Omonulla Ibragimov

Уюшмаган ёшлар билан мулоқот

22 Сентябрь, 15:08 • Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 85 марта кўрилди • Комментариев к записи Уюшмаган ёшлар билан мулоқот нет

Тошкент шаҳридаги “Гавҳар” маҳалласида Ўзбекистон “Адолат” СДП Чилонзор тумани кенгаши томонидан “Уюшмаган ёшлар билан мулоқот” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Партиямизнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда уюшмаган ёшларнинг қизиқишларини ўрганиш, уларни меҳнатга жалб қилиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига эътибор қаратилди.

Давра суҳбатида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Омонулла Ибрагимов давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 24 майда қабул қилинган “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ҳудудларда ишга жойлашишга эҳтиёжманд фуқаролар, айниқса, банд бўлмаган ёшлар ва имконияти чекланган шахсларни иқтисодиёт ҳамда меҳнат бозорининг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашиш муҳим вазифамиз эканини таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, маҳаллаларда ижтимоий фаол, маълум малака ва касб-ҳунарга эга, бироқ уйда ўтирган ёшлар, аёлларни меҳнатга жалб қилиш, устоз-шогирд анъанасини йўлга қўйиш уюшмаган ёшлар, аёллар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Тадбир давомида маҳалла ёшлари ўзларининг тикувчилик, каштадўзлик, ҳунармандчилик намуналарини намойиш этишди.

— Бир неча йилдан бери тикувчилик билан шуғулланиб келаман, — деди Муқаддас Пўлатова. — Миллий матоларимиздан тикилган кўйлак, турли кийим-кечаклар маҳалладошларимизнинг ҳавасини келтиради. Шунингдек, маҳалламизда тикувчиликка қизиқиши бор қизлар учун тўгарак ташкил қилинган бўлиб, уларга ушбу ҳунар сирларини ўргатаяпман.

— Учрашувда таъкидланган фикр-мулоҳазаларни тингларканман, уйда ўтириб ҳам ҳунармандчилик намуналари, турли пишириқлар, каштадўзлик, зардўзлик, келин сарполари ва бошқа харидоргир маҳсулотлар тайёрлаб сотиш хотин-қизлар учун қулай юмуш эканига амин бўлдим. Қизлар билан бирга ана шундай ҳунарларни ўрганиш истаги пайдо бўлди, — дейди Зулфия Тожиева.

Тадбир якунида уюшмаган ёшларнинг фикр-мулоҳазалари ва қизиқишлари инобатга олиниб, улар маҳаллада ташкил этилган касб-ҳунар тўгаракларига жалб этилди.

Феруз ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Уюшмаган ёшлар билан мулоқот was last modified: Сентябрь 22nd, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »