Хусусий таълим янги имкониятларга эшик очади

10 Октябрь, 11:15 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 96 марта кўрилди • Комментариев к записи Хусусий таълим янги имкониятларга эшик очади нет

Бугун ёшлар онгига ва қалбига мустақиллик ғояларини, ислоҳотларимиз моҳиятини чуқурроқ  сингдириш, уларни она-Ватанимизга чексиз муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ва ҳар томонлама камол топтириш, мамлакатимизда ҳар бир соҳа бўйича етук мутахассисларни тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрь куни эълон қилинган “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ҳам мисол келтириш мумкин.

Қарорга мувофиқ, 2018-2019 ўқув йили бошлангунга қадар ҳар бир туман ва шаҳарда камида биттадан мактабгача ва умумий ўрта таълимнинг нодавлат хизмат кўрсатиш масканлари ташкил этилади. Бу эса соҳада катта ўзгаришлар юз беришига хизмат қилади. Энг асосийси, давлат ва нодавлат таълим тизими фаолиятига ўқув йили тугагач, ўқувчиларнинг қанча фоизи таҳсилни олий ўқув юртларида давом эттиришига қараб, баҳо бериш мумкин бўлади. Бу ота-оналар учун ҳам жуда тўғри ва адолатли танлов усулидир.

Бундан ташқари, қарорда таъкидланганидек, мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар 2021 йил 1 январгача барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармасига мажбурий тўловлардан, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган янги ўқув асбоб-ускуналари ва ўқув материалларини республикага олиб киришда божхона тўловларидан озод этилаётгани ҳам нодавлат таълим тизими ходимлари учун катта имкониятдир. Шу билан биргаликда соҳага жалб этиладиган чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар  ҳам жисмоний шахсларга солинадиган даромад солиғи ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ажратиладиган тўловлардан озод этилаётгани, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун бино ва иншоотлар замонавий ўқув жиҳозлари ва ўқитиш воситаларини сотиб олиш учун Марказий банк томонидан беш йилдан кам бўлмаган муддатга имтиёзли кредитлар ажратилаётгани  келгусида соҳа тараққиётини таъминлайди.

Муҳтарам Президентимизнинг ушбу қарорида белгилаб берилган вазифалар Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси дастурий ғояларига ҳамоҳангдир. Айниқса, қарорнинг партиямиз илгари сураётганидек, ижтимоий ҳимоя руҳи билан суғорилгани ҳам дастуримизга мос келади.

Ҳозир — янги давр. Мамлакатимизда таълим тизимининг тубдан ислоҳ қилинаётгани бежиз эмас. Аввало, бу жараённи ҳар биримиз тўғри идрок этишимиз лозим. Шу маънода, юртбошимиз қарорини айни вақтида эълон қилинди, десак, муболаға эмас. Бугун ёш авлод камолоти йўлида қилинган барча саъи-ҳаракатлар келажакда албатта ўз самарасини беради. Иқтидорли ёшларимиз эртага дунё миқёсида ҳам улкан марраларни эгаллаши, шубҳасиз.

Мақсуда МУСТАФОЕВА,

халқ депутатлари  Қашқадарё вилоят

Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-

демократик партияси депутатлик гуруҳи раҳбари,

Косон педагогика иқтисодиёт коллежи директори.

Хусусий таълим янги имкониятларга эшик очади was last modified: Октябрь 10th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »