Ўзаро фойдали, изчил ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш йўлида

15 Сентябрь, 11:36 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 95 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзаро фойдали, изчил ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш йўлида нет

Маълумки, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси асосий йўналиш сифатида устуворлик касб этади. Шу боис, жорий йилнинг 7 февралида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар белгилаб берилган. Бунинг учун Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан турли соҳаларда конструктив ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги Ҳаракатлар Стратегиясида алоҳида қайд этилган.

Ҳаракатлар стратегиясида айнан Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилгани бежиз эмас, албатта. Чунки мамлакатимизнинг ҳаётий муҳим манфаатлари ушбу минтақадаги бизга қўшни мамлакатлар билан чамбарчас боғлиқ.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикасит Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг  Марказий Осиёдаги қўшни давлат — Қирғизистонга ташрифи яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Ушбу ташриф мобанйида икки давлат ўртасида барча соҳадаги алоқаларни кенгайтириш, истиқболда амалга ошириладиган ҳамкорликка оид масалалар кенг муҳокама қилинди.

Сўнгги бир йилдан бери Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги анъанавий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамланиб, ўзаро ҳамкорлик сезиларли равишда фаоллашди. Бир қатор олий даражадаги учрашувлар, ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида, айниқса, икки мамлакатнинг чегараолди вилоятлари ўртасида делегациялар ташрифи амалга оширилди.

Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган мулоқот ва сўзлашувлар давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар кенг муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасида тарихан шаклланган қардошлик ва аҳил қўшничилик муносабатлари икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Икки томонлама музокаралар давомида икки ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди. Хусусан, 2017 йилнинг ўтган даврида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бир олдингига нисбатан 60 фоиз ўсганлиги, айрим маълумотларга қараганда АҚШ доллар ҳисобида бу кўрсаткич 200 миллион долларга яқинни ташкил этганлиги, бироқ бу борада ҳали ишга солинмаган имкониятлар ҳали анча кўплиги, икки давлат ўртасидаги савдо айланмасини яқин йиллар ичида 500 миллион долларга етказиш мумкинлиги алоҳида  қайд этилди.

Икки давлат раҳбарлари аввалги мулоқотларида минтақада самарали транспорт йўлларини ривожлантириш, Қирғизистон ҳудуди орқали Хитой билан боғлайдиган қисқа -масофали темир йўл барпо этиш бўйича музокаралар олиб борган эди. Бу галги учрашувларда унинг ҳуқуқий асосларини яратишни жадаллаштириш бўйича келишиб олинди.

Олий даражадаги учрашув ва мулоқотлар давомида икки давлат ўртасида маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорлик, дўстлик ва қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада қатор истиқболли режалар белгилаб олинди. Умуман, икки томонлама музокаралар ўзаро муносабатлар изчил ривожланаётгани ва устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликнинг истиқболи порлоқ эканини яққол  намоён этди.

Музокаралар икки мамлакат ўртасида Қўшма баёнот ва Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартномани имзоладилар. Шуниси диққатга сазоворки, анчадан бери ҳал бўлмай келаётган чегара масалаларида яққол олдинга силжиш юз берди, 85 фоиздан зиёд чегара қисми бўйича ўзаро аҳдлашувга эришилган бўлса, чегаранинг қолган қисми бўйича ўзаро музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.

Бундан ташқари, Андижон ва Ўш, Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида, икки давлат Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Солиқ қонунчилигига риоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида, Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро, илмий-техникавий ҳамкорлик, Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар, Чегарадош минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси, Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум икки давлат парламентлари аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида тузилган бўлиб, ушбу ҳужжат билан икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш кўзда тутади. Хусусан, Меморандумда парламент фаолияти соҳасида тажриба алмашиш ва давлатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа йўналишлардаги алоқаларни кучайтириш назарда тутилган.

Олий Мажлис вакили сифатида мен айниқса, Президентимизнинг мазкур ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга бағишланган алоҳида ҳужжатнинг имзоланишини ижобий баҳолайман. Зеро, бугунги кунда дунё парламентлари ўзларининг анъанавий қонун ижодкорлиги фаолияти билан бирга глобал ва минтақавий масалаларни ҳал этишда ҳам тобора фаол иштирок этмоқдалар. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари ўртасида ўзаро мулоқотни жонлантириш иккала мамлакатнинг ҳамкорлик алоқаларини юқори босқичга олиб чиқишга, хусусан, Президентимизнинг мазкур ташрифи давомида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, инвестициявий ва технологик, маданий-гуманитар, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда эришилган аҳдлашувларни ҳаётга тўлиқ жорий қилишга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Давлатимиз раҳбари азалдан ёнма-ён, ҳамжиҳат яшаб келаётган ўзбек ва қирғиз халқларининг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш, уларнинг яқин қариндошлик асосидаги ўзаро алоқаларини янада ривожлантириш йўлида зарур бўладиган барча шарт-шароитни яратиш учун бор имконият ва салоҳиятимизни ишга солишимиз лозимлигига муҳим эътибор қаратди. Ш.М.Мирзиёев Қирғизистон билан ҳамкорлигимизнинг келажаги тўғрисида “Биз икки давлат ўртасида савдо-сотиқ бўлишини истаймиз. Савдо бўлиб турса, бизнес муҳити бўлса, ўзаро тушуниш бўлса ва биз уларга ҳалақит бермасак, биласизми, бизнинг ўртамизда қандай катта савдо айланмаси бўлади? Бу эса одамлар ўртасида дўстлик ва ишчи ўринлари бўлади деганидир” – деб алоҳида қайд этди.

Шубҳасиз, мамлакатимиз раҳбарининг Қирғистонга ташрифи икки мамлакатнинг ўзаро алоқаларида тарихий аҳамиятга эга бўлди. Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан бир дарёнинг икки қирғоғида, яқин қўшни сифатида яшаб келган. Тарихимиз умумий, маданий ва диний қадриятларимиз муштарак, анъана ва урф-одатларимиз ўхшаш. Машҳур адиб Чингиз Айтматов айтганидек, «Халқларимизнинг қони бир, тили бир». Мамлакатимиз Президентининг ушбу ташрифи Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очиш билан бирга, истиқбол учун янги уфқларини белгилаб бериб, икки қардош халқни бениҳоя хурсанд қилди. Ташриф давомида қатор стратегик соҳалар бўйича муҳим келишувларнинг имзоланганлиги мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида тарихий аҳамият касб этиш билан бирга, пировардида қардош ўзбек ва қирғиз халқлари манфаатларига хизмат қилади.

Шунингдек, ўтган ҳафтада мамлакатимиз раҳбари Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 9-10 сентябрь кунлари ушбу мамлакатга ташриф буюриб, Остона шаҳрида Мустақиллик саройида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида иштирок этди.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу нуфузли саммити “Фан, технологиялар, инновациялар ва ислом оламини модернизация қилиш” мавзусида бўлиб ўтди.

Маълумки, 2016 йил 18 октябрь куни Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтган эди, “Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори унинг асосий ғояси этиб белгиланган эди. Шу маънода, Остона саммитини Тошкентда ўтган сессиянинг мантиқий давоми, дейиш мумкин.

Саммитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, айни вақтда кўплаб мусулмон мамлакатлари илм-фан ва технологиялар соҳасида ривожланган давлатлардан сезиларли даражада орқада қолаётганини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатдан ҳам,  ИҲТга аъзо давлатларнинг фақатгина 11 та олий таълим муассасаси жаҳоннинг 500 та энг яхши университети рейтингидан ўрин олган, холос. Ёки 2015 йилда дунё бўйича патент олиш борасидаги мурожаатларда бу мамлакатларнинг ҳиссаси атиги биру ўндан тўққиз фоизни ташкил этган. Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда 2016 йилда эълон қилинган илмий мақолаларнинг қарийб 80 фоизи 7 та давлат ҳиссасига тўғри келган.

Президентимиз ўз нутқида шу тўғрида гапирар экан, фундаментал фан соҳаларини ривожлантириш, даврнинг долзарб муаммоларига илмий ечимлар топишга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўйиш ислом оламининг илмий-технологик салоҳиятини ошириш учун мустаҳкам замин яратишини алоҳида  қайд этди.

Ўзбекистон раҳбари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг 2016-2025 йилларга мўлжалланган Ўн йиллик ҳаракатлар дастури ва унинг устувор йўналишларини тўла қўллаб-қувватлар экан, глобал иқлим ўзгаришлари муаммосини бартараф этишда ҳамкорлик қилиш; илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграциялашган ҳамкорликни йўлга қўйиш; ИҲТга аъзо давлатлар ҳудудида олтита Юқори самарали компьютер марказини ташкил этиш тўғрисидаги тавсиясига мувофиқ, шундай марказлардан бирини Ўзбекистонда жойлаштириш; Ўзбекистонда Ал-Хоразмий хотирасига бағишлаб, ёш математиклар ўртасида Халқаро олимпиадани ташкил этиш; мусулмон дунёсида эришилаётган илм-фан ютуқларини муносиб тақдирлаш ҳамда уларни халқаро миқёсда оммалаштириш учун Ислом ҳамкорлик ташкилотининг махсус мукофотини таъсис этиш; муқобил энергия манбаларини кенг миқёсда ўзлаштириш мақсадида ушбу йўналишдаги илмий тадқиқот ишлари ва тажриба-инновацион лойиҳаларни биргаликда, хусусан, инвестициялар киритиш ҳисобидан амалга ошириш; Фан ва технологиялар бўйича саммитни ҳар уч йилда бир марта ўтказиш ва кейинги саммитни 2020 йилда Ўзбекистонда ўтказиш бўйича ўзининг муҳим таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.

Фан ва технологиялар бўйича саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат 80 га яқин делегация иштирок этди. Саммит якунида Остона декларацияси қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур саммитда иштирок этиш ва ўта муҳим масалаларда нутқ сўзлаш билан бирга саммит доирасида Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф ўани ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказди.

Президентимизнинг Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида иштирок этиб, давримизнинг долзарб муаммолари юзасидан ўта муҳим таклиф ва ташаббусларини илгари сурганлиги мамлакатимизнинг нафақат ислом дунёси мамлакатлари билан, балки бутун жаҳон ҳамжамияти билан муносабатларини янада мустаҳкамлашга ва Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг Қиғизистон ва Қозоғистонга ташрифлари мамлакатимиз ташқи сиёсатида янги саҳифа очди ва унинг халқаро алоқаларини янада кенгайтириш йўлида янги уфқларни белгилаб берди. Мазкур ташрифлар давомида эришилган аҳдлашувлар, қатор стратегик масалалар бўйича олиб борилган фикр-алмашув ва мулоқотлар мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциясини чуқурлаштириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш, пировардида эса, юртимизни янада тараққий эттириб, дунёдаги ривожланган давлатлар сафига олиб чиқиш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

Ўзаро фойдали, изчил ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш йўлида was last modified: Сентябрь 15th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »