“Адолат” СДПнинг поплик фаоли юксак мукофотга сазовор бўлди

7 Октябрь, 12:37 • Наманган вилояти, Янгиликлар • 43 марта кўрилди • Комментариев к записи “Адолат” СДПнинг поплик фаоли юксак мукофотга сазовор бўлди нет

Наманган вилоятидаги илғор ва намунали таълим-тарбия масканлари ҳақида гап кетганда биринчилар қатори Поп туманидаги 11-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳам тилга олинади. Бу, бежиз эмас, албатта. Ушбу педагогик жамоа 77 тажрибали ўқитувчи ва тарбиячилардан иборат. Уларнинг 8 нафари олий, 18 нафари биринчи, 21 нафари эса иккинчи тоифали мутахассисдир. Айни пайтда мазкур билим ўчоғида 464 нафар ўғил-қиз таълим олади. Таҳлим йўналишларига келсак, 9 та синф математика ва чет тиларига ихтисослашган. 7 та  синф эса кимё-биология фанларини чуқур ўрганади.

Яна бир эътиборли жиҳати – мактаб-интернатдаги ўқитувчи, тарбиячи ва техник ходимлардан 97 киши Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳисобланади. Ушбу муассасага партиямизнинг фахрий аъзоларидан бири – Музофотхон Аҳмедова директорлик қилади. У қарийб ўн йил мобайнида “Адолат” СДП туман кенгашига раҳбарлик қилиб, сафдошларимиз сони кўпайишига, уларнинг нуфузи ортишига муносиб ҳисса қўшгвн. Дарвоқе, туман кенгашининг ҳозирги раҳбари Мунира Салоҳиддинова ҳам шу даргоҳда она тили ва адабиётидан сабоқ беради.

– Педагогларимиз эришаётган ютуқларда партиядошларимизнинг ҳиссаси жуда салмоқли, —  дейди у. —  Чунки улар жамоанинг ўзагини ташкил этадилар.  Жамоатчилик ишларида фаол қатнашишдан ташқари таълим-тарбия жараёнларини такомиллаштиришда, янги педагогик технологияларни қўллашда, болаларнинг билимга интилишларини қўллаб-қувватлашда барчага намуна бўлиб келмоқдалар. Ана шундай тажрибали ва изланувчан, тиниб-тинчимас устозлардан бири Насибахон Султоновадир.

Насибахон Султонова фақат Поп туманидагина эмас, балки Наманган вилоятида ҳам кўпчилик танийдиган ўқитувчи. Чорак асрдан бери 11-ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатитида ўзбек тили ва адабиётидан дарс бериб келади. У мактаб-интернатдаги “Ижтимоий фанлар” услубий бирлашмасига ҳам етакчилик қилади.

Насибахон Султоновани  ҳамкасблари ижодкор ўқитувчи, дейишади. У йиллар давомида тинмай изланди, ижод қилди. Педагогларнинг анъанавий кенгашларида, малака ошириш курсларида, илмий-амалий анжуманларда турли мавзуларда маърузалар қилди. Синфлар бўйича тестлар банкини яратди.  Қатор услубий қўлланма ва тавсияларни ишлаб чиққан.

У йигирмадан ортиқ аълочи ўқувчилар қатнашадиган “Тилшунос” тўгарагини ҳам бошқаради. Мазкур тўгарак аъзоларидан таркиб топган “Баркамол авлод” гуруҳи аввалги ўқув йилида “Тил билимдонлари” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли учинчи ўринни эгаллади.

Бу йилги Ўқитувчилар ва мураббийлар куни партиядошимиз Насибахон Султонова учун қўшалоқ байрам бўлди. Чунки шодиёна арафасида у Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ ватандошларимиз қатори “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. том маънода халқ ўқитувчиси. Ташаббускорлиги, касбига садоқати, фидойилиги билан ҳамкасблари ва жамоатчиликка яхши танилган  муаллимани жамоа аъзолари чин дилдан самимий табрикладилар.

— Насибахон мактабда ўқиб юрган пайтидаёқ ўқитувчи касбига меҳр қўйди, — дейди мактаб интернат директорининг ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Ғафуржон Алижонов. — Шунинг учун мактабни битиргач, Наманган давлат университетининг филология факультетига ўқишга кирди. Олий маълумотли ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси дипломини олгач эса ушбу мактаб-интернатга ишга келди. Ўтган давр мобайнида минглаб ўғил-қизларга сабоқ бердиб, мустақил ҳаётга йўл олишлари учун кўмаклашди.

Насибахон  муаллимликни ғоят шарафли ва олижаноб касб деб ҳисоблайди. Билим бериш, илм ўргатиш,  тарбиялашни чўлда бўстон яратиш билан тенглаштиради. Ўқитувчи ҳар бир ўқувчига ўз фарзандидек муносабатда бўлиб, билим берар экан, ўзи ҳам тинмай ўқийди, изланади. Унинг таълим-тарбия жараёнидаги ташаббускорлиги, эришган муваффақиятлари муносиб тақдирланиб, 2006 йилда “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Мана энди эса “Меҳнат шуҳрати” орденига муносиб кўрилди.

– Юксак мукофот ҳар бир кишини ниҳоятда тўлқинлантиради, — дейди Насибахон Султонова. – Мен ҳам ўзимнинг исми-шарифимни Президент Фармони сатрларида кўриб, жуда ҳаяжонландим. Камтарона меҳнатимга  берилган баҳо менга фахр ва ғурур бахш этди. Касбимга меҳрим янада ортди. Келгусида янада фидокорона меҳнат қилишга, ёшларимизнинг Ватанга садоқатли фарзандлар бўлиб етишиши учун муносиб ҳисса қўшишга аҳд этдим.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ. Ўзбекистон

 “Адолат” СДП Наманган вилоят

Кенаши матбуот котиби

“Адолат” СДПнинг поплик фаоли юксак мукофотга сазовор бўлди was last modified: Октябрь 7th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »