Наманганда “Адолат” билимдонлари” кўрик-танлови бошланди

17 Октябрь, 14:31 • Кўрик-танлов, Наманган вилояти, Янгиликлар • 35 марта кўрилди • Комментариев к записи Наманганда “Адолат” билимдонлари” кўрик-танлови бошланди нет

Партиянинг “Куч — адолатда!” лойиҳаси доирасида “Адолат” билимдони” кўрик-танловининг туман босқичлари Наманган вилоятида ҳам бошланди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган  тумани Кенгаши бу тадбирни биринчилар қатори ўтказди. Бунда Ёшлар иттифоқи вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб борилганлиги яхши самара берди.

Кўрик-танловни Олахамак иқтисодиёт  коллежида ўтказишга қарор қилинганлиги ҳам бежиз эмасди. Чунки мазкур ўқув юртининг юқори босқич ўқувчилари орасида партиямизнинг аъзолари ва хайрихоҳлари талайгина. Чунки “Адолат” СДП туман кенгаши фаоллари бу ерда тез-тез турли тарғибот тадбирлари ўтказиб туришади.

Умид Эркинов, коллежнинг учинчи босқич талабаси:

— Бу каби кўрик-танловларнинг биз ёшлар учун аҳамияти беқиёс. Биринчидан, улар ҳар бир кишини ўз устида ишлашга, билим даражаси ва савиясини оширишга, янги адабиётларни ўқишга даъват этади. Иккинчидан, қайсидир йўналишдаги қобилиятни ривожлантириш, қолаверса, нутқ маданиятини, тезкор фикрлаш ва топқирлик каби фазилатларни шакллантиришга кўмаклашади. Бундан ташқари, мана шу жараёнда фаол фуқаролик позициясига эга бўлиш учун шарт-шароит туғилади. Қисқаси, шундай тадбирлар тез-тез ва кўп-кўп ўтказилса, фойдадан холи бўлмайди.

Кўрик-танловда коллежнинг учинчи босқич ўқувчиси Дилафрўз Мирабдуллаева ғолиб чиқди ва вилоят босқичига йўлланма олди. Барча совриндорлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ёрқиной Ҳожиматова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган туман кенгаши раиси:

Кўрик-танлов жараёнида биз олдимизга қўйган яна бир вазифанинг  уддасидан чиқдик. Яъни партия аъзолари сафига яна ўн беш киши қўшилишига эришдик. Улар коллежнинг юқори босқич вакиллари эди. Партиядошларимизга тантанали вазиятда аъзолик билетлари топширилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП 

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Наманганда “Адолат” билимдонлари” кўрик-танлови бошланди was last modified: Октябрь 18th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »