Эл отаси эди…

25 Октябрь, 11:27 • Жамият, Жиззах вилояти, Янгиликлар • 158 марта кўрилди • Комментариев к записи Эл отаси эди… нет

Атоқли  давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланади

Шу кунларда мамлакатимизда атоқли давлат арборби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ушбу тадбир юртимиз Мустақиллигининг 26 йиллиги билан бевосита уйғун ва ҳамоҳанг десак, муболаға эмас.

Биз Шароф Рашидов сиймосида икки Рашидовни биламиз. Бири —атоқли давлат ва жамоат арбоби. Иккинчиси — алп ёзувчи. Бири — катта сиёсатчи, иккинчиси — инсонпарвар, мутафаккир адиб.

Шароф Рашидов асарларида ўз дардини сатрлар қатига яширди, ҳалолликни, меҳнатни, шижоатни улуғлади. Энг яхши асарларида қайноқ чўғ бўлиб яшнаган саҳифалар орасида унинг ойдин орзу-армонлари, халқнинг қора меҳнати ва тақдири тасвири балқиб туради.

Айтиш мумкинки, у чин маънода ўз халқининг садоқатли фарзанди, ўз Ватанининг фидойи фуқароси, эл отаси эди. Қўли қадоқ, елкаси яғир, уст-боши юпун бўлган оддий меҳнаткаш, ўз миллатининг ўғил-қизлари, Алпомишу Барчинойлари, Рустами достону, Моҳинбонулари қандай аҳволда яшаётганини ўз кўзи билан кўриб турар эди.

Эҳтимол, ўз халқига озодлик, эрк, бахт-иқбол қанчалар етишмаслигини ҳеч ким унингчалик чуқур ҳис этмагандир. Эҳтимол, марказнинг миллий республикаларга, жумладан Шарқ “машъали”, “тенглар ичра тенг” Ўзбекистонга зуғумию иддаолари қанчалар қимматга тушаётганини ҳеч ким унингчалик кўра олмагандир. Эҳтимол, иқтисодий, ижтимоий ва миллий истибдод абадий эмаслиги, бир кунмас-бир кун бизнинг ҳам диёримизда, буюк Амир Темур Ватанида омон-омонлик бўлиши, азиз юртимиз узра мустақиллик туғи баланд кўтарилиши ва барқарор бўлиб қолишини ҳеч ким унингчалик тасаввур қила олмагандир. Мана шу устувор, дардчил ўй-фикрларнинг барчаси тўкис ҳолда унинг асарларида баралла янгради.

Таассуфки, собиқ Марказ — “қизил империя” қадриятларимизни таҳқирлади. Ўтмишимиздан, илдизимиздан жудо қилиш мақсадида ҳамма найрангларни ишга солди. 80-йилларнинг ўрталарида бўлиб ўтган оммавий қатағон даврида юртимизга, халқимизга лой чаплаш мақсадида Шароф Рашидов хотирасига ҳам туҳмат ва бўҳтон уюштирилди.

Бу йил атоқли давлат ва жамоат арбоби, ўзбек халқининг асл фарзанди Шароф Рашидов таваллудига 100 йил тўлади. Шу муносабат билан республикамизнинг барча ҳудудларида, жумладан Жиззах шаҳрида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Шаҳар марказида Шароф Рашидов номидаги янги боғ барпо этилиб, унинг бьюсти ўрнатилди. Шунингдек, Шароф Рашидов номли шоҳ кўчада жойлашган Ю.Ражабий номидаги мусиқали драма театри биноси тўлиқ қайта  таъмирланмоқда. Қурилиш-таъмирлаш ишлари шу кеча-кундузда охирига етказилиб, Ш.Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар шу бинода ўтказилиши режалаштирилган.

Бу эса, атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовга бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг юксак ифодасидир.

Пўлат ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Эл отаси эди… was last modified: Октябрь 25th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »