Қўштепада сайёр қабул иш бошлади

15 Сентябрь, 17:11 • Партия лойиҳаси, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 103 марта кўрилди • Комментариев к записи Қўштепада сайёр қабул иш бошлади нет

Куни кеча Марғилон шаҳрида вилоят партия Кенгаши раиси ва ўринбосарларининг сайёр қабули ташкил этилган эди. Бугун мазкур қабул Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Марифжон Холдаров бошчилигида Қўштепа туманининг “Файз”, “Болтакўл”, “Ойдинкўл”маҳаллаларида ҳам бўлиб ўтди.

Маҳалла аҳли мазкур қабулни мамнуният билан кутиб олди ва турли таклиф ва мурожаатлар бўйича партия вакиллари билан очиқ мулоқот олиб бордилар. “Файз” маҳалласи ҳудудидаги 19-сонли ўрта умумтаълим мактаби директори Нуриддин Хайдаровнинг айтишича, ушбу мактабда ўқувчиларнинг техникага интилишлари ва қизиқишлари катта эканлигига қарамай компьютер хонаси йўқлиги, бу бўйича директор туманда кўп ташкилотларга чиқиб овора бўлгани, лекин кутганидек натижага эришолмагани маълум қилинди. Шу билан бирга мактаб ҳудудида тоза ичимлик суви йўқлиги ҳам зарур масалалар қаторидан ўрин олди.

Шунингдек, “Файз” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдубоқи Хайдаровнинг мурожаатида шу ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролардан 1-гуруҳ ногирони — Ғайрат Йўлдошев ва Холтожи Қамчиевалар ногиронлик аравачасига муҳтож эканликлари билдирилди. Бу бўйича партиянинг халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Бахтиёр Мўминов туман тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўрови юборишни режалаштирди.

Муаммолардан яна бири мазкур маҳалланинг “Қоровултепа” кўчасида жойлашган 13-сонли мактабгача таълим муассасаси фаолияти икки йилдан буён тўхтаб қолгани, ишчилар ва ёш оилалар фарзандлари учун масофаси яқин бўлган бу муассаса жуда керак бўлаётгани Аҳад Алижонов томонидан таъкидлаб ўтилди. Вилоят партия Кенгаши раиси Марифжон Холдаров шу ернинг ўзида мазкур масалани атрофлича ўрганишга киришиб кетди.

Мулоқот давомида аҳоли томонидан тушаётган масалалар турлича бўлди, жумладан, “Қоровултепа” кўчаси номини ўзгартириш, “Ойдинкўл” маҳалласи ички йўлларини асфальтлаштириш, ички кўчаларда тоза ичимлик суви қувурларини ўрнатиш, маҳалладаги хавф келтириб чиқариш ҳолатига келиб қолган яроқсиз симёғочларни янгилаш, трансформаторларни алмаштириш каби зарур муаммолар вилоят партия Кенгаши томонидан мурожаатлар дафтарига қайд этилиб, мутасадди ташкилотларга сўров юборилиши мурожаатчиларга маълум қилинди.

Тиббий масалаларда Қўштепа аҳолиси билдирган муаммолардан асосийси, 87-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида умумий амалиёт шифокори етишмаслиги бўлди. Депутатларимиз ушбу масалани вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда ҳал этишни мақсад қилдилар.

Фуқароларимиз манфаатлари, сайловчиларимизнинг хоҳиш-иродасини аниқлаш учун ташкилланган бу сайёр қабул туман аҳолисида яхши таассурот қолдирди.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Қўштепада сайёр қабул иш бошлади was last modified: Сентябрь 15th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »