Курашга эътибор яхшиланмоқда

18 Октябрь, 10:32 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 41 марта кўрилди • Комментариев к записи Курашга эътибор яхшиланмоқда нет

Қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлган ўзбек курашини мустақиллик туфайли жаҳон тан олди. Аҳамиятлиси шундаки, у Ўзбекистон ҳудудида пайдо бўлган.

Мамлакатимизнинг истиқлолга  юз тутиши кўп соҳалар каби  миллий курашимизнинг ҳам порлоқ даврини бошлаб берди. Унинг ҳалқаро спорт тури талабларига жавоб берадиган андозалари жорий этилди. Кураш яктаклари, беллашув майдони, ёши ва вазнига оид тоифалар, беллашув вақти, баҳолаш ва бошқа қоидалар ишлаб чиқилди. Кураш бўйича миллий ва ҳалқаро мусобақалар ўтказиш имкони туғилди. Жаҳон мамлакатларида ҳалол, ёнбош, чала, дакки, танбеҳ каби миллий атамаларимиз янграй бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 октябрдаги “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш имконини яратди.

Унга мувофиқ “Кураш” миллий спорт турини вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида оммалаштириш, қобилиятли курашчиларни аниқлаш ва саралаш, мураббий ва ҳакамларни  тайёрлаш, ўсиб келаётган ёшларни ушбу спорт турига кенгроқ жалб этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш билан боғлиқ бир қатор вазифалар назарда тутилди.

Бинобарин, қарорда “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш учун дастур ишлаб чиқиш, “Кураш” йўналиши бўйича олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул квоталарини ошириш, жаҳон стандартларига жавоб берадиган “яктак” спорт кийимлари ва “кураш гилам”ларини ишлаб чиқариш, мазкур миллий спорт турини “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ҳамда Универсиада спорт ўйинлари дастурига киритиш назарда тутилган.

Шуни алоҳида эътироф этиш ўринлики, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастурида ҳам мустақил юртимизда спортнинг барча турларини, хусусан, “Кураш”нинг оммавийлигини таъминлаш орқали жамият ҳаётида соғлом муҳит қарор топишига эришишга жиддий аҳамият берилган.

Шу туфайли ҳам юртбошимизнинг ушбу қарори барчамизни мамнун этди. Аждодлари полвон ўтган Қашқадарёликлар шу кунга қадар кураги ер кўрмаган не-не алпларга бешик бўлган миллий курашимиз йиллар мобайнида сайқалланиб равнақ топиб келаётганидан хурсанд. Баҳром полвон, Исоқ полвон ва курашчи қизларимиздан Дилшода Ҳазратқулова, Машҳура Мавлонова каби жаҳон чемпионлари вилоятимиздан етишиб чиққан.

Воҳамизда спортнинг ушбу турига қизиқувчилар ва тажрибали мураббийлар етарли. Биргина бизнинг коллежимизда ҳам ёш полвонларга машғулот олиб бориш учун спорт заллари бор. Ёшларимизни мунтазам шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратилган. “Кураш” яқин вақт ичида олимпиада  ўйинлари таркибига киритилиши билан сайёрамиздаги энг оммавий спорт туридан бири бўлиб қолиши учун барча чораларни кўраяпмиз.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори айни вақтида эълон қилинди, деб ҳисоблайман. Негаки, кураш нафақат давлатимизни дунё ҳалқларига тез танитишда, балки юртдошларимизнинг кайфиятини кўтаришга ҳам катта таъсири бор.

Ҳабибулла ХУДОЙНАЗАРОВ,

Қарши Олимпия захиралари

коллежи директори,

Ўзбекистон “Адолат”

социал демократик партияси фаоли

Курашга эътибор яхшиланмоқда was last modified: Октябрь 18th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »