“Адолат” СДП Бухорода 100 га яқин тиббиёт муассасаси фаолиятини ўрганди

16 Октябрь, 14:46 • Бухоро вилояти, Депутатлик гуруҳи, Янгиликлар • 65 марта кўрилди • Комментариев к записи “Адолат” СДП Бухорода 100 га яқин тиббиёт муассасаси фаолиятини ўрганди нет

Ҳар бир давлатнинг энг катта бойлиги унинг жисмонан соғлом ва маънан бой аҳолиси ҳисобланади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда тиббиёт соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, замон талабига жавоб берадиган малакали тиббий кадрлар тайёрлашга оид давлатимиз раҳбарининг қатор қарор ва фармонлари қабул қилинди. Ҳозирда соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш бўйича босқичма-босқич амалга оширилаётган ишлар ҳамда вазифаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, аҳолига биринчи даволаш профилактика ёрдами кўрсатилишининг замонавий тизими яратилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда қишлоқ жойларида аҳоли саломатлиги ҳолати патронаж тизимини сифат жиҳатдан тубдан яхшилашни талаб этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12 июлида Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам “Адолат” СДПнинг соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш шиори остида фаолият олиб бориши, бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши лозимлиги ҳақида фикр билдириб ўтган эди.

Бу — бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолининг кенг қатламларига кўрсатилган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтиришга, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олши, скрининг перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини доимий такомиллаштириб бориш тарафдори эканлиги қайд этилган. Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда партиянинг Бухоро вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар томонидан партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими, яъни тез тиббий ёрдам, патронаж хизмати, оилавий поликлиника, ҚВПларнинг фаолияти, улардаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш чоралари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш ўринлики, партиянинг Бухоро вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида соҳа билан боғлиқ муаммоларни таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш учун шакллантирилган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан вилоятда фаолият кўрсатувчи 90 та тиббиёт муассасаларидаги ҳолат ўрганилди.

Ишчи гуруҳи тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатадиган МФЙ, хонадонлар, аҳоли сони ва таркиби, ҳомиладор аёллар, диспансер назоратидаги беморлар, ногиронлар ҳамда фертил ёшидаги аёллар билан боғлиқ кўрсаткичларни ўрганди. Натижада кўпгина тиббиёт муассасаларида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги кун ҳолати, муаммолар ва ривожланиш истиқболларига бағишлаб ўтказган мажлисларида белгилаб берилган вазифалар ижросига доир ҳужжатларнинг шакллантирилмагани, муассаса ходимлари ўртасида ўрганилмагани, умуман, бу борада ҳеч қандай чора-тадбирлар режаси ёки маълум дастур ишлаб чиқилмаги аниқланди.

Айрим оилавий поликлиникалардан Президент Ш. Мирзиёев томонидан 2017 йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги кун ҳолати, муаммолар ва ривожланиш истиқболларига бағишлаб ўтказилган мажлисларда белгилаб берилган вазифалар ижросига доир ҳужжатлар сўралганда, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги  фармони ижросини таъминлаш ҳақидаги қарори” деб номланган ҳужжатлар йиғма жилдини тақдим этди. Бу эса уларнинг ўз ишига нисбатан масъулиятсизлигини ҳамда фаолиятига эътибор билан ёндашмаётганини тасдиқлайди.

Лойиҳа доирасида олиб борилган ўрганишлар мобайнида ҳудуддаги мавжуд туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси, оилавий поликлиникалар ва ҚВПлардаги патронаж хизматининг аҳволи масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, баъзи патронаж хизмати ҳамширалари ўзлари масъул бўлган ҳудуд, аҳолиси ва аҳоли таркиби, ўз функционал вазифаси ва соҳанинг меъёрий талаблари тўғрисидаги маълумотларга тўлиқ эга эмас. Ҳудудга чиққанда, ҳудуд, хонадон ва беморни қай тартибда ўрганиш лозимлигини билмаган ҳамшира қандай қилиб ўз хизмат вазифасини тўлиқ адо этиши мумкин?! Шунингдек, патронаж хизмати ҳамширалари жойларда олиб бориладиган аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган суҳбатларни амалга ошириш механизмларидан ҳам бехабарлиги аниқланди. Баъзи ҚВП ва ҚОПларда патронаж хизматида фойдаланиш учун махсус патронаж сумкалар ҳам етарли эмас. Тўғри, камчиликлар қатори ютуқлар ҳам йўқ эмас. Аммо инсоннинг жисмонан соғлом ва маънан етук бўлиб шаклланишида тўсиқ бўла оладиган кичкина хато ҳам катта бўлиб кўриниши мумкин. Айниқса, тиббиёт соҳасида.

Ушбу лойиҳа доирасида ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлардан асосий мақсад инсон саломатлигига эътибор қаратиш экан, албатта, ҳар бир ишчи гуруҳ ўз вазифасига масъулият билан ёндишди ҳамда муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

“Адолат” СДП Бухорода 100 га яқин тиббиёт муассасаси фаолиятини ўрганди was last modified: Октябрь 16th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »