qonun loyihasi muhokamasi

Янги қонун лойиҳаси электорат муҳокамасида

22 Сентябрь, 17:42 • Фарғона вилояти, Янгиликлар • 102 марта кўрилди • Комментариев к записи Янги қонун лойиҳаси электорат муҳокамасида нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши ҳамда Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали ҳамкорлигида фан докторлари, ёш олимлар, илмий тадқиқотчилар, иқтидорли магистрантлар билан кенгайтирилган учрашув ташкил этилди. Мазкур учрашувнинг бош мақсади Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилаётган “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ўрганиш ва уни чуқур муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Учрашувда инсон саломатлигини сақлаш йўлидаги инновацион фаолиятни ривожлантириш, бу соҳада олимларга тўсиқ бўлаётган муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, унинг ҳуқуқий асосларини таҳлил этиш, шу билан бирга “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасига қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифалар таҳлил этилди.

Қайд этилганидек, инновация – бу мамлакатнинг тараққий этиши ва халқнинг турмуши янада фаровон бўлишини жадаллаштирувчи янгиликлар демакдир.

Маълумки, партиямиз Сайловолди дастурида инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, иқтисодиёт соҳаларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этиш вазифалари илгари сурилган.

Ушбу дастурий вазифалар ижроси юзасидан партиянинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракатлар дастурида “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қабул қилиш вазифаси белгиланган эди. Эндиликда мазкур қонун лойиҳаси жойларда ҳудудий партия Кенгашлари, маҳаллий депутатлар, партия фаоллари иштирокида кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилмоқда.

Замонавий илм-фан ва инновациялар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, янгидан янги лойиҳалар ва таклифлар ишлаб чиқиш, инновацион ислоҳотлар тарафдори сифатида амалий ҳаракатлар олиб бориш дастурий вазифамизда белгилаб қўйилгани барчамизга аён.

Учрашувда айнан шу масалалар хусусида олий таълим муасасаси олимлари алоҳида тўхталиб ўтдилар. Улар ушбу янги қонун лойиҳаси муҳокамасида иштирок этиш, унга таклифлар бериш ваколатидан фойдаланаётганликларидан мамнун эканликларини яширмадилар.

Тадбирда вилоят партия Кенгаши раиси ўринбосари Шоҳида Аббасова “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини моддаларини иштирокчиларга шарҳлаб берар экан, қонуннинг амалий аҳамияти долзарб эканини таъкидлаб ўтди.

Учрашувда сўзга чиққан “Биокимё ва биофизика” кафедраси профессори Муҳаммаджон Қорабоев, “Гигиена ва жамоат соғлиғини сақлаш” кафедраси профессори Эркин Исоқов, “Тиббий фундаментал фанлар” кафедраси мудири Нодиржон Матхошимовлар лойиҳа бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Жумладан, “Биокимё ва биофизика” кафедраси профессори Муҳаммаджон Қорабоевнинг Республика миқёсида ҳар йили инновация бўйича устувор йўналиш белгиланиши, ҳудудларда инновация тарғиботчилар гуруҳлари, ёшлар инновация марказларини ташкил этиш бўйича берган таклифлари иштирокчилар томонидан маъқулланди.

Тадбир сўнгида Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали ва вилоят партия Кенгаши ўртасида янги инновацион чора-тадбирлар режаси қайд этилган меморандум ишлаб чиқиш ва уни тасдиқлашга келишиб олинди. Келишувга кўра, филиал профессорлари ва партиянинг тарғибот гуруҳи томонидан аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш ва репродуктив саломатликни сақлаш бўйича сайёр акциялар ўтказилиши режалаштирилди.

Хулоса қилиб айтганда, очиқ ва эркин мулоқотларга бой ўтган учрашувда партия вакиллари тадбирдан кўзланган мақсадга эриша олдилар.

 

Комила Исраилова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Янги қонун лойиҳаси электорат муҳокамасида was last modified: Сентябрь 23rd, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »