Ўзбекистон тинчлик, барқарор тараққиёт ва ҳамкорлик тарафдори

21 Сентябрь, 16:14 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Муносабат, Янгиликлар • 117 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон тинчлик, барқарор тараққиёт ва ҳамкорлик тарафдори нет

Дунёда кечаётган ҳозирги глобаллашув жараёни инсоният тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ўзида турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намоён этмоқда. Ана шундай шароитда давримизнинг энг обрўли халқаро тузилмаси — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида самарали ҳамкорлик қилиш халқимизнинг туб миллий манфаатларига тўлиқ мос келади.

БМТ билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ва ишончли ҳамкорлик муносабатлари ривожланиб келаётганлигининг яққол мисоли сифатида жорий йилда БМТнинг янги Бoш кoтиби Антонио Гутеррешнинг мaмлaкaтимизгa амалга оширган тaшрифини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Таъкидлаш жоизки, куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи Ўзбекистон-БМТ муносабатларининг янги босқичини бошлаб берди. Дунё жамоатчилигининг диққат-эътиборини ўзига тортган ушбу маърузада Президентмиз, энг аввало, мамлакатимизда мустақиллик йилларида барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилганлиги, Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантириш йўлида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, Республикамизда БМТнинг 2015 йилда қабул қилинган,  2030 йилга қадар инсониятни равнақ топтиришнинг 17 та йўналишини ўз ичига олган Барқарор тараққиёт мақсадларини амалга оширишда бир қатор ютуқлар қўлга киритилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ва фаоллигини ошириш, болалар ўлимини камайтириш; оналар соғлиғини яхшилаш; турли юқумли ва хавфли касалликларнинг олдини олиш, экологик барқарорликни таъминлаш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Кейинги ўн йил давомида Ўзбекистон йиллик давлат бюджети харажатларининг салкам 60 фоизи ижтимоий соҳа эҳтиёжлари учун сарфланаётгани алоҳида эътиборга моликдир.

Президентимиз ўз маърузада Ўзбекистонни ривожлантиришнинг кейинги беш йиллик стратегияси қабул қилинганлигини, ушбу “Стратегия – бу янгиланиш жараёнларининг ҳақиқий ҳаракатлар дастури” эканлигини алоҳида қайд этиб, Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўла ҳамоҳанг эканини таъкидлаб ўтди.

Президентимиз амалга ошираётган барча ислоҳотлар замирида инсон омили ётишини қайд этиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилиши натижасида ҳозирги кунга қадар бир миллиондан ортиқ фуқароларимиз бу қабулхоналар орқали ўзларининг долзарб муаммоларини ҳал қилганлигини баён этди. Шу билан бирга, маърузада мамлакатимизда сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг роли тобора ортиб бораётганлиги, оммавий ахборот воситаларининг ўрни сезиларли даражада ошганлигига ҳам эътибор қаратди.

Мамлакатимиз раҳбари ўз маърузасида, шунингдек, халқаро аҳамиятга эга бўлган бошқа бир қатор долзарб масалаларни ҳам кўтариб чиқди. Хусусан, халқаро терроризм, экстремизм, диний бағрикенглик, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва конструктив ҳамкорлик муҳитини барпо этиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Айниқса, Президентимиз ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбарининг қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёр эканлиги борасида билдирган қатъий позицияси халқаро жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланмоқда.

Умуман олганда, Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида билдирилган таклифлар ушбу йирик саммит иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Ушбу тарихий маъруза бугунги кунда минтақа давлатлари, қолаверса дунё аҳлини ташвишга солаётган турли глобал муаммолар ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишлангани билан ҳам аҳамиятлидир.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг Нью-Йорк шаҳрига ташрифи дастури жуда пухта ишлаб чиқилган бўлиб, унда БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида иштирок этиш ва маъруза қилиш баробарида қатор учрашувлар ўтказиш ҳам ўрин олган эди. Ана шундай учрашувлардан бири Болгария Республикаси Президенти Румен Радев билан бўлиб ўтди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистон Болгария билан қатор соҳаларда ҳамкорлик ўрнатганлиги, мамлакатимизда Болгария инвестициялари иштирокида тузилган 14 корхона фаолият юритаётганлиги, 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 23 миллион долларни ташкил этганлигига қарамай, бироқ ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар кўплиги, ҳар икки томон ҳамкорликни ривожлантириш учун катта иқтисодий салоҳиятга эга экани, икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очиш зарурлиги, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар ўзаро манфаатли экани таъкидланди.

Президентимиз ўзининг АҚШга ташрифи доирасида, шунингдек, Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвили билан ҳам учрашди. Мазкур учрашувда Ўзбекистон-Грузия ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланиб бораётганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, томонлар товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, савдо-саноат палаталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, савдо уйлари ташкил этиш ва қўшма кўргазмалар ўтказишга келишиб олдилар.

Маълумки, Грузия Ўзбекистонда ишлаб чиқилаётган маҳсулотларни хорижий мамлакатларнинг бозорларига олиб чиқиш учун муҳим транзит мамлакати ҳисобланади. Шу боис, Ўзбекистон Грузияга автомобиллар, тўқимачилик ва электр техникаси маҳсулотлари экспорт қилиш билан бирга, Грузия йўллари орқали жаҳон бозорига чиқишдан манфаатдор.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни барча йўналишларда янада ривожлантириш учун каттагина салоҳият мавжудлиги, бу мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди.

Президентимизнинг Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашувида ҳам бугунги кунда мамлакатимизнинг мазкур банк билан ўзаро ҳамкорлиги энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби соҳаларни қамраб олганлиги алоҳида қайд этилди.

2016 йилда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасида 2020 йилгача ҳамкорлик қўшма дастури қабул қилинган бўлиб, унга 27 та муҳим лойиҳа киритилган. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 4 миллиард доллардан иборат бўлиб, шундан 3 миллиард долларини Жаҳон банки кредитлари ташкил қилади.

Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар, истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди. Учрашувда мамлакатимиз раҳбари Жаҳон банки Президентига Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилингани, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани тўғрисида маълум қилди. Ўз навбатида, Жаҳон банки Президенти ҳам Ўзбекистонда банк-молия тизимини такомиллаштириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар бизнес ривожига хизмат қилишини таъкидлади.

Президентимизнинг АҚШга ташрифи доирасида ташкил қилинган энг йирик тадбирлардан бири бу Ўзбекистон – АҚШ бизнес форумидир. Ушбу йирик бизнес анжуманида АҚШнинг 100 дан ортиқ етакчи компаниялари, жумладан «General Electric», «Honeywell», «ExxonMobil», «CNH Industrial», «John Deere», «Coca-Cola», «Boeing», «Caterpillar», «City Group», «Visa», «AGCO», «Gilead Sciences» каби йирик корпорацияларнинг раҳбарлари иштирок этдилар.

Мазкур бизнес анжуман Ўзбекистон ва АҚШ тадбиркорларининг икки томонлама ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтиришга томон интилишининг ёрқин ифодасидир. Бизнес форумни ўтказишдан асосий мақсад икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, унинг изчил ва барқарор ривожланишида томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдан иборат.

Айтиш жоизки, америкалик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга қизиқиши жуда юқори бўлиб, форум давомида улар мамлакатимиздаги қатор соҳаларга сармоя киритишга тайёр эканликларини маълум қилдилар. Бизнес форум давомида иштирокчилар умумий масалаларни муҳокама қилиш билан чекланмасдан, балки томонларни қизиқтирган аниқ лойиҳаларни муҳокама қилганликлари, уларни амалга ошириш бўйича қўшма тадбирларни белгилаб олганликлари диққатга сазовордир. Тадбир якунида АҚШ компаниялари билан умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг бўлган йирик ҳужжатлар тўплами имзоланганлиги икки томонлама иқтисодий муносабатларнинг истиқболи порлоқ эканлигидан далолат беради.

Президентимиз ўзининг АҚШга ташрифи доирасида, шунингдек, Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан ҳам учрашди. Маълумки, бугунги кунда АҚШда истиқомат қилаётган кўплаб юртдошларимиз, хоҳ ишда бўлсин, хоҳ ўқишда бўлсин, бошқаларга ибрат ва намуна бўлмоқдалар. Президентимиз америкалик ватандошларимизга юртимизда юз бераётган ўзгаришлар тўғрисида маълумот берар экан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида сўзлаб берди.

Америкалик ватандошларимиз Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиш ўзлари учун улкан шараф эканини таъкидлаб, она юртимизда илм-фан, таълим, технология, инвестиция ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, Ўзбекистон ва АҚШ муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча америкалик юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этди ва уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга доимо тайёрлигини изҳор қилди.

Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафари жуда самарали якунланди. Ушбу ташриф Ўзбекистоннинг тинликпарвар, прогрессив ташқи сиёсатини дунёга кўз-кўз қилиш билан бирга, унинг очиқлигини, жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини яна бир бор намойиш этди. Ташриф давомида бўлиб ўтган учрашув ва мулоқотлар, эришилган натижалар, шак-шубҳасиз, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада юксалтиришга, пировард натижада эса, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга ҳамда Ўзбекистоннинг ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олишига хизмат қилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Ўзбекистон тинчлик, барқарор тараққиёт ва ҳамкорлик тарафдори was last modified: Сентябрь 21st, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »