Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф

29 Сентябрь, 10:26 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 37 марта кўрилди • Комментариев к записи Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи хорижий давлатлар экспертларининг мамлакатимиз учун жаҳон миқёсида янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф сифатида баҳоланмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи ҳаммамизнинг қалбимизни чексиз ғурур-ифтихорга тўлдирди, унда изҳор этилган таклифлар ва мулоҳазалар, ғоялар ҳеч шубҳасиз, юртдошларимизнинг қалбидан мустаҳкам жой олди.

Мен ўзим нутқни телевизор орқали тингладим, кейин эса газета саҳифаларида ҳам синчиклаб ўқидим. Кўп диққатга сазовор жойларини ён дафтарга ёзиб ҳам олдим. Чунки Президентимизнинг БМТ минбаридаги чиқиши ўзининг мазмундорлиги ва лўндалиги, фикрларнинг пухта ва аниқ ифодаланганлиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортди. Яна бир жиҳат – унда давримизнинг жуда бир қатор жиддий ва долзарб муаммолари қамраб олинган, анчагина “теша тегмаган” мавзуларда сўз юритилган. Улар орасида мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, демократия, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология кабилар бор.

Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётгани, ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш йўлидан бораётганини жаҳон жамоатчилиги алоҳида эътироф этаётгани ҳам диққатга сазовордир. Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон билан ўзаро муносабатлар яхшиланаётганини, халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари тобора мустаҳкамланаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Бир неча кун илгари мен бир қатор жамоатчилик вакиллари қатори вилоятимизнинг Косонсой туманидаги “Косонсой” чегара мажмуасида Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари вакилларининг ҳаяжонли учрашувига гувоҳ бўлдим. Икки мамлакатни боғлаб турувчи бу мажмуанинг очилиши давлатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама фойдали алоқаларни янги, янада юқорироқ даражага кўтаради, деб ўйлайман.

БМТ минбаридан туриб Президентимиз айтган ҳар бир гапнинг теран маъноси бор, десам муболаға бўлмас. Айниқса, уларнинг ортида инсон манфаатларига доир эзгу мақсадлар ётганлигини кўз олдимизга келтириш жуда мароқли. Хусусан, Шавкат Мирзиёев хорижга чиқиш визаларини «умрини ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари» деб атади. Ёки «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади» деган шиорларни олайлик. Улар ҳам ҳамманинг тилига тушди. БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш, Бош Ассамблеянинг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиши юзасидан таклифлар ҳам барчага маъқул тушганини қайд этиш ўринлидир.

Президентимиз АҚШга ташриф доирасида фақат БМТ сессиясида иштирок этиб қайтмади. Ҳар доимгидек вақтдан ўта унумли фойдаланди. Қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ишбилармонлар билан учрашди. Улар орасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард, Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашди. Болгария Республикаси президенти Румен Радев, Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвили ва бошқалар билан учрашувлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари АҚШнинг қатор етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди. Учрашувда Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, «Женерал Электрик» компанияси президенти Рон Поллетт, «Ханивелл» компанияси бўлинмаси президенти ва бош директори Ражив Гаутам, «СиЭнЭйч Индастриал» компанияси вице-президенти Стивен Надерни, «Дир энд Компани» компанияси президенти Жеймс Филд иштирок этди. Мамлакатимизда валюта соҳасида бозор механизмлари жорий этилгани, савдодаги турли тўсиқлар олиб ташлангани, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити янада яхшиланаётгани таъкидланди. Ўзбекистон – АҚШ ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.

Қисқаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи мамлакатимиз учун жаҳон сиёсат майдонида янги даврни бошлаб берди, дейиш учун тўла асослар бор. Буни нафақат халқимиз, балки дунёнинг кўплаб таниқли сиёсатшунослари, жамоат арбоблари, журналистлар, экспертлар ҳам тан олмоқдалар.

Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши раиси в.в.б.

Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф was last modified: Сентябрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »