Янги қонун асосида қишлоқ хўжалиги ходимлари куни белгиланди

15 Сентябрь, 15:12 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 83 марта кўрилди • Комментариев к записи Янги қонун асосида қишлоқ хўжалиги ходимлари куни белгиланди нет

Ҳозирги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида қарийб тўрт миллионга яқин аҳоли фаолият олиб бормоқда. Уларнинг қувончу-ташвиши, эришган янги марралари-ю, эзгу мақсадлари, қолаверса бугунги кунда уларни ўйлантираётган муаммолар доимо депутатлар эътиборида.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган мехнаткашлар: фермер-у, боғбонларимиз, сувчи-ю, дехқонларимиз учун муайян кунни байрам сифатида нишонлашлари учун шароит яратиш, бунинг ҳуқуқий асосини яратиш зарур деган хулосага келдилар.

Депутатларимиз билан ўзаро муҳокама қилиб, экспертлар билан келишиб, мазкур масала юзасидан Қўмитамизнинг 2017 йил 17 январдаги 04/4-04-3-33-сонли хати асосида таклифни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига тақдим этдик. Мазкур ташаббус улар томонидан ўрганиб чиқилди.

Биз депутатлар дастлаб, фақат “Фермерлар куни” байрамини қонунда белгилашни таклиф этган эдик. Лекин Вазирлар Маҳкамасидаги муҳокамаларда мазкур соҳада фаолият олиб бораётган кўп сонли ходимларнинг заҳматли меҳнатини ҳам ҳисобга олиш лозимлиги таклиф этилди. Биз бу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватладик.

Аввало, экспертлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” Қонуни лойиҳасини тайёрлаш жараёнида дунёнинг бир қатор давлатларининг қишлоқ хўжалиги ходимларининг касбий байрам кунлари белгилаш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганиб чиқилди.

Жумладан, Россия Федерацияси Президентининг 1999 йил 31 майдаги фармони билан октябрь ойининг иккинчи якшанбаси “Қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати ходимлари куни”, Қозоғистон Республикаси Президентининг 1998 йил 20 январдаги фармони билан ноябрь ойининг учинчи якшанбаси “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни”, Украина Президентининг 1993 йил 7 октябрдаги фармони билан ноябрь ойининг учинчи якшанбаси “Украина қишлоқ хўжалиги ходимлари куни”, Белорусь Республикаси Президентининг 1998 йил 26 мартдаги фармонига мувофиқ ноябрь ойининг учинчи якшанбаси “Белоруссия қишлоқ хўжалиги ва агросаноат комплекси қайта ишлаш саноати куни” сифатида белгиланган ва давлат миқёсида оммавий байрам тарзида кенг нишонланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги махсус бўлимда муҳокамадан ўтказилди.

Унда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2017 йил 21 февралдаги топшириғи асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2017 йилнинг 31 июль кунида бўлиб ўтган ялпи мажлисидаги қизғин бахс-мунозаралар асосида мазкур қонун қабул қилинди.

Ушбу янги қонуннинг қабул қилиш зарурати қуйидагиларда намоён бўлади: Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар натижасида аграр соҳада бозор иқтисодиёти талабларига мос бўлган янги тизим шаклланди. Бугунги кунда аграр тармоқда 3,6 млн. кишидан ортиқ ишчи-хизматчилар фаолият юритаётган ҳолда мамлакат ялпи ички маҳсулотида қишлоқ хўжалигининг улуши 17,2 фоизни ташкил этиб, йиллик ўсиш суръати 6-7 фоиздан кам бўлмаяпти.

Пахта майдонлари қарийб 2 маротаба қисқартирилиб, дон, сабзавот, полиз
ва картошка экинлари экилиши, боғ ва токзорлар барпо этилиши натижасида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини таъминлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш, шунингдек мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имкони яратилди.

Мазкур ютуқларга эришилишида соҳада фаолият юритиб келаётган ҳар бир ишчи-хизматчининг, жумладан деҳқон, сувчи ва механизаторнинг, пиллакор ва чорвадорнинг, қишлоқдаги тадбиркор ва фермернинг, соҳа мутахассиси ва олимларнинг ҳиссаси беқиёсдир.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган кунлардан бошлаб, ҳар бир касбнинг ўзига хос мураккаблиги эътиборга олинган ҳолда ушбу касбларда фаолият юритаётган ишчи-хизматчиларнинг машаққатли меҳнатларини қадрлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бир қатор соҳа ходимлари томонидан ўз касбларини байрам сифатида кенг нишонлашининг ҳуқуқий асоси яратилган.

Масалан, харбийлар, ўқитувчи ва мураббийлар, прокурорлар ва бошқа касб эгаларининг байрамлари алоҳида қонунлар билан мустаҳкамланиб, улар белгиланган кунларда ўз байрамларини нишонламоқдалар.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар ҳам мамлакатимиз тараққиётига, иқтисодий юксалишига, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бошқа жабҳа ходимларидан кам бўлмаган ҳолда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Эл-юрт дастурхони тўкинлигини таъминлаш борасида бошқа соҳа вакилларидан кам бўлмаган ҳолда қайғурмоқдалар, меҳнат қилмоқдалар, изланмоқдалар.

Айнан шундай заҳматкаш инсонларнинг касбий байрамлари кунини белгилаш, уларнинг шу кунда кайфиятларини кўтариш, маънавий рағбатлантириш каби эзгу мақсадлар ушу янги қонун лойиҳасини яратишга сабаб бўлди.

Янги қонунга асосан, декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистонда “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” этиб белгиланди.

Мазкур муддатни белгилашда бир қатор омиллар ҳисобга олинди. Аввало, қишлоқ хўжалиги ходимларининг аксарияти қишки мавсумда дам олиш вақтида бўлишларига эътибор қаратилди.

Умуман, Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” Қонунининг қабул қилиниши баробарида, аграр соҳада фаолият юритаётган ходимлар касб байрамларининг ҳуқуқий асоси яратилди.

Ўйлаймизки, мазкур қонун юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган миллионлаб фуқароларимизни, улар орқали яқинлари, оила аъзолари учун катта янгилик бўлди. Мазкур Қонун асосида эндиликда ҳар ҳар йили декабрь ойида алоҳида байрамлар ўтказилади. Ҳар томонлама бошқаларга ўрнак бўладиган, фаол, фидоий қишлоқ хўжалиги ходимлари моддий ва маънавий рағбатлантирилади. Умуман, ушбу қонун юртимиздаги яна кўплаб хурсандчилик онлари учун асос бўлади.

Шуҳрат ЯКУБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

Янги қонун асосида қишлоқ хўжалиги ходимлари куни белгиланди was last modified: Сентябрь 15th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »