Китобхонлик маданияти — маънавий баркамоллик белгиси

10 Октябрь, 17:55 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 86 марта кўрилди • Комментариев к записи Китобхонлик маданияти — маънавий баркамоллик белгиси нет

Юртимизда ёшларнинг маънавий камолотини юксалтириш, дунёқарашини шакллантириш, баркамол авлод қилиб тарбиялаш бугунги куннинг давр талабига айланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган қатор қарор ва фармонларда ҳам ёшлар масаласига жуда катта эътибор қаратилаётир. Жумладан, жорий йилнинг 13 сентябрь санасида қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорида жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтириш, ёш-авлоднинг маънавий, интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, она Ватани ва халқига муҳаббат, садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялаш энг муҳим вазифалардан эканлиги ва бунда китобхонлик маданиятига алоҳида эътибор қаратиш муҳимлиги таъкидланди.

Айтиш керакки, сўнгги йилларда одамлар ўртасида китобга бўлган эътибор ва эҳтиром анча сусайди. “Энг яхши совға” сифатида таърифланган китоб бугунга келиб эътибордан четда қолмоқда. Мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу қарорда ҳам китобхонлик билан боғлиқ муаммоларнинг борлиги, шунингдек, ёшларнинг маънавий-маърифий ва эстетик талабларга жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, китобларни таълим муассасаларига вақтида етказиш, фарзандлиримизга электрон китобларни ўқиш кўникмасини шакллантириш, мутолаа маданиятини юксалтириш билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этиш долзарб вазифа бўлиб қолаётгани эътироф этилган.

Айни шу камчиликларни бартараф этиш ҳамда ёшларни жаҳон ва ўзбек адабиётининг энг яхши намуналари билан таъминлаш, китобхонликни тарғиб этиш ишларини самарали амалга ошириш мақсадида қарорда қатор вазифалар белгилаб берилган. Хусусан, адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп, кўргазмали адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолиятини ривожлантириш мамлакатимизда китоб дўконларининг сони тобора ошиб боришига ҳамда китобхонлар сонининг янада кенгайишига олиб келади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банкларига китоб савдосига ихтисослаштирилган замонавий дўконлар, нашриёт ва матбаа корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг айланма маблағларини тўлдириш ҳамда янги китоб дўконларини қуриш учун Марказий банкнинг йиллик қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган фоизларда имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилганлиги маънавий етукликка ўз ҳиссасини қўшиб келаётган китоб дўконлари ходимларига ҳам катта имкониятдир.

Бугун замонни интернет ва ахборот технологияларсиз тасаввур этиш жуда қийин. Ривожланиб бораётган давр ҳам шуни тақазо этмоқда. Қарорда ҳам мамлакатимизда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берадиган eReader электрон ўқув қурилмаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, уларнинг ахборот базасига умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари учун дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-услубий, илмий-назарий манбаларни жойлаштириш, бундай маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш механизмларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар тайёрланишининг қайд этилиши китобхонликка берилган эътиборнинг энг юксак намунасидир. Ҳар бир фарзанднинг замон билан ҳамнафас яшаши албатта, ижобий кўринишдир, аммо китобхонликни янада тараққий эттириш учун берилган кенг кўламли ислоҳот яна бир имконият учун замин яратади.

Амалга оширилаётган ишлар, албатта, бесамар кетмайди. Шундай экан, ушбу қарорда ҳам соҳа ходимларини ва китобхон фуқароларни рағбатлантириб бориш мақсадида “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила”, “Энг фаол кутубхоначи” каби кўрик-танлоқларнинг саралаш ва республика босқичларини юқори савияда ташкил этишни йўлга қўйиш борасида жуда катта вазифа белгиланди. Бу эса янада шиддат ва ғайрат билан ишлашга ҳамда китобхонлар сафининг кенгайишига олиб келса ажаб эмас.

Ёзувчи Асқад Мухтор айтганидек, “Китоб — бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани”. Шундай экан, ҳар қандай китобни сотиб олиб токчага қўйиш эмас, балки уни бор меҳр билан ўқисак мақсадимизга эришган бўламиз, фарзандларимизни баркамол авлод қилиб тарбиялай оламиз. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу қарордан ҳам асосий мақсад шу — ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, маънавий оламини бойитиш ҳамда маданиятни юксалтиришдир.

Муҳиддин САМИЕВ,

халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати

Китобхонлик маданияти — маънавий баркамоллик белгиси was last modified: Октябрь 10th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »