Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари – янги босқичда: Косонсойдаги учрашув

27 Сентябрь, 09:53 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 36 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари – янги босқичда: Косонсойдаги учрашув нет

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат раҳбарлари томонидан Самарқандда эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлиб, Ўзбекистон — Қирғизистон муносабатлари ривожида янги саҳифа очганлиги билан тарихий аҳамиятга эга. Ана шу ташрифдан сўнг Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги «Дўстлик» чегара мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Яқинда яна бир ҳудди шундай учрашув Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги “Косонсой” чегара мажмуасида бўлиб ўтди. Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти Алабука туманидан ташриф буюрган мехмонларни давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз, кенг жамоатчилик ва ёшлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олдилар. Икки қардош халқ вакилларининг учрашувига бағишланган тадбирни Косонсой тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Жавлонбек Йўлдошев очди. Сўзга чиққан Наманган вилоят қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Маърифат Истамқулова, Косонсой туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Марғуба Ражаббоева, Алабука тумани ҳокими ўринбосари Бектур Салимбаев, Алабука туманидаги “Оққўрғон” маҳалласи фуқароси Иброҳим Кўпайсинов ва бошқалар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга бўлиб, икки давлат Президентлари ўртасидаги учрашув мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, яқин қўшничилик муносабатларини юқори босқичга кўтаришда янги саҳифа очганини таъкидладилар.

 Маълумки, ана шу тарихий учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш каби халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган қатор келишувларга эришилди. Бу эса албатта, келишувлар асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган, тили, дини ва дили бир икки қардош халқни беҳад қувонтирди.

Ҳа, энди ўзаро алоқалар янада мустаҳкамланади ва кенгаяди. Савдо-сотиқ, борди-келди ривожланади.  Бу, албатта, халқнинг кайфиятини кўтаради, миллатлараро тотувликнинг барқарорлигини таъминлайди. Натижада турмуш фаровонлиги ҳам ошади.

Учрашув якунида бадиий жамоалар, ёш санъаткорлар иштирокида «Дўстлигимиз абадий бўлсин!» деб номланган концерт дастури намойиш этилди. Алабука ва Косонсой туманида яшовчи фуқаролар бир-бирларини ўзаро алоқалар янги босқичга кирганлиги, қариндош-уруғлар, ёр-биродарлар ўртасидаги муносабатлар янада яқинроқ бўлиши учун имкониятлар яратиб берган ҳар икки давлат раҳбарларига чин дилдан миннатдорчилик билдирдилар. Шу куни чегара мажмуасидаги тадбир иштирок этган истисносиз ҳар бир киши – раҳбарлардан тортиб оддий фуқароларгача қардош халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатлари тобора юксалаётганидан мамнуният изҳор этдилар. Ким билан суҳбатлашманг, ҳамма “Икки давлат Президентлари доимо соғ бўлишсин, элларимиз ўртасидаги дўстлик абадий бўлсин”, “Ўзбекистон Президентининг ташрифи йилнинг энг яхши янгилигидир”, “Ўзбекистон бизнинг ва Қирғизистон ҳукумати бу стратегик ҳамкорликни давом эттириш учун барча шароитларни яратиши керак”, деган фикрларни баён этди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Косонсой туман кенгаши раиси Муроджон Жалилов:

Чегара мажмуасидаги ушбу дўстлик анжумани ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Унда ўнлаб партиядошларимиз ҳам иштирок этдилар. Улар давлатимиз раҳбари олиб бораётган оқилона ички ва ташқи сиёсатнинг самараси қандай бўлаётганлигини ўз кўзлари билан кўрдилар. Қадимдан халқимиз “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал” дейди. Нега энди биз асрлар бўйи биродарларимиз саналган қирғиз дўстларимиз билан бирдам бўлмаслигимиз керак? Қолаверса, менинг ҳам Қирғизистонда яшайдиган қариндошларим бор. Энди улар билан тез-тез кўришиб туриш имконияти юзага келаётганидан мамнунман.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари – янги босқичда: Косонсойдаги учрашув was last modified: Сентябрь 27th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »