МДҲ тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш майдони

21 Октябрь, 16:18 • Депутат минбари, Муносабат, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 71 марта кўрилди • Комментариев к записи МДҲ тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш майдони нет

Давлатлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, мамлакат нуфузини жаҳон ҳамжамиятида оширишда халқаро ташкилотлар алоҳида ўринга эга. Хусусан, Ўзбекистон ташқи сиёсати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ана шундай халқаро минтақавий интеграцион тузилмалардан бири Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳам аъзо давлатларнинг минтақавий ва халқаро масалаларни ҳал этиш учун қулай майдон ҳисобланади.

Ушбу тузилманинг жорий йил 10-11 октябрь кунлари Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги саммитида муҳим ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалалар муҳокама қилинди.

Дарҳақиқат,  ушбу тузилмага аъзо давлатлар бир қатор устувор йўналишлар бўйича, аввало, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим ва илм-фан, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик олиб боришмоқда.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, йил бошидан буён мамлакатимиз билан МДҲ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ўсган бўлиб, шу рақамнинг ўзиёқ биз учун МДҲ бозорлари улкан аҳамиятга эгалигини кўрсатади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида савдо-сотиқ, транспорт, туризм ва бошқа бир қатор соҳаларда, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш бўйича МДҲга аъзо мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб, бу борадаги муҳим қадам сифатида жорий йилнинг 3 ноябрь куни Тошкентда илк бор МДҲ Ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ўтказилишини маълум қилди. Шу билан бирга, МДҲ давлат раҳбарлари қўллаб-қувватлаган тақдирда, 2020 йилда Ҳамдўстликка раисликни қабул қилиш ва навбатдаги Саммитни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Саммитда Транспорт ва коммуникациялар ҳамкорликнинг стратегик муҳим йўналиши ҳисобланади. Ўзаро интеграциялашган транспорт тизимларини ривожлантириш, Ҳамдўстлик минтақасининг улкан транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш барча учун манфаатли эканлиги қайд этилди. Туризм соҳасидаги имкониятлар ҳам тўла ишга солинмагани, бу имкониятларни таҳлил қилиш ва аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Афғонистондаги вазиятга ҳам эътибор қаратилди. Жиноий даромадларни легаллаштириш, коррупция, терроризм, наркобизнес каби хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди.

Аҳамиятлиси, Президентимиз саммит иштирокчиларининг эътиборига ҳавола этилган Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнотни алоҳида қайд этиб, ушбу муҳим соҳада тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда келгуси йилда “Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф этди.

Саммитда қатор ҳужжатлар ҳам кабул қилинди. Улар орасида МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёноти, Ҳамдўстликда 2019 йилни Китоб йили, 2020 йилни 1941-1945 йиллардаги улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги йили, деб эълон қилиш ҳақида қарор, шунингдек, МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган яна қатор ҳужжатларни санаб ўтиш мумкин.

Шунингдек, Ҳамдўстлик мамлакатларининг жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризм ва қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш, коррупцияга қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлигига доир концепциялар маъқулланди.

Саммитда эътиборга молик жиҳатлардан бири Ш.Мирзиёев ва В.Путин ўртасидаги учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Маълумки, ҳозирги кунда Ўзбекистон билан Россия ўртасида экспорт ва импортнинг барча кўрсаткичлари бўйича ўсиш кузатилмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошган. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада чуқурлаштириш йўлида қатор имкониятлар мавжуд. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Россия бизнес-форумида икки мамлакат ишбилармонлари кўплаб истиқболли келишувларга эришилганлиги бу соҳада ҳамкорликнинг истиқболи порлоқ эканлигидан далолат беради.

Шубҳасиз, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси доирасида имзоланган битими ва аҳдлашувлар минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсишига ва халқимиз фаровонлигини оширишга яқиндан ёрдам беради.

Шохруҳ МАМАДЖОНОВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар
Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутати

МДҲ тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш майдони was last modified: Октябрь 21st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »