Самарқандда депутат фуқарога “юкланган” 2 миллион сўмлик қарздорликни фош этди

24 Октябрь, 10:11 • Депутатлик гуруҳи, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 47 марта кўрилди • Комментариев к записи Самарқандда депутат фуқарога “юкланган” 2 миллион сўмлик қарздорликни фош этди нет

…14 август куни муқаддас Ҳаж сафарига жўнаб кетишимдан олдин газ ва электр энергияси учун барча тўловларни  ўтказиб келдим. Аммо 21 август куни Мажбурий ижро ходимлари келиб “Газдан 2 миллион сўм қарзингиз бор, ҳозироқ тўлаб берасиз”, деб дағ-даға қилгач, турмуш ўртоғим улар айтган “қарз”нинг ярмини, яъни бир миллион сўмни тўлаб берибди. Ҳаж сафаридан қайтгач, бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳига мурожаат қилдим…

Пастдарғом туманидаги Қўшчинор маҳалласида яшовчи фуқаро Шодиқул Ҳусейновнинг мурожаатидан сўнг партия гуруҳи аъзолари ҳамда туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳамкорлигида фуқаро хонадонида ўрганиш ишлари олиб борилди. Маълум бўлишича, хонадон эгаси табиий газ учун 1 миллион 400 минг сўмдан ортиқча тўлов амалга оширгани аниқланди.

Пайариқ туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланди. Ўзбекистон маҳалласида яшовчи фуқаро Дилшода Тўраевага туман Челакгаз ходимлари томонидан 538 минг сўм миқдорида ҳисобланган қарздорлик ҳам аслида мавжуд эмаслиги аниқланди ва тегишли далолатномалар тузилди.

Айтиш керакки, бугун юртимизда барча соҳада кенг ислоҳотлар олиб борилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қиладиган давр аллақачон келди. Бироқ айрим мансабдор шахсар ушбу тамойилнинг мағзини ҳануз англаб ета олмагани киши кўнглини хира қилади.

Бу жараёнда жамоатчилик назоратининг ўрнини ҳам ёддан чиқармаслик зарур. Нафақат тегишли органлар, балки ҳар биримиз бугунги ислоҳотларга ҳамоҳанг қадам ташлашимиз талаб этилмоқда. Шу жумладан партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ҳам бунда ташаббускор ва фаол бўлса, юқоридаги каби қонунбузарлик ҳолатларига барҳам бериш мумкин. Зеро, бугунги ислоҳотларнинг бош мақсади — инсон ва унинг манфаатларини таъминлашдан иборат.

Инобат ҲАСАНОВА,

халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати,

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вилоят бирлашмаси раиси

 

Самарқандда депутат фуқарога “юкланган” 2 миллион сўмлик қарздорликни фош этди was last modified: Октябрь 24th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »