Депутат аралашгач фуқаро уй-жой билан таъминланди

18 Октябрь, 12:48 • Депутатлик гуруҳи, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 48 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутат аралашгач фуқаро уй-жой билан таъминланди нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Ургут туман Кенгаши депутатлари ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ҳудуддаги аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиб, одамларни ўйлантираётган масалаларга ўз вақтида ечим топишга интилмоқда.

Халқ депутатлари туман Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи  аъзоси Мадина Баратова тумандаги Қизилбош, Ўзбекистон ҳамда Мирзақишлоқ маҳаллаларида аҳоли билан мулоқотлар ўтказиб, маҳалладаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонларга амалий ёрдам кўрсатилишига эришди. Масалан, неча йиллардан буён умуртқа поғонаси касалликлари ҳамда туберкулёз касаллиги билан олишиб, соғлигини тиклаш йўлида даволаниб келаётган Ўзбекистон МФЙда яшовчи Дилбар Аҳмедова боқувчисини йўқотганлиги сабабли, тиббий ёрдамга муҳтожлигини, дори дармонлар учун маблағ етишмаётганлигини айтиб мурожаат қилди. Депутат ташаббуси билан фуқаро Д.Аҳмедовага 32 турдаги дори-дармон воситалари ажратилди, фуқаронинг ногиронлик нафақасига чиқаришда амалий ёрдам сўраб туман тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўрови киритилди. Ушбу масала тез орада ҳал бўлиши кутилмоқда.

Қизилбош МФЙда яшовчи Ойдин Каримова турмуш ўртоғининг  вафотидан сўнг вояга етмаган икки нафар фарзанди билан анча қийналиб қолди. Боз устида яшаш учун уй-жойи йўқлиги сабабли болалари билан темир вагонда яшаб келаётган эди. Депутат М Баратованинг саъй ҳаракати туфайли Республика Касаба уюшмалари ташкилотлари федерациясининг қарори чиқарилди. Унга кўра 2017 йилнинг декабр ойига қадар тумандаги кам таъминланган оилалар учун қурилаётган уй-жойлардан О.Каримовага ажратилиши, харажатлар эса федерация томонидан қопланиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, “Мирзақишлоқ” МФЙда яшовчи фуқаро Маъруфжон Муқимов хонадонга ташриф буюрилганда, хонадон соҳиби оилавий шароити туфайли қорамолга эҳтиёжи бору, имконияти йўқлигини билдирди. Шундан сўнг депутат сўровига биноан кам таъминланган оила туман касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан қорамол билан таъминланадиган бўлди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бироқ энг асосийси — “Адолат” СДП партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари аҳоли мурожаатлари асосида уларнинг манфаатлари таъминланаётгани, одамларнинг партия ва депутатларга бўлган ишончи ортаётганини кенг жамоатчилик эътироф этмоқда. Бундай саъй-ҳаракатларни изчил давом эттирамиз.

 Обиджон РАҲМАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Ургут туман Кенгаши мутахассиси

Депутат аралашгач фуқаро уй-жой билан таъминланди was last modified: Октябрь 18th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »