Ер ўзининг асл эгасини топсагина гуллаб-яшнайди

10 Октябрь, 14:53 • Қорақалпоғистон Республикаси, Муносабат, Янгиликлар • 82 марта кўрилди • Комментариев к записи Ер ўзининг асл эгасини топсагина гуллаб-яшнайди нет

Ҳар бир инсон ўз меҳнатининг қадр топишини, шу орқали элу юрт олдида обрў – эътиборга эришишни ният қилади.

Мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш масаласи, қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини тараққий эттиришда етакчи куч саналган деҳқон-фермерларимиз фаолиятини тўғри йўлга қўйиш билан ҳар томонлама боғлиқдир.

Бу борада мамлакатимизда истиқлол йилларида фермерлик ҳаракати, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш каби йўналишларда қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.

Куни кеча қабул қилинган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент
 Фармони 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

 Ушбу фармон билан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг аниқ устувор йўналишлари белгилаб берилганлиги диққатга сазовор.

Айтиш керакки, соҳада эришилган ютуқлар билан бирга ўз ечимини кутиб турган қатор муаммо ва камчиликлар тўпланиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас.  Мамлакатимизда бундан беш йил олдин ташкил этилган Ўзбекистон фермерлари кенгаши фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш юзасидан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни етарли даражада амалга ошириб келмоқда деб айтиш қийин.Аҳоли томонидан томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада қолаётганлиги, айрим ер эгалари ушбу майдонлардан узоқ йиллар фойдаланмай, қаровсиз ҳолда қолдирган бўлсада, уларнинг ерга нисбатан муносабатини ўзгартириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмаётганлиги, йилдан йилга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёж кўпайиб бораётган бугунги шароитда, соҳада айрим муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Фармонда белгиланидек, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг ер майдонларидан самарали фойдаланиш борасидаги масъулиятини ошириш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида, амалдаги қонун ҳужжатларига, шу жумладан Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.

Фармонда соҳани жадал ривожлантириш, соҳа вакилларининг шахсий масъулият ва жавобгарлигини янада ошириш мақсадида парламент, вакиллик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизимини яратиш масаласи ҳам фармонда ўз аксини топган бўлиб, ушбу йўналишда мутасадди ташкилотлар аниқ мақсадга йўналтирилган амалий чора-тадбирларни амалга ошириши белгиланган. Унга асосан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллий Халқ депутатлари Кенгашлари ҳамда Олий Мажлис палаталари томонидан ерлардан самарали фойдаланиш устидан доимий назорат ва мониторинг олиб борилиши келтириб ўтилган. Бу эса ўз навбатида соҳа доимо энг аввола, халқ ва давлат эътибори марказида ва назоратида бўлишидан дарак беради.

Фармонда мамлакатимизда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши ва уларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи ҳам ўз аксини топган.

Шулар билан қатор ер эгаларининг билим ва тажрибаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш, фермер хўжаликларининг меҳнат муносабатларини ташкил этиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш масаласи ҳам бугунги куннинг актуал масаласи сифатида ўз кўринишини топган.

Мана шулардан келиб чиқиб, фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш юзасидан бир қатор амалий чоралар кўрилиши, шу жумладан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган таълим муассасалари қошида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилиши кўзда тутилаётганлиги, ер ва ердан унумли фойдаланиш, уни асраш тўғрисида маълум билим ва кўнликмаларга эга авлодларнинг камол топишига хизмат қилади.

Эндиликда фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб бориш тартиби жорий этилмоқда ва Олий Мажлис палаталари вакиллари соҳада амалга оширилаётган ишлар аҳволини доимий равишда ўрганган ҳолда тегишли амалий чораларни кўриши белгиланмоқда.

Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг янада тараққий этишига ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишига хизмат қилади. Ушбу вазифалар ўз навбатида Ўзбекистон «Адолат» СДП дастурий ғоялари билан ҳамоҳанглиги билан ҳам биз учун аҳамиятлидир. Бу жараёнда фаол иштирок этиш барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари зиммасига улкан масъулият юклайди.

Фармонга мувофиқ, деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари тақдирланадиган “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари таъсис этилиши назарда тутилмоқда. Ушбу кўкрак нишонларининг таъсис этилиши ўз навбатида қишлоқ аҳолисининг меҳнатини муносиб рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, давлатимиз раҳбари томонидан халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш йўлида улуғвор мақсад ва вазифаларни амалга оширишни мақсад қилган фармон ижросини таъминлашда қорақалпоғистонлик соҳа мутахассислари ва фермер-деҳқонларимиз ҳамжиҳатлик билан бир тану-бир жон бўлиб сидқидилдан меҳнат қилиши шубҳасиз.

Нурлибек МИРЗАМУРАТОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати

Ер ўзининг асл эгасини топсагина гуллаб-яшнайди was last modified: Октябрь 10th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »