Чортоқда “Адолат” билимдонлари аниқланди

25 Октябрь, 17:40 • Кўрик-танлов, Наманган вилояти, Партия ташкилотларида, Янгиликлар • 103 марта кўрилди • Комментариев к записи Чортоқда “Адолат” билимдонлари аниқланди нет

Партиянинг “Ватан келажаги — ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Адолат” билимдони” кўрик-танловининг Чортоқ туман босқичи бўлиб ўтди. Унда бир қатор касб-ҳунар коллежларининг иқтидорли ўқувчилари иштирок этдилар. Улар туман марказидаги болалар мусиқа ва санъат мактабининг томоша залида ўзаро баҳслашдилар.

— Биз тадбирни ўтказишдан олдин жойлардаги фаолларимиз ёрдамида тушунтириш ишларини олиб бордик, — дейди   Ўзбекистон “Адолат” СДП Чортоқ   туман Кенгаши раиси Ҳабиба Мирабдуллаева. — Улар  кўрик-танловнинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари, Низоми талаблари ҳақида сўзлаб бердилар. Шу каби тадбирлар жамиятда қонун устуворлиги ва барқарорлигини таъминлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий, сиёсий таълим-тарбияни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эгалиги барчага маъқул тушди. Хоҳловчилар кўплигидан дастлаб ҳудудий саралаш босқичларини ўтказишга ҳам тўғри келди. Туман босқичига эса беш нафар иштирокчи таклиф этилди.

Кўрик-танлов туман босқичидан кейиноқ ғолиблик учун кураш, асосан, уч иштирокчи ўртасида кетишига ишонч ҳосил қилдик. Булар Муштарий Йўлдошева (педагогика коллежи), Юлдуз Баҳодирова (тиббиёт коллежи) ва Комил Ҳамидов (маиший хизмат кўрсатиш коллежи) эдилар. Улар “Таништирув”да деярли бир хил миқдорда балл тўпладилар. Иккинчи шарт – сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги билимлар беллашуви (савол-жавоблар)да эса Муштарий олдинга чиқиб олди. У қўйилган саволларга аниқ ва тўғри, батафсил жавоб берди. Бу эса албатта, ҳайъат аъзоларининг эътиборидан четда қолмади.

Учинчи шартда “Ўзбекистон “Адолат” СДП – менинг тасаввуримда” мавзусида ижодий иш тайёрлаш вазифаси белгиланганди. Муштарий бу борада ҳам ўзининг топқирлиги ва зукколигини кўрсатди. У партиянинг жамиятдаги икки нохуш ҳолат – коррупция ва одам савдосига қарши кураш борасидаги ишларига бағишланган саҳна кўринишларини намойиш этди. Шунингдек, Муштарий “Адолат” СДПнинг танилувчанлигини янада оширишга хизмат қиладиган иккита қизиқарли таклифни ҳам ўртага ташлади. Улардан бири “Адолат” ёшлари” газетасини ташкил этиш бўлса, бошқаси эса “Партия – менинг тасаввуримда” лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат эди.

— Мен аввал ҳам кўплаб кўрик-танловларда қатнашганман, — дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Умида Абдуллаева. — Аммо бу сафар  барча иштирокчилар пухта тайёргарлик кўрганликлари яққол кўзга ташланди. Олдин қатнашчилар кўпроқ сиёсий-ҳуқуқий саволларга тўғри жавоб беришда оқсардилар. Ҳозир ан шу каби камчилик ҳам кўзга ташланмади.

Кўрик-танлов якуний натижасига кўра педагогика коллежи ўқувчиси Муштарий Йўлдошева ғолиб чиқди. У вилоят босқичида иштирок этади. Иккинчи ва учинчи ўринларни эса Юлдуз Баҳодирова ва Комил Ҳамидов эгалладилар. Барча иштирокчилар “Адолат” СДП туман кенгашининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП 

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Чортоқда “Адолат” билимдонлари аниқланди was last modified: Октябрь 25th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »