“Адолат” СДП Наманганда тиббий хизмат сифатини ўрганди

4 Октябрь, 17:14 • Наманган вилояти, Парламент назорати, Сайловчилар билан учрашувлар, Янгиликлар • 57 марта кўрилди • Комментариев к записи “Адолат” СДП Наманганда тиббий хизмат сифатини ўрганди нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 июлда ўтказган видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар олдига қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда қатор тадбирларни амалга оширмоқда. Айниқса, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назоратини ўрнатиш диққат марказида турибди.

Шу йилнинг сентябрь ойи давомида ҳам «Саломатлик йўлида бирлашайлик» дастури  асосидаги  ишлар давом эттирилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари ҳамда партия фаоллари ўрганишларда қатнашиб, жойлардаги ҳақиқий аҳвол ҳақида тасаввур ҳосил қилдилар. Аниқланган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш юзасидан тегишли йўл-йўриқ ва маслаҳатлар ҳам берилди.

Баҳодир БОЛТАБОЕВ,

партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

 — Биз 12 июлдаги видеоселектор йиғилишида қўйилган визифаларни бажариш юзасидан ишлаб чиққан чора-тадбирлар дастурида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг йўлга қўйилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу жараёнда депутатлар билан биргаликда партия фаолларининг ҳам кенг иштирок этиши кўзда тутилган. Бундан кўзланган мақсад — соҳада тўпланган илғор тажрибани оммалаштириш, шу билан бирга камчилик ва нуқсонларни аниқлаб, уларнинг бартараф этилишига эришиш.

Айтиш керакки, сўнгги пайтда аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш тизими фаолиятини такомиллаштириш юзасидан бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Қатор тиббиёт муассасалари қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Бунга вилоят марказидаги 55 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган 10-оилавий поликлиникани мисол келтириш мумкин. Бу ерда қисқа муддат ичида  1 миллиард 600 миллион сўмлик таъмирлаш ва қурилиш  ишлари бажарилди. Электр энергияси, ичимлик суви тармоқлари ва канализация тизими янгиланди. Клиник диагностика хоналари, лаборатория, ЭКГ, УЗИ, марказий стерилизация, физиотерапия бўлимлари, рўйхатхона, умумий амалиёт шифокорлари учун санитария меъёрлари талабига жавоб берадиган замонавий хоналар, чоғроқ кундузги шифохона ташкил этилди. Бешта “тез ёрдам” бригадасидан иборат  шохобчаси очилди. Поликлиника “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида замонавий тиббий жиҳозлар ва энг сўнгги русумдаги компьютер технологиялари билан таъминланди.

Мустақилликнинг 26 йиллиги байрами арафасида вилоят бўйича кўплаб  оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари  қайта таъмирланган биноларда иш бошлади. Ҳозиргача 211 ҚВП ўрнида 62 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 75 қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди. Уларнинг хизмат кўрсатиш вақти эрталаб соат 8 дан кечқурун соат 20 гача қилиб белгиланди. Оилавий поликлиникаларда умумий амалиёт шифокорлари билан бирга  педиатр, терапевт, гинеколог, хирург, стоматолог каби мутахассисларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Наманган шаҳридаги оилавий поликлиникаларда «Электрон поликлиника» автоматлаштирилган ахборот тизимини  босқичма-босқич жорий этиш ишлари бошлаб юборилди.

Жойларда ўтказилган ўрганишлар ҳали тиббий хизмат кўрсатиш даражасини талаб даражасида ташкил этиш учун амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳали талай эканини кўрсатди. Хусусан, Чуст туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуасида  иссиқ сув таъминоти йўқлиги аниқланди.  Шифохонада ички дорихона ишга туширилмаган, чунки бу ердаги  табиий сув давлат стандарти талабларига жавоб бермайди.  Палаталарда штативлар  етишмаслиги муолажаларни ўз вақтида бажаришга тўсқинлик қилмоқда.  Марказий шифохонанинг болалар бўлими 60 ўринли. Бу ерда 18 хилдаги дори воситалари мавжудлиги аён бўлди. Бу эса белгиланган меъёрга нисбатан 60 фоизни ташкил этади, холос.  Қаттиқ ва юмшоқ инвентарлар эскирган. 5- ва 6-палаталарда сув тармоғи носоз холатда.

Каркидон қишлоғидаги оилавий поликлиникада 46 тиббиёт ходими ишлайди. Икки нафар умумий амалиёт шифокори етишмайди.  Бўлимда шифокорлар етишмайди. Хўжалик бўлими учун етарли миқдорда хона ажратилмаган. Ҳожатхонанинг  санитария ҳолати талабга жавоб бермайди.

 Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ мажмуасида ҳам тоза ичимлик суви  таъминоти издан чиққан. Юмшоқ инвентарлар етишмайди.  31 хил дори воситасидан 20 таси мавжуд, холос. Бўлим биноси 2016 йилда таъмирланганига қарамай,  ҳамон талаб даражасида эмас. Беш нафар юқори малкали врачга эҳтиёж бор. Тумандаги Алихон қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам қаттиқ ва юмшоқ инвентарлар етишмайди. Бу ерда физиотерапия ҳамшираси штати қисқартириб юборилгани аҳолида эътирозлар келтириб чиқарган. Чунки энди  муолажа олиш учун туман марказий поликлиникасига, яъни қарийб йигирма километрга қатнашга тўғри келмоқда.

Худди шундай мисолларни бошқа туманлардан ҳам келтириш мумкин. Албатта, аниқланган нохуш ҳолатлар юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ҳам тегишли маълумотнома жўнатилди. Энди кўриладиган чора-тадбирлар қандай самара беришини ўрганиш зарур бўлади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

“Адолат” СДП Наманганда тиббий хизмат сифатини ўрганди was last modified: Октябрь 5th, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »