Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор

13 Октябрь, 11:54 • Бухоро вилояти, Депутатлик гуруҳи, Янгиликлар • 69 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор нет

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида партия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари жойларда бўлиб, мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этишда ҳаракат қилиб келишмоқда. Жумладан, партиянинг Шофиркон туман Кенгаши ходим ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги “Темирчи” МФЙда бўлишди ҳамда 11 хонадон ва 2 ижтимоий ташкилотни ўрганиш давомида қатор муаммоларнинг борлигини аниқлашди. Хусусан, фуқаролар Юсуф Тўев, Жасур Нарзиев, Ибодулло Муқимовлар ўз вақтида суюлтирилган газнинг етказиб берилмаётгани, Аслон Очилов ўнг кўзи умуман кўрмаётганлиги ҳамда уни даволашда қийналаётганлиги тўғрисида мурожаат қилди. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари Ҳамрогул Ашурова ва Карим Бомуродов мазкур масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга ўзининг депутатлик сўровлари билан мурожаат қилишди ҳамда депутатлик назорати ўрнатилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари “Темирчи” МФЙда ўтказилган аввалги учрашувда фуқаролар Элёр Муҳиддинов ва Лазиз Тўраев моддий ёрдам ва нафақа пуллари олишда муаммоларга дуч келганини билдирган эди. Навбатдаги учрашувда эса ушбу масалалар ўз ечимини топгани маълум бўлди.

Партиянинг Пешкў туман Кенгаши ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги “Боғимусо” МФЙда бўлиб, фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни ўрганишди. Муаммоларни келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Аҳолининг аксарият қисми ички йўлларнинг носозлиги билан боғлиқ. Бу борада жамоатчилик назорати ўрнатиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Фуқаролар мурожаати доим партия ишчи гуруҳ аъзоларининг эътиборида бўлмоғи лозим. Уларни ҳал этишда шунчаки эмас, балки астойдил ҳаракат қилинсагина ижобий ечимларга эришилади. Зеро, аҳоли мурожаати ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслиги лозим. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор.

Собир БОТИРОВ,

Партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши бош мутахассиси

 

Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор was last modified: Октябрь 13th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »