Қарор ижроси депутатлар назоратида

2 Октябрь, 12:55 • Депутат минбари, Муносабат, Навоий вилояти, Янгиликлар • 52 марта кўрилди • Комментариев к записи Қарор ижроси депутатлар назоратида нет

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 25 сентябрда қабул қилинган “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори биз, “Адолат”чи депутатлар учун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг изчил ҳаётга тадбиқ этилишига даҳлдорлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Қарорда таъкидланганидек, мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилашга, шу жумладан, сув объектларини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, тошқин ва сел ходисаларида фавқулотда ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунинг билан бир пайтда, қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқлар дарё ўзанлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналари, кўллар, сув омборлари, каналлар, коллекторлар ва бошқа сув объектларини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишда қум-шағал материалларини рухсатсиз қазиб чиқариш учун шарт-шароитлар яратмоқда. Ўз навбатида, қум-шағал материалларининг рухсатсиз қазиб чиқарилиши аксарият ҳолларда ер усти ва ер ости сувлари камайиб кетиши, сувни муҳофаза қилиш зоналари ботқоқланиши ва ифлосланиши, уларнинг қирғоқлари, суғориш тизимлари, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектларининг бузилишига, шунингдек, фавқулотда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда.

Қарорда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларининг ноқонуний амалга оширилишига йўл қўймаслик, атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш, шунингдек, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш, экологик вазиятни яхшилашга қаратилган талаблар белгиланганлиги эътиборга сазовордир. Жумладан, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишни тартибга солиш, унинг экологияга таъсирини бартараф этиш мақсадида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлашда амалга ошириладиган мазкур фаолият лицензияланиши шарт эканлиги алоҳида таъкидланган. Бундан буён дарёлар ўзанларида норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқи учун лицензия Норуда қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш бўйича Вазирлар Маҳкамаси Комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 2 майдаги ПҚ-1524-сонли қарори билан белгиланган тартибда тасдиқланган заҳиралар мавжудлиги ва сув режимига салбий таъсирга йўл қўймаслик шарти билан берилиши эса бу борадаги фаолиятни тартибга солади.

Ушбу қарорнинг рўёбга чиқарилиши, шак-шубҳасиз, дарё ва сув ҳавзалар ининг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишни, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишни тартибга солиш, шунингдек, қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олишнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш имконини беради.

Халқ депутатлари  Навоий  шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлар гуруҳининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимиз Президентининг мазкур қарори тарғиботини амалга ошириш, сайловчилар билан учрашув ва мулоқотларда унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тушунтириш, ҳудуддаги ижроси устидан депутатлик назоратини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилиб, бу борадаги вазифалар белгилаб олинди.

Шовдир АСАТОВ,

халқ депутатлари Навоий шаҳар
Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутати.

Қарор ижроси депутатлар назоратида was last modified: Октябрь 2nd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »