Ulugbek Oblaqulov

Ёшлар таклифи: Реклама афишалари ўрнига қонун ҳужжатлари намойиши

18 Сентябрь, 16:22 • Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 42 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёшлар таклифи: Реклама афишалари ўрнига қонун ҳужжатлари намойиши нет

Дунёда мамлакат ва жамият салоҳиятини белгиловчи энг асосий омил – бу шу юртда камол топаётган, миллат эртаси, келажак эгаси бўлган, маънавий етук, жисмоний жиҳатдан соғлом ва баркамол авлод ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин олиши келажагимиз эгаларининг таълим-тарбиясига, қандай инсон бўлиб вояга етишларига боғлиқ экани ҳисобга олинган ҳолда жисмонан соғлом, ҳар томонлама уйғун ривожланган баркамол авлодни тарбиялашдек ўта муҳим ишлар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ёшларни жамият тараққиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган ва мамлакат келажагини белгиловчи катта иқтисодий, ижтимоий-сиёсий куч, деб билади. Партиямизнинг Сайловолди дастурида таъкидланганидек, “Адолат” СДП мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди. Шу боис барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг иштироки ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш партия фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” мавзусида ташкил этилган тадбир ҳам шу йўналишда олиб борилаётган ишларда яна бир қадам бўлди.

Менда ўзгача таъсурот қолдирган ҳолат, тадбирнинг биринчи қисми, яъни, “Илмий ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган семинарда ёшларнинг жуда ҳам фаоллиги бўлди. Ёшлар ўзларининг инновацион ғоялари, ишланмалари ҳақида сўз юритар экан, ушбу қонун лойиҳасига таклиф ва мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтишди.

Ёш иқтидор эгалари инновацион ишланмаларни молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Тадбирнинг иккинчи қисмида ёш иқтидор эгаларининг инновацион ишланмалари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Талабалик давримизда устозларимиздан бири “шу бир соатлик дарс мобайнида бутун бир аудиторияни қамраб ололмасакда, ортимиздан ҳеч бўлмаганда 20 фоизини эргаштира олсак, демак меҳнатимиз зоя кетмайди” деб кўп такидлар эди. Тадбир якунида, талаба ёшларнинг “бизга кўча куйдаги катта-катта экранларда қандайдир ичимлик ёки нарсалар рекламалари намойиш этилмасдан, мана шу бугунги қонун ҳужжатлари намойиш этилиб, фикр мулоҳазалар қабул қилиниши йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги, фаоллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги ҳам ортиб боради. Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгашидан спорт, сиёсий соҳаларда ўтказаётган кўрик-танловларини навбатдагисини “Инновацион ғоялар” кўргазмасига бағишлаб вилоят миқёсида ўтказилишини истар эдик” деган фикрлари, шижоатли қадамлари, ёниб турган кўзларини кўриб, меҳнатларимиз бесамар кетмаганлигига амин бўлдик.

Улуғбек Облақулов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Ёшлар таклифи: Реклама афишалари ўрнига қонун ҳужжатлари намойиши was last modified: Сентябрь 23rd, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »