаш, ёлғиз қария ва ногиронларга давлат кўмагини кучайтириш бундан кейин ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлади. Бу масала қаерда, қайси лавозимда ишламасин, юртимиздаги ҳар бир инсон, айниқса, раҳбарлар фаолиятида ҳамиша биринчи ўринда туриши, уларнинг нафақат вазифаси, балки инсоний бурчига айланиши керак.” Партиядошларимиз ҳам ўз фаолиятларини мана шу фикрлар асосида қуришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Уруш фахрийларига эҳтиром was last modified: Сентябрь 15th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »