Бухородаги таълим муассасаларида тиббий хизмат сифати қай даражада?

11 Октябрь, 15:26 • Бухоро вилояти, Депутатлик гуруҳи, Янгиликлар • 100 марта кўрилди • Комментариев к записи Бухородаги таълим муассасаларида тиббий хизмат сифати қай даражада? нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида  синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, эмлашлар даврийлиги ҳамда тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатларини чуқур ўрганиш ва юзага келган муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этишда маҳаллий депутатларни жалб этиш мақсадида  “Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида 2017 йилнинг апрел-май ва сентябрь ойларида республикамиздаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ўрганишлар олиб борилган эди.

Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам Бухоро шаҳридаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ушбу соҳада олиб борилаётган ишларни ўрганиб чиқиб, шаҳар Кенгашининг “Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари” доимий комиссиясига масала  киритилганди ҳам. Аммо сентябрь ойида олиб борилган қайта ўрганишлар аниқланган муаммоларнинг анчагинаси ҳали ҳам ечимини топмай турганига гувоҳ бўлишди.

Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳининг бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида депутатлик гуруҳи Бухоро шаҳар  тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ҳ.Сафаров ҳамда Халқ таълими муассасаларини фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш шахар бўлими раҳбари З.Тўйеванинг ушбу соҳада олиб борган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини эшитди.

Йиғилишда Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси “Мактаб ва мактабгача тарбия муассасаларида тиббий хизмат” бўлими бошлиғи Елена Гулямова ўз сўзида  Бухоро шаҳридаги умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача тарбия масканларида  партия депутатлик гуруҳи томонидан аниқланган муаммо ва камчиликлар ҳақиқатдан ҳам мавжудлигини айтиб ўтди.

Айниқса, мактаб ва МТМларда педиатр шифокор кадрлар етишмаслиги туфайли вакант жойларнинг кўплиги, ҳозирги вақтда ишлаётган шифокорларнинг 70 фоизини эса пенсионер шифокорлар ташкил этиши, афсуски, бор гап.  Бугун 13 та умумтаълим мактабида шифокорлар фаолият кўрсатмаяпти. Ёш педиатр шифокорларни ишга таклиф этиш учун ҳам тиббиёт бирлашмаси томонидан ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаган. Мактаб ва МТМларда тиббиёт хоналари етишмайди ё бўлмаса талабга жавоб бермайди. Бир неча умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг тиббиёт хоналари умуман талабга жавоб бермайди. Тиббиёт жиҳозлари етишмайди ё бўлмаса жуда эскириб кетган.

Ориф Эгамов, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати:

Фарзандлар бизнинг келажагимиз. Ҳар доим уларнинг соғлигига эътибор билан ёндашмоғимиз лозим. Партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида олиб борган ўрганишларимиз давомида шаҳримизда мавжуд баъзи мактаб ва мактабгача таълим муссасаларидаги камчиликларга кўз юмиб бўлмайди, албатта. Хусусан, 26-, 75-, 78-мактабгача таълим муассасаларида тиббиёт хоналари умуман талабга жавоб бермайди, тиббиёт анжомлари йўқ. Бу эса фарзандларимиз соғлигига катта зарар келтиради. Бугунги депутатлик гуруҳининг бўлиб ўтган йиғилишидан асосий мақсад ҳам мутассадди ташкилот ходимларининг бу борада олиб бораётган амалий ишлари тўғрисидаги ҳисоботини тинглаш ҳамда уларнинг амалий натижаларини кўришдир.

Мактаб ва МТМларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг 2017 йилда 25 таси малакасини оширганига қарамасдан, бугунги кунга келиб ҳали ҳам 24  нафар тиббиёт ходими малакасини оширмаган. Сабаби негадир “Мактабгача таълим муассасалари фаолияти тўғрисида”ги Низомда тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бепул деб ёзиб қўйилган бўлишига қарамай, ҳамширалар пул тўлаб малакасини оширишга мажбур бўлишмоқда. Шу билан бирга баъзи мактаб ва МТМларда болалар сони камлиги сабабли тиббиёт ходими 0,5 ҳиссага ишлайди. Ўз-ўзидан ярим ҳиссага ишлаётган ходим тушдан кейин уйига кетиб қолади. Бу эса “Тушдан кейин болаларнинг саломатлигига ким жавобгар?”, деган саволнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Бухоро шаҳридаги 38, 19, 2 –сонли умумтаълим мактабларида синфларда болалар сонининг кўплиги йил бошидан аниқ бўлишига қарамасдан негадир ДСЭНМ Бухоро шаҳар бўлими бунга етарли эътибор қаратмаган.

Мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганликда ҳам бир қатор муаммолар кўзга ташланиб қолмоқда. СанПин нормасида кўрсатилган тиббиёт хоналарида бўлиши лозим бўлган   дори-дармонлар шаҳар Молия бошқармасининг талабига асосан давлат тасарруфидаги “Дори-дармон” МЧЖга тегишли марказий дорихонадан олинар экан. Аммо негадир республикамизда топилиши муаммо бўлмаган оддий дорилар ҳам доим бу дорихонада етишмайди. Шу туфайли мактаб ва МТМ шифокорлари бу дори-дармонларни сотиб олишмаяпти ё бўлмаса ўрнига болалар соғлигига ва ёшига тўғри келмайдиган дориларни алмаштириб беришмоқда.

Бу муаммолар маҳаллий кенгаш депутатлари орасида ҳам қатор тортишувларга сабаб бўлди. Натижада ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар бўйича умумлаштирилган таҳлилий маълумотлар тайёрланиши ва халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясига ушбу масала киритилишига келишиб олинди. Шу билан бирга маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан қатор масъул ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди.

  Дилбар Ҳамдамова,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Бухоро

шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари  

Бухородаги таълим муассасаларида тиббий хизмат сифати қай даражада? was last modified: Октябрь 11th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »