Бухорода ертўладан ўтган хавфли кабель депутат аралашуви билан олиб ташланди

23 Октябрь, 16:31 • Бухоро вилояти, Депутатлик гуруҳи, Янгиликлар • 32 марта кўрилди • Комментариев к записи Бухорода ертўладан ўтган хавфли кабель депутат аралашуви билан олиб ташланди нет

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси остида ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари партия ходимлари ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ҳудудларда бўлиб, мавжуд муаммоларнинг ижобий ечимини топишда кўмаклашмоқда. Бунда ҳар бир фуқаро билан дилдан суҳбатлашиб, ечилмай қолган муаммоларга биргаликда ечим изланаётгани бор гап. Халқ депутатлари Когон шаҳар кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзолари фаолияти ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Келинг, мисолларга мурожаат қилсак.

Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати Дилфуза Эргашова бир қатор фуқароларнинг ҳал этилмай келаётган мурожаатларини ечди. Жумладан, Когон шаҳар, “Қоровулбозоршоҳ” кўчасида истиқомат қилувчи Шаҳло Камолованинг 2011-2014 йилдан буён ишсизлиги тўғрисидаги ёзма мурожаати асосида Когон шаҳар Бандлик маркази директори А.Эшовга депутатлик сўрови киритилди ва фуқаро Шаҳло Камолова шаҳардаги 11-сонли мактабгача таълим муассасасига ишга жойлаштирилди. Шунингдек, ушбу МФЙдаги 13-14-уйнинг ертўла қисмида 380 V кабел ўтганлиги ва бу эса фуқаролар учун хавфли эканлиги, ёнғин чиқиш ҳодисаси рўй бериши мумкинлиги аҳоли томонидан билдирилгач, депутат Когон “Электр таъминоти” корхонасига  ўзининг депутатлик сўрови билан мурожаат қилди ва муаммо ўз ечимини топди. Фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланди.

Депутатлик гуруҳи аъзоси Жобир Ҳакимов ҳам ўз фаолиятига масъулият билан ёндашган ҳолда фуқаролар мурожаатларининг ижобий ечимини топишда кўмаклашмоқда. Когон шаҳридаги “Темирйўлчи” МФЙга қарашли Зебинисо кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашган чоғида ички йўлларнинг носозлиги билан боғлиқ мурожаати ўзининг ижобий ечимини топди: депутат томонидан туман “Ободонлаштириш” бошқармасига киритилган депутатлик сўрови натижасида ҳудуднинг 2 километрга яқин йўли асфальтлаштирилди. Шу билан бирга кўчанинг тунги чироқлари ҳам таъмирланди.

“Амир Темур” МФЙ Мафтункор кўчасида яшовчи 2010 йилда туғилган,  биринчи гуруҳ ногирони Гуласал Низомовани  мактаб ёшига етганлиги сабабли уйда бепул билим олиши учун  унинг оила аъзолари томонидан қилинган оғзаки мурожаати депутат Жобир Хакимов томонидан шаҳар ҳалқ таълими бўлимига  киритилган депутатлик сўрови орқали ҳал этилди.  Гуласал Низомова тиббий кўрикдан ўтказилиб, уйда таълим олиш имконига эга бўлди.

Шунингдек, “Ифтихор” кўчаси  1-уйда яшовчи  фуқаро Бахшулло Ҳасановнинг ногиронлик аравачаси ажратиш бўйича қилган мурожаати ҳам депутат Жобир Хакимов томонидан ҳал этилди. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан фуқаро ногиронлик аравачаси билан таъминланди.

Партиянинг “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида депутатлик гуруҳи аъзолари Когон шаҳридаги умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларида “Ясси оёқлик” ва “Сколиоз”касалликлари билан боғлиқ бўлган муаммолар ҳамда  ушбу лойиха доирасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизимини ўрганиб чиқиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.  Ўрганишлар жараёнида шаҳардаги 4-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Асадбек Сайфуддиновнинг скалиоз билан касалланганлиги ҳамда махсус мактаб-интернатига жойлаштира олинмаётганлиги айтилди. Ушбу муаммони депутатлик гуруҳи аъзоларидан бири Нодира Мўминова ижобий ҳал этган ҳолда Асадбек Сайфуддиновни Бухоро шаҳридаги 21-махсус мактаб интернатига жойлаштиришга кўмаклашди. Депутат кўмагида Когон шаҳридаги 5-сон “Эртак” МТМнинг телефон кабелларининг носозлиги ҳам таъмирланди.

Когон шаҳридаги 20-сайлов округи “Хўжабарги” МФЙ ҳудудидан сайланган, Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати Муҳиддин Самиевнинг фуқаролар билан олиб борган мулоқоти асносида бир қатор мурожаатлар келиб тушган. Айни шу мурожаатлар асосида депутат ташкилотларга ўз депутатлик сўрови билан чиқар экан, шубҳасиз, сўровлари бирма-бир ижобий ҳал этилди. Жумладан, “Хўжабарги” маҳалласидаги хонадонлар сонининг  йиллар давомида кўпайиши натижасида  хонадонларга оқава газ етказиб берувчи ГМП (газни маромлаш пункти)нинг қуввати етарли бўлмаётганлиги сабабли маҳалла худудига қўшимча битта ГМП (газни маромлаш пункти)ни ўрнатишлари юзасидан мурожаат келиб тушган эди. Депутатлик гуруҳи аъзоси Муҳиддин Самиев аҳолининг ушбу муаммосини ҳал этиш мақсадида “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонасининг “Когонгаз” филиалига   ўзининг депутатлик сўрови билан мурожаат қилди ҳамда сўров ижобий ечимини топди.

Ушбу ташкилот раҳбарияти билан ҳамкорликда муаммо янада чуқурроқ ўрганилди. Бугунги кунда фуқароларнинг билдирилган мурожаатлари асосида маҳалла худудида аҳоли билан келишилган қўшимча ГМП (газни маромлаш пункти) ўрнатилди. Ҳудуд аҳолиси бундан жуда мамнун.

Депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси Қурбон Турсунов ҳам фуқароларнинг қатор муаммоларининг ижобий ечимини топишда кўмаклашмоқда. Хусусан, шаҳардаги “Бунёдкор” МФЙга қарашли “Маҳмуд Таробий” кўчаси фуқаролари қиш-баҳор мавсумида ёғингарчилик натижасида ер ости сизот сувлари сатҳга кўтарилиб, иншоотларга катта зарар етказаётганлиги, экилган мавжуд кўчатларнинг қуриб қолаётганлиги билан мурожаат қилишар экан, депутат томонидан шаҳар “Ободонлаштириш” бошқармасига киритилган сўрови билан ҳал этилди. Ушбу ҳудудда 2 та ер ости тик қудуғи ташкил қилинди. Аҳоли мурожаати ижобий ечим топди.

Ушбу депутатлик гуруҳи партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида Когон шаҳридаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларда тиббий хизмат сифатини  ўрганган ҳолда “Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари” доимий комиссиясига, “Адолат қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида Когон шаҳридаги Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни Давлат архивларига топшириш ишларининг аҳволи ҳамда “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Когон шаҳрида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими (тез тиббий ёрдам, потранаж хизмати, оилавий поликлиника ва ШВПлар фаолияти) билан боғлиқ муаммоларнинг ўрганиш натижалари “Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари” доимий комиссиясига киритилди.

Депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан ҳар бир муаммога алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Қувонарлиси, улар аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотларга йўллаган сўровлари ўз муддатларида ижобий ҳал этилмоқда.

Бугунги давр депутатлар олдига муҳим вазифаларни қўймоқда. Замон талаби даражасида ишлаш, ўз навбатида, депутатларни янада ташаббускор, қатъиятли ва фидойи бўлишига ундайди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Бухорода ертўладан ўтган хавфли кабель депутат аралашуви билан олиб ташланди was last modified: Октябрь 23rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »