УСТОЗ УЛУҒ, УСТОЗ УЛУҒ!

29 Сентябрь, 16:12 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 127 марта кўрилди • Комментариев к записи УСТОЗ УЛУҒ, УСТОЗ УЛУҒ! нет

Навоий ҳазратлари ёзадилар:

  • Ота-она фарзандни дунёга келтириб, унинг осмондаги руҳини ерга олиб тушди. Ўқитувчи-устоз эса болани илму-ҳунарга ошно қилиб, уни ердан осмонга кўтарди. Шунинг учун устоз – отангдек улуғ дерлар.

Ҳақиқатан ҳам ўқитувчилик касби халқимизнинг кўп минг йиллик маънавий қарашлари тарихида юксакликка кўтарилди. Фарзандини илмли қилиш мақсадида домлага олиб борган ота “Эти сизники, суяги бизники”деганида илм йўлида фарзандини ҳар қандай қийинчиликка тайёр эканлигини таъкидлаган бўлса не ажаб!

Давлатимиз истиқлолининг дастлабки кунларидан бошлаб бугунги шукуҳли онларида ҳам ўқитувчи – устозлар ҳар томонлама қадрланиб келмоқдалар. Шу йилларда бошқа соҳа вакилларидан фарқли равишда ўқитувчиларнинг иш ҳақлари бир неча бор оширилганлиги, уларнинг иш шароитлари ҳам яхшиланганлигини собиқ иттифоқ даврида ҳам ўқитувчилик қилганлар яхши англайди. Айниқса Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан 1-октябрни “Устоз ва мураббийлар куни” деб аталиши, бу кунни умумхалқ байрами – дам олиш куни этиб белгиланганлиги устозларимиз қалбини шодликка тўлдириб келмоқда.  Мамлакатимизда нишонланадиган бошқа улуғ байрамлар олдидан юртдошларимизга бериладиган давлат мукофотларидан бошлаб энг олий – “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонига сазовор бўлганлар орасида ўқитувчилар салмоқли ўринни эгаллайди. Бу ҳам шахсан юртбошимизни, раҳбарларимизни, халқимизни устозга, унинг машаққатли касбига бўлган ҳурмати деб билиш лозим. Куни кеча Президентимиз томонидан қабул қилинган “Нодавлат таълим муассасаларини қўллаб қувватлаш” борасидаги қарори юртимизда илм- маърифатли ёшларни ҳар томонлама юксалтириш билан бирга ўқитувчиларга ҳам янги ва даромадли иш ўринлари яратилишини таъминлайди. Бу қарор ҳам билимли, тажрибали, бола қалбига йўл топа оладиган ўқитувчиларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида ёзадилар:

-Барчамизга аёнки, инсон қалбига йўл аввало таълим-тарбиядан бошланади. Шунинг учун қачонки бу ҳақда гап кетса, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни эслаш билан бирга, ота-оналаримиз қатори биз учун энг яқин бўлган яна бир буюк зот — ўқитувчи ва мураббийларнинг олижаноб меҳнатини ҳурмат билан тилга оламиз. Биз юртимизда янги авлод, янги тафаккур соҳибларини тарбиялашдек масъулиятли вазифани адо этишда биринчи галда ана шу машаққатли касб эгаларига суянамиз ва таянамиз, эртага ўрнимизга келадиган ёшларнинг маънавий дунёсини шакллантиришда уларнинг хизмати нақадар беқиёс эканини ўзимизга яхши тасаввур қиламиз.

Ўқитувчилик  касби давлатимиз ва халқимиз томонидан шунчалик қадрланаётган экан – биз ўқитувчилар ҳам энди ўз ишимизга бошқача масъулият билан ёндошишимиз лозим. Севиб томоша қиладиган “Суюнчи” фильмимизда шундай сўз бор:

  • Бувинг қишлоғимизнинг виждони эди!

Қишлоқнинг виждони бўлгани каби назаримда қишлоқнинг ҳарактери ҳам бор. Бир қишлоқда яшовчи аҳолининг бир-бирига мос, ўхшаш томонлари мавжуд. Кўп йиллик тажрибамга асосан айтишим мумкинки қишлоқнинг ҳарактерини шу қишлоқдаги мактаб яратади! Шу мактабдаги ўқитувчиларнинг ҳарактери ўқувчиларнинг тарбиясига, бора-бора уларнинг ҳарактеридаги ўзгаришларга сабаб бўлади. Демак, қайси мактабда ижтимоий-руҳий муҳит яхши бўлса, ўқитувчилар юксак маданиятли, маънавиятли бўлса фарзандларимизга ҳам шу фазилатлар “юқади”. Бугунги глобаллашув кучайган даврда фарзандларимизни ҳар хил сохта маданиятлар ва менталитетимизга хос бўлмаган урфлардан сақлашда ҳам мактабнинг, айнан ўқитувчининг ўрни жуда катта.

Педагогикада бола тарбиясига таъсир этувчи омиллар қуйидагиларда кўрсатилади:

  1. Ирсият
  2. Оила
  3. Регент гуруҳ, яъни атрофдагилар

Тўғри фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни жуда муҳим, ота-она фарзанд қалбини яратади, унда мафкуравий иммунитетни вужудга келтиради Бироқ айрим ота-оналаримизнинг ўзларида мафкуравий иммунитетни камлиги улар тарбия қилган фарзандларга таъсир қилиб, уларни турли оқимларга тортиб кетаётганлиги сир эмас. Агар ота-онада мафкуравий иммунитет паст бўлса биз ўқитувчилар ёрдамга боришимиз — бизнинг муқаддас вазифамиздир. Ота-оналарда педагогик билимлар йўқлиги уларнинг ўз фарзандлари билан гаплаша олмаслигида кўринади. Бундай жараёнда мактабга, устозларга яна бир вазифа юкланадики, энди биз ота-оналарни педагогик билимлар билан, бола психологиясида ўсиш ёшига доир ўзгаришлар, психологик кризислар ва уларни бартараф этиш йўллари каби билимлар билан қуроллантиришимиз керак. Демак ўқитувчи бўлиш учун фақат диплом эмас, тинимсиз изланиш, билим орттириш, бола қалбини забт эта оладиган эмпатик ва симпатик маҳорат муҳим рол ўйнайди. Яхши устоз бўлиш, фарзандларни эргаштириа олиш учун ўқитувчининг ўзи шу фарзандларни сева олиши зарур. Ўқитувчига хос фазилатларни санайверсак ўқитувчилик бу фидоийлик эканлигини тушунамиз .

Юртимизда байрам шукуҳи кезиб юрган айни пайтда барча ўқитувчи ва мураббийларни касб байрамлари билан табриклайман. Истайман ва ишонаман юртимиз ўқитувчилари ўз зиммаларига олган вазифаларини сидқидилдан адо этадилар, жонажон ватанимиз келажагини яратадиган ёшларимизни комил фарзандлар этиб тарбиялашда бор билим ва маҳоратини аямайдилар.

Байрам муборак бўлсин, азиз устозлар!

Эшниёзов МУҲАММАД,

халқ депутатлари Хатирчи тумани кенгашидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП депутати.

УСТОЗ УЛУҒ, УСТОЗ УЛУҒ! was last modified: Сентябрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »