Ўзбекистон Президенти Хитой ҳукумати делегациясини қабул қилди

11 Сентябрь, 09:22 • Расмий хабарлар, Янгиликлар • 17 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон Президенти Хитой ҳукумати делегациясини қабул қилди нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий-ҳуқуқий комиссияси котиби, Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мэн Цзяньчжу бошчилигида Қўшма қўмитанинг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Хитой Халқ Республикаси ҳукумати делегациясини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро манфаатли, кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон Президентининг жорий йил май ойида Хитойга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаргани, мамлакатларимизнинг ҳар томонлама стратегик шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қилгани алоҳида таъкидланди.

Ўзаро савдо ҳажми барқарор суръатларда ўсиб бормоқда. Шу йилнинг январь-июль ойларида товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард доллардан ошди.

Хитойнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари билан ҳамкорликда энергетика, нефтгаз, кимё, машинасозлик, электротехника, енгил саноат тармоқлари, ишончли транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, туризм ва бошқа муҳим йўналишларда устувор сармоявий дастур ва лойиҳалар тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда.

Икки давлат ҳудудлари ва бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланмоқда. Илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик кенгаймоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги амалий ҳамкорлик, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги алоқалар истиқболлари муҳокама қилинди.

Олий даражадаги келишувларнинг тўла бажарилиши ҳамда иқтисодиётнинг юқори технологияли тармоқларидаги янги лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси алоҳида ўрин тутиши қайд этилди.

Мэн Цзяньчжу Президентимиз Шавкат Мирзиёевга қабул учун самимий миннатдорлик билдирди, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Хитой Ўзбекистон билан ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга тайёр ва бундан манфаатдор экани таъкидланди.

Президентимиз фармонига мувофиқ, мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, шунингдек, йирик иқтисодий ва сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Мэн Цзяньчжуга «Дўстлик» ордени топширилди.

УзА.

Ўзбекистон Президенти Хитой ҳукумати делегациясини қабул қилди was last modified: Сентябрь 11th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »