«Korean Festival- 2017» фестивали Андижонда

9 Октябрь, 11:27 • Андижон вилояти, Янгиликлар • 97 марта кўрилди • Комментариев к записи «Korean Festival- 2017» фестивали Андижонда нет

Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея Республикалари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги, шу миллат вакиллари мамлакатимизда яшаётганлигининг 80 йиллигига бағишлаб ташкил этилган ўзбек ва корейс маданият кунлари доирасида «Korean Festival- 2017» фестивали иштирокчилари Андижонга ташриф буюрдилар. Унда фестивалда таълим ва маданият, миллий марказлар вакиллари, ўқувчи ва талабалар, ёш ижодкорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Тадбир  «Ўзбекистон ва Корея дўстлиги» мавзусидаги расмлар танлови билан бошланди. Умумтаълим, мусиқа ва санъат мактаблари, «Баркамол авлод» болалар марказларининг иқтидорли  ўқувчилари корейс ва ўзбек миллатининг азалий урф-одатлари, икки давлатнинг маданияти, қадриятлари, халқларининг турмуш тарзини ифодаловчи кўргазмалар намойиш қилдилар.

— Миллатлараро дўстликнинг мустаҳкамланиши ҳар икки томон учун ҳам фойдали,-дейди Ўзбекистон “Адолат” Андижон вилоят кенгаши раиси Паттохон Асханов. — Шу маънода бугунги тадбир ҳам катта аҳамиятга эга. Корейсларнинг санъат ва маданиятига юртдошларимизда қизиқиш янада ортди.  Ўзбек ижодкорларига берилган баҳо янги асарлар яратилишига туртки бўлиши шубҳасиз.

Ғолиблар Корея Республикаси элчихонасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Мазкур мамлакатнинг  Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Юн-У йиғилганларни она тилимизда қутлагани кореяликларнинг ўзбек халқига эҳтиромини ўзида намоён этди.

– Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида Андижонда автомобилсозлик бўйича очилган қўшма корхона янгича руҳдаги  ҳамкорлигимизнинг дебочаси бўлган эди, – дейди элчи жаноблари. – Бугунги кунда  икки миллат вакиллари жуда кўплаб соҳаларда ҳамфикр, ҳаммаслак эканликларини амалда исботламоқдалар.

Бобур номли мусиқали драма ва комедия театрида андижонлик санъаткорлар томонидан ўзбекона шўх тароналарга ҳамоҳанг Кореянинг «Last For One B- Bou» гуруҳи  ва  «Koryo» ансамбли ижросидаги корейс миллий ва замонавий мусиқаси ҳамда рақслари томошабинларда катта таассурот уйғотди. Корейс киноижодкорлари томонидан яратилган «Етти камерадаги мўъжиза» фильми намойиш этилди.

Рустамжон ЭШОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгаши фаоли

«Korean Festival- 2017» фестивали Андижонда was last modified: Октябрь 9th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »