Ўзбекистон-Қирғизистон: Дўстлик алоқалари яна мустаҳкамланади

11 Сентябрь, 20:10 • Андижон вилояти, Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 138 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон-Қирғизистон: Дўстлик алоқалари яна мустаҳкамланади нет

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев таклифига биноан 5-6 сентябрь кунлари қўшни республикага давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамланиши йўлида дадил қадам бўлди. Ташриф доирасида ўзбек ва қирғиз халқлари манфаатларига хизмат қилувчи қатор келишувлар имзоландики, буни  ҳар икки  давлатларнинг фуқаролари қўллаб-қувватламоқда.

Маълумки икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга. Давлатларимиз раҳбарларининг учрашуви нафақат ана шу дўстликни, балки  мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий, маданий ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорлик битимларининг имзоланишига ҳам хизмат қилишлиги билан аҳамиятли. Ўзаро бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликларга барҳам берилаётгани, асрлар давомида елкадош яшаётган, тили, дили, дини бир икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирди. Бугун айниқса, чегарадош Андижон ва Ўш вилоятларида яшовчилар бу расмий тадбирдан чексиз хурсанд.

Қариндошлик муносабатлари кейинги вақтда кўпчиликни қийнаётганди. Энди бу борада ҳам ортиқча муаммога ўрин йўқ. Хўжаобод туманида яшовчи қирғиз миллатига мансуб  Хонойим Арзиева хаяжонини яшира олмай шундай дейди:

-Шукрки, бугунги кунда олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Қирғизистонда яқин қариндошларим жуда кўп. Фақат кейинги йилларда алоқаларимиз узоқлашиб қолган эди. Давлатларимиз раҳбарлари учрашувидан кейин борди-келди учун эшиклар очилаётганлигидан бошимиз кўкка етди.

 -Ҳақиқатдан ҳам икки қўшни халқ ўртасидаги тўсиқлар сабабли қариндош-уруғларимиз билан борди-келди узилиб қолган эди, — дейди Хўжаобод туманидаги Солпи маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Қундузхон ая Ғаффорова. – Фақат тўй ёки маъракаларда телеграмма (чақирув) орқали дийдорлашардик. Ахир биз асрлар давомида қўшни бўлиб яшаганмиз, Қирғизистонга қиз бериб, қиз олганмиз. Халқларимизни янада яқинлаштирганлиги учун икки давлат раҳбарларидан, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёвдан чексиз миннатдормиз.

Азалдан ёнма-ён, ҳамжиҳат яшаб келаётган ўзбек ва қирғиз халқларининг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш, уларнинг яқин қариндошлик асосидаги ўзаро алоқаларини янада ривожлантириш йўлида зарур бўладиган барча шарт-шароитни яратиш учун бор имконият ва салоҳиятимизни ишга соламиз, деди давлатимиз раҳбари. Бу миллатлараро муносабатлар тикланишининг энг ишончли тасдиғидир.

Шу ўринда дўстлик тадбирларидан хулоса қилиб яна бир масалага эътибор қаратиш лозим. Биргина Андижон вилоятида жуда кўп қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайди. Уларнинг миллий анъаналарини ривожлантириш, ўз она тилида ўқиш учун барча шароитлар яратилган. Айни кунда 20 дан ортиқ умумтаълим мактабларида қирғиз тили ўқитилмоқда, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида 70 дан ортиқ ёшларимиз таҳсил олмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари барча соҳаларда янги босқичга кўтарилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидек, кўп асрлар давомида шаклланган дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини юксак қадрлаймиз. Давлатлар  ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч асосига қурилган ҳамкорликни ривожлантириш ташқи сиёсатимизнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Бахтиёржон КОМИЛОВ,

Халқ депутатлари Андижон вилоят
Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутати.

Ўзбекистон-Қирғизистон: Дўстлик алоқалари яна мустаҳкамланади was last modified: Сентябрь 11th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »