«Адолат» СДП: аҳоли эътирозларига онлайн ечим

18 Октябрь, 11:05 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 103 марта кўрилди • Комментариев к записи «Адолат» СДП: аҳоли эътирозларига онлайн ечим нет

Ўз сайлов округингиздан сайланган депутат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайсизми? Унда онлайн мулоқот, онлайн мунозараларда фаол қатнашаётган халқ вакилларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига мурожаат этишингиз мумкин. Айтиш керакки, депутатларнинг бу борадаги фаоллиги жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш, халқ дарди билан яшаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, турмуш шароитини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Чунончи, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларининг ижтимоий тармоқларда очган расмий саҳифалари сайловчилар ва электорат билан мулоқотнинг энг қулай ҳамда самарали воситаларидан бирига айланиб улгурди.

Эндиликда депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнлари, қабул қилинаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ҳақида сайловчиларга ўз саҳифалари орқали тезкор ахборот узатишлари баробарида, улардан таклиф олиш, саволларга жавоб қайтариш, тегишли масала юзасидан ҳуқуқий маслаҳат беришга эришмоқдалар. Энг муҳими, ушбу замонавий мулоқот воситаси ёрдамида сайловчилар жойлардаги мавжуд муаммолар юзасидан ўзлари сайлаган депутатга ортиқча оворагарчиликсиз, расмиятчилик ҳамда қоғозбозликсиз мурожаат этиш имкониятига эга бўлмоқдалар. Жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ички йўлларни таъмирлаш, бандлик, меҳнат қонунчилиги, уй-жой ҳамда коммунал масалалар мулоқотларнинг асосий мавзусини ташкил қилаяпти.

“Адолат” СДП расмий веб-сайтида жорий этилган “Онлайн депутат” интерактив хизмати орқали ўтган қисқа давр мобайнида фракция аъзоларига савол, таклиф, муносабат шаклида мингга яқин мурожаатлар келиб тушган. Мисол учун, фракция аъзоси Умид Сулаймоновга йўлланган мурожаатда Фарғона вилояти, Қўштепа тумани марказидан 12 километр узоқликдаги Қумтепа қишлоғида жойлашган туман йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимида ҳайдовчиларнинг гувоҳномалар, жарима ёки бошқа тўловлари учун банк касса шохобчаси йўқлиги, бўлимда фақат нақд пулда тўлов йўлга қўйилгани ва бу ҳолат аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани билдирилган. Ушбу муаммо юзасидан депутатнинг Фарғона вилояти Халқ банки акциядорлик тижорат банкига юборган депутатлик сўрови туфайли масала ижобий ҳал қилинди.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар қонун лойиҳаларини муҳокама этишда ҳуқуқий майдон вазифасини ўтаётгани ҳам аҳамиятлидир. Чунончи, adolat.uz веб-сайтида “Жамоатчилик муҳокамаси” интерактив хизмати орқали “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокамага қўйилган бўлиб, улар депутатларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан ҳам ўрин олган. Айни пайтда мазкур қонун лойиҳалари юзасидан қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилаяпти, аниқ таклифлар илгари сурилмоқда.

Айтиш мумкинки, бу каби амалий саъй-ҳаракатлар халқ билан мулоқотнинг самарали ва замонавий механизмларини рўёбга чиқариш баробарида, сайловчиларнинг депутатларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири

«Адолат» СДП: аҳоли эътирозларига онлайн ечим was last modified: Октябрь 18th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »