Самарқандда газ таъминоти бўйича 19 миллион сўмдан ортиқ ёлғон қарздорликлар депутатлар кўмагида фош этилди

12 Октябрь, 09:07 • Депутатлик гуруҳи, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 156 марта кўрилди • Комментариев к записи Самарқандда газ таъминоти бўйича 19 миллион сўмдан ортиқ ёлғон қарздорликлар депутатлар кўмагида фош этилди нет

Юртимизда сўнгги йилларда инсон манфаатларини таъминлаш, унинг қонуний ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга устувор аҳамият берилмоқда. Бироқ таҳлиллар, фуқаролар мурожаатлари ҳали бу борада ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалар ҳамон мавжудлигини кўрсатмоқда.

…Самарқанд шаҳрида яшовчи Вали Зиёевнинг (исм-фамилияси ўзгартириб берилмоқда) ҳовлисида 2017 йил 20 июнда табиий газ ёнмай қолди. Маълум бўлишича, “Марказгазтаъминот” унитар  корхонасининг  Самарқанд шаҳар  филиали ходимлари  газ тўловидан қарздор қўшниси газ таъминоти қувурини кесганда, унинг қувури ҳам ўша жойдан газ олишини билмаган.

Шундан сўнг Зиёев унитар корхона филиали ходимларидан бу  хатони тузатишларини оғизаки илтимос қилди. Масала тезда ҳал қилинишга ваъда берилди-ю, орадан бир ҳафта ўтди ҳамки, мижоз хонадони тармоққа уланмади. Фуқаро орадан бир ҳафта ўтиб, филиал бошлиғи номига ариза ёзди. Аммо на аризага жавоб  берилди ва на газ қувури уланди. Фуқаро В.Зиёев эса жавобини кута-кута бир ойни ўтказди. У кейинчалик иккинчи марта ариза битди, аммо натижа ўша-ўша — на хатга жавоб бор ва на “газчи”дан…

Иккинчи аризадан ҳам натижа чиқмагач, Зиёевнинг ўзи  унитар корхона филиалига борди ва мижозлар билан ишлаш бўлимига мурожаат қилди. У ерда эса газ қувурини улаб бериш ўрнига фуқаро қўлига қоғоз тутқазилди — унда Зиёевнинг табиий газ истеъмолидан бир миллион олти юз мингдан зиёд қарзи бор экани ёзилган эди…

Бир муаммосини ечимини топмасдан иккинчи ғалвани ҳам бошига орттириб олган В.Зиёев газ тўлови билан алоқадор ҳамма ҳужжатларни олиб яна унитар корхонага борди. Аммо қарзи йўқлигига ҳеч кимни ишонтира олмади.

Сабр косаси тўлган Вали ака Самарқанд вилояти истеъмолчилар ҳуқуларини ҳимоя қилиш жамияти  ва халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳига мурожаат юборди.

Шундан сўнг, унитар корхона мутасадди ходимлари ва халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари фуқаро В.Зиёев хонадонида хатлов ўтказиб, унинг газдан қарздорлиги йўқлиги, аксинча 689 куб метр табиий газ учун олдиндан мавжуд эканлиги тўғрисида далолатнома тузишди ва ниҳоят фуқаронинг  24 август куни хонадонга табиий газ тармоғи уланди.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолат: Самарқанд шаҳридаги Азимбеков кўчаси, 72-уйда яшовчи фуқаро Сафия Қурбанова ҳам “Марказгазтаъминот” унитар  корхонасининг Самарқанд шаҳар филиали томонидан чиқарилган 4 миллиондан ортиқ қарздорлик масалада депутатларга мурожаат қилди. Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси И.Ҳасанова саъй-ҳаракатлари билан фуқаро хонадонида ўрганиш ишлари олиб борилгач, хонадон эгаси корхонадан эмас, балки корхона фуқаро олдида қадрздор экани аниқланди. Корхона вакиллари эса бу қарзнинг қандай пайдо бўлганлигини ҳақида ҳеч қандай ҳужжатлар асосида тасдиқлаб бера олмади.

Бу мисоллар Самарқанд шаҳрининг газ таъминотидаги “англашилмовчилик”ларнинг ҳаммаси эмас, албатта. Бундан ташқари, Абу Бакр Розий кўчаси, 8-уй, 74-хонадонда яшовчи Динара Ғафурова 1,7 миллиондан ортиқ, Ёрмуҳамедов  кўчаси,  1-уйда  яшовчи  П.Узоқовга 3 миллион, Маҳдуми   Аъзам   кўчасида яшовчи В.Нафиевага 6 миллиондан ортиқ нореал қарздорликлар қўйилган. Самарқанд вилоят, шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси ва халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутатлари ҳамкорликда мазкур фуқароларнинг аризалари асосида ўрганиш ишлари олиб бориб фуқароларнинг бузилган қонуний ҳақ ҳуқуқларини тикланди. Яъни, юқорида номлари келтирилган фуқаролар фойдасига ўн миллион сўмдан ортиқ ёлғон қарздорлик  бекор қилинди.

Бу далиллар фақат табиий газ билан боғлиқ муаммолар ёки ноҳақликлар, холос. Электр, иссиқлик энергияси, ичимлик суви таъминоти, савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича юқоридаги ҳолатлар каби фуқароларни ўйлантираётган, қийнаётган масалалар бўйича тушган 30 га яқин ариза фуқаролар фойдасига ижобий ечим топди ва  19 миллиондан ортиқ қарздорликлар бекор қилинди.

 Кишини масаланинг бошқа томони ажаблантиради. Фуқаролар мурожаати ечимини топди, бироқ “Марказгазтаъминот”  унитар  корхонаси  Самарқанд шаҳар филиалининг фуқароларни ойлаб сарсон қилаётган, уларнинг норозилигига сабаб бўлаётган нопок ходимларига нисбатан корхоналар раҳбарлари томонидан қандай чоралар қўлланилаётганлиги номаълумлигича қолмоқда.

Айтиш мумкинки, бундай қонунбузарликлар ва айбдорларга нисбатан ўз вақтида жиддий чоралар қўллаш лозим. Ана шундагина инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини берган бўлади.

Инобат ҲАСАНОВА,

халқ  депутатлари  Самарқанд шаҳар кенгаши депутати,

вилоят ИҲҲҚЖ  ҳудудий бирлашмаси раиси

Самарқандда газ таъминоти бўйича 19 миллион сўмдан ортиқ ёлғон қарздорликлар депутатлар кўмагида фош этилди was last modified: Октябрь 12th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »