Депутат иши амалий ишлар билан ўлчанади

18 Октябрь, 15:00 • Депутат минбари, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 59 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутат иши амалий ишлар билан ўлчанади нет

Президентимиз таъкидлаганидек, бугун ҳақиқий депутат халқ кўнглига йўл топиб, уларни эзгулика, бунёдкорликка даъват қилади ва ўзи ҳам одамлар юрагидан жой олади. Бу борада “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан ҳар ҳафта депутат ва фаолларнинг аҳоли билан уюштираётган юзма-юз мулоқотлари халқ билан мустаҳкам алоқа ўрнатишни таъминламоқда.

Кези келганда айтиш ўринлики, Шаҳрисабз туманидаги Чоршанби, Мираки, Қани каби қишлоқ ва маҳаллалардан ҳозиргача 80 дан ортиқ  ёзма ва оғзаки мурожаатлар келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг аксарият қисми ижобий ҳал қилинди. Қолганлари эса тумандаги мутасадди ташкилотлар томонидан бажарилиш учун юборилди ва назоратга олинди.

Келинг, мисолларга мурожаат қилсак. Депутатлик гуруҳимиз аъзолари “Қиёмшайх” қишлоқ фуқаролар йиғини  аҳолиси билан уюштирилган учрашувида одамлар тоза ичимлик суви муаммо бўлаётганини маълум қилишди. Ушбу масала юзасидан депутат Дўстмурод Мирзоев туман ҳокимига депутатлик сўрови юборди. Сўровдан сўнг ушбу масала тезда ижобий ечим топди. “Қиёмшайх” ҚФЙ аҳолисининг тоза ичимлик суви масаласи ва баъзи кўчаларда сим ёғоч етишмаслиги муаммоси сентябр ойида депутатларимиз саъи-ҳаракати билан халқ депутатлари туман Кенгашининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссиясида кўриб чиқилди. Ушбу масала тез кунларда сессия кун тартибига ҳам қўйилиши режалаштирилган. Шунингдек, депутатлик гуруҳи аъзоси Низом Очилов ташаббуси билан туман худудида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун ер ажратиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, ночор оилаларга уй-жой қуриш учун ер бериш масалалари шу йил июнь ойида халқ депутатлари туман Кенгашининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссияси йиғилишида муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан назоратга олинган.

Депуталик гуруҳимиз аъзолари туман Кенгаши сессияларида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид ўз таклиф ва ташаббуслари билан дадил чиқишиб, сайловчиларнинг мурожаатларига ҳам бефарқ эмаслар. “Оқсарой” МФЙда яшовчи фуқаро Равшан Қодиров пиёдалар йўлакчасида сув тўпланаётгани туфайли юриш қийин бўлаётгани  хусусида муражаат қилган эди. Ушбу муаммо юзасидан мен туман пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхонаси раҳбари номига депутатлик сўрови юбордим. Натижада сентябр ойида ушбу масала ижобий ҳал этилди.

Гуруҳимиз аъзолари  туманимиз аҳолиси бандлигини таъминлашга ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келишаяпти. “Зиёкор” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар Муҳиба Зикриллаева, Фарход Аминжонов, Фарзона Солиховалар депутат Низом Очиловга ишга жойлашишида ёрдам беришини сўраб мурожаат қилишган эди. Депутатнинг ўз вақтида юборган сўровига асосан юқорида номлари зикр этилган фуқаролар туман ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш департаментига ишга жойлаштирилди.

Депутат Дўстмурод Мирзоев тумандаги Ёмчи қишлоғи фуқароси Сарвар Хуррамовдан Хабарлик маҳалласи ички йўлларини таъмирлаш юзасидан шикоят олганди. Ушбу муаммони депутат туман Кенгашининг август ойида ўтган навбатдаги сессиясига масала сифатида киритишга  муваффақ бўлди. Ниҳоят ушбу аҳолини қийнаб келаётган муаммо депутатимиз аралашуви ва бевосита кўмаги туфайли туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2018 йил 1-чорагидаги белгиланган дастурига ижросини таъминлаш учун киритилди.

Яқинда тумандаги 31-мактабгача  таълим муассасаси тарбиячилари номидан хат келиб тушди. Уна айтилишича, таълим муассасаси девори таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ушбу муаммони ҳал этиш учун туман ҳокими номига депутатлик сўрови юбордим. Бу масалани ҳозир туман ҳокимлиги мутахассислари  обдон ўрганиб чиқишаяпти.

Депутатларимиз саъи-ҳаракати туфайли Шўржи қишлоғида Нигина Ҳалимова, Нигина Ҳазратқуловалар тикувчилик цехи, Умид Кўчкинов автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчаси, Жасур Мусурмонов эса савдо дўкони очишга эришди. Бундан ташқари, депутат Низом Очиловнинг беғараз кўмаги эвазига Дўстлик маҳалласи аҳолисининг электр  энергияси таъминотини яхшилаш учун 15 та  симёғоч ўрнатилди. Сарвар Боқиев, Вазира Нажимоваларни қилган мурожаатларига асосан, гуруҳимиз аъзолари ўрганиб чиқиб, мутахассисларнинг аниқ хулосаларига асосан, фуқароларга 2-гуруҳ ногиронлиги тайинланишида ёрдам бердилар. Фуқаролар Фарход Қиёмов, Илҳом Пардаев, Вазира Латиповаларнинг мурожаатларига асосан, Мираки, Қиёмшайх ҚФЙлари ҳудудида тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш, ёшларни спортга жалб этиш борасида депутатларимиз томонидан ишлар олиб борилаяпти. Маҳаллаларда уюшмаган ёшларнинг 4 нафари ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди. Депутат Низом Очиловнинг ташаббуси билан ҳозиргача ўндан ортиқ маҳаллаларда уюшмаган ёшларни спортга жалб этиш мақсадида турли мусобақалар ўтказиш учун 16 та тўгараклар ташкил этилди.

Нажмиддин МАҲМУДОВ,

халқ депутатлари Шахрисабз туман Кенгашидаги

“Адолат” СДП гуруҳи раҳбари

Депутат иши амалий ишлар билан ўлчанади was last modified: Октябрь 18th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »