Ёш иқтидор эгалари: илмий ва инновацион ишланмаларда молиялаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур

29 Сентябрь, 11:09 • Жамоатчилик муҳокамаси, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 36 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёш иқтидор эгалари: илмий ва инновацион ишланмаларда молиялаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси доирасида Самарқанд қишлоқ хўжалик институти, Самарқанд давлат университети, Тошкент ахборот техналогиялари университети, олий таълим муассасаларидаги ёш олимлар ва ихтирочилар, ОАВ вакиллари иштирокида Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтида инновацион технологиялар кўргазмаси ҳамда амалий семинар бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад, олий таълим муассасаларининг инновацион инфратузилмасини кучайтириш, талабаларнинг инновацион фаолиятга бўлган қизиқишлари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш, иқтидорларини қўллаб-қувватлаш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш, олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтиришга эришишдан иборат.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси М.Бабабекова мамлакатимизда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўз салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун уларга кенг имкониятлар яратиб берилаётгани ҳақида тўхталиб ўтар экан, айниқса, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш мақсадида ўтган йилларда қатор қонунлар, қарор ва давлат дастурлари қабул қилингани, шу ўринда “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ҳам бу борада олиб борилаётган ишларда яна бир улкан қадам эканлигини алоҳида қайд этди.

Тадбирда таъкидланганидек, шиддат билан ривожланаётган бугунги кун шуни кўрсатмоқдаки, республиканинг янада тараққий этиши учун юқори салоҳиятли, юрт равнақи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир иқтидорли, ҳар томонлама уйғун ривожланган баркамол ёшларни, олимларни етиштириш, уларнинг касбий, ижодий ва хизмат соҳаларида ўсиши учун олиб бораётган тадқиқот ишларининг амалиётга жорий этилишига имконият яратиб беришга қаратилган ҳамкорликдаги мақсадли чора-тадбирларни мунтазам равишда амалга ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, юртбошимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаганларидан кейин биринчи бўлиб республикамиз илмий жамоатчилиги, академиклар, профессор-олимлар билан учрашиб республикамиз илм-фани, таълим тизимининг бугунги ҳолати ва эртанги келажаги билан боғлиқ бир қатор масалаларни кўтаргани ҳам бежиз эмас, албатта.

Ҳозирда жамиятимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида айниқса, илм-фан соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилишга, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёш олимлар ғояларини амалиётга жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳам Президентимиз долзарб йўналишлар қаторида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ёш олимларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб ўтди.

Партия томонидан ўтказилган ушбу тадбирда ҳам вилоятдаги иқтидорли, изланувчан ёшларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш ва иқтидорларини қўллаб-қувватлаш, ишланмаларни амалиётга жорий этилишига эришишга эътибор қаратилди.

Семинар давомида “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳасининг муҳокамаси ташкил этилиб, ушбу ҳужжат юзасидан иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди.

Семинардан сўнг ташкил этилган талабалар ва ёш олимларнинг инновацион ишланмалари кўргазмасини барча тадбир иштирокчилари катта қизиқиш ва ҳайрат билан кузатишди.

Сувонов Нодир, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти 1-босқич талабаси:

Кеча тўрт ўртоқ йиғилиб кутубхонада дарс тайёрладик. Ўртоқларим билан суҳбат, яна уша инновацион ишланмалар, ғоялар мавзусига уланиб кетди. Табиийки, биз талабаларга бу ишланма, ғояларни яратиш учун моддий жиҳитдан муаммолар бўлиб туради. Шунинг учун ҳам хохлардикки бевосита институт қошида бир кенгаш ташкил этилиб, иқтидорли талабаларнинг инновацион ишланмалари молиялаштирилса.

Бобур Шониёзов, Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ўқитувчиси:

Албатта, инновацион ишланмалар мамлакатимиз ривожига улкан ҳисса қушиши ҳеч биримизга сир эмас. Аммо нимагадир кўпчилик инновацион ғоялар, ишланмалар чет давлатларга чиқиб кетади. Мени ўйлантирадиган нарса, майли чет элга чиқсин, аммо бизнинг давлатимиз, бизнинг юртдошларимиз муаллифлигида чиқсин. Чунки ўзбек замини азалдан тенгсиз иқтидор, улкан салоҳиятлар замини. Бугун “Адолат” партияси вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу тадбир менга янада куч бағишлади, мен илмий ва инновацион ишланмаларда молиялаштириш масаласига чуқурроқ эътибор қаратилишини истар эдим. Бизда қишлоқ хўжалиги бўлганлиги сабабли тажрибаларга анча маблағ сарфланади, тўғри ажратилаётган грантлар бор, лекин улар тажрибани охирига етказиш учун етмайди.

Сардор Темиров, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти талабаси:

Сўзимни энг аввало “Адолат” СДП партиясига миннатдорчилик билдириш билан бошламоқчиман. Партиянинг ташаббуси билан вилоятдаги барча олий ўқув юртларида тахсил олаётган йигит қизлар иштирокида “Адолат маликалари”, “Адолат ўғлонлари”, “Адолат билимдонлари” каби кўрик-танловлари, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик”, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” каби спорт мусобақаларида тенгдошларимиз фаол иштирок этиб ўқув юртимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Биз хохлар эдикки, “Талабаларнинг энг яхши кичик инновацион корхонаси” кўрик танлови ташкил этилса, биз ёшларга тенгдошларимизнинг инновацион ғоялари, ишланмалари билан яқиндан танишишга имкон яратиб, янги-янги марраларни забт этишимиз учун туртки бўлар эди.

Очиқ мулоқот ва жонли мунозараларга бой бўлган семинарда ёш олимлар ва талабалар ўзларини ўйлантираётган айрим масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар.

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Ёш иқтидор эгалари: илмий ва инновацион ишланмаларда молиялаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур was last modified: Сентябрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »