Китоб — маънавият сарчашмаси

9 Октябрь, 16:43 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 62 марта кўрилди • Комментариев к записи Китоб — маънавият сарчашмаси нет

Гўзалликни китобдан излаш керак. Китоб инсоннинг ҳисларини ва онгини тарбиялайди, инсоний эзгуликка, олижанобликка етаклайди. Кўп китоб  ўқиган кишиларнинг онги ва туйғулари ҳам гўзал бўлади.

Кейинги вақтларда нафақат ёшлар, балки катта кишилар ҳам кам китоб ўқиётгани бор гап. Тўғри, ҳозир фан-техника ривожланган. Барча фуқароларимиз телевизор, интернетдан керакли нарсаларни топиб олишади, албатта. Бироқ, шуни унутмаслик керакки, китобнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрь кунги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори айни вақтида эълон қилинди, деб ҳисоблайман. Ушбу муҳим қарорни ўқир эканман, унда китобни нашр этиш, тарқатиш, мутолаа қилиш ва аҳолининг китобхонлик маданиятини янада ошириш юзасидан аниқ вазифалар илгари сурилган. Хусусан, жойларда ахборот-кутубхона фаолиятини кучайтириш, кутубхона, нашриёт ва матбаа соҳаси  ходимлари малакасини ошириш, рағбатлантириш, қишлоқ аҳолисига кутубхона хизмати кўрсатишни тубдан яхшилаш, интернет орқали зарур адабиётларни топиш борасида ҳам фикрлар билдирилган. Айниқса, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини тизимли ва самарали ташкил этиш мақсадида китобхонлар ва тарғиботчилар  ўртасида  “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила”, “Энг фаол кутубхоначи” кўрик танловларининг мунтазам ўтказиб борилиши халқимиз дунёқараши кенгайишига хизмат қилади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида ҳам фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш билан биргаликда маънавий оламини бойитишга ҳам алохида эътибор қаратилган. Бу борада ҳозирда кенг қамровли ишлар олиб бориляпти.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бундай хайрли ишга юртдошларимиз, айниқса, саховатпеша мулкдорлар ўз маблағлари ҳисобидан мактабларга, кам таъминланган оилалар фарзандларига китоб олиб бериб, турли газета ва журналларга обунага ёрдам беришса, фойдадан холи бўлмасди. Гўзал Ўзбекистонимизда ўз маънавият нури билан халқимизнинг кўнглини кўтариб турадиган элпарвар, халқпарвар, инсонпарвар, мурувватли кишиларнинг кўпайиши юксак маънавиятга хизмат қилади.

Камолиддин МУҲИДДИНОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси

Қашқадарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси

Китоб — маънавият сарчашмаси was last modified: Октябрь 9th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »