Сиёсий саводхонлик фаолликка элтади

13 Октябрь, 10:38 • Бухоро вилояти, Сиёсий ўқув, Янгиликлар • 15 марта кўрилди • Комментариев к записи Сиёсий саводхонлик фаолликка элтади нет

Фуқароларнинг сиёсий билими ва ҳуқуқий маданиятини ривожлантиришда партиямизнинг бугунги кунда ўрни ва мавқеи ортиб бормоқда. Нафақат партия ходимларига, балки маҳалла фуқаролари учун ҳам қатор намунали сиёсий ўқувлар ташкил қилиб келинмоқда. Бундан асосий мақсад — аҳолининг сиёсий саводхонлигини оширишдан иборат.

Партиянинг “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш — демократик жамият пойдевори!” лойиҳаси доирасида маҳалла фуқаролари иштирокида партиянинг Қоракўл ва Ромитан туман Кенгашларида сиёсий ўқувлар ўтказилди. Унда ҳафта мобайнида бўлиб ўтган ижтимоий-сиёсий янгиликлар,  қабул қилинган қарор ва фармонлар, жаҳонда юз бераётган сўнгги хабарлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарорининг имзолангани, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг кўриб чиқилганлиги ва шу сингари сиёсий маълумотлар берилди. Шунингдек, ҳамкорликдаги фаолиятлар, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг 5 октябрь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келганлиги, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларациянинг имзолангани, давлатимиз раҳбари Тожикистон Республикаси Президенти билан телефон орқали қилган мулоқоти чоғида давлатларимиз ўртасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, олий ва юксак даражада бўлиб ўтадиган тадбирлар режасининг муҳокама қилинганлиги борасида ҳам тўхталиб ўтишди.

Эркин Муродов, Ромитан туман “Ромитан” МФЙ лектори:

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ташкил этилган ушбу сиёсий ўқувда барча фуқароларимиз ўзларига керакли сиёсий маълумотга эга бўлиб келишмоқда. Хусусан, қабул қилинаётган янги қарор ва фармонлар, давлат раҳбарларининг ташрифлари ва шунга ўхшаган кўплаб сиёсий янгиликларнинг етказилиши маҳалла аҳли учун жуда катта имкониятдир. Тўғри, сиёсий янгиликларнинг барчаси ойнаи жаҳон орқали бериб борилади, аммо ҳамма ҳам уни кўришга ўзида вақт топмай қолиши мумкин. Айниқса, пахта йиғим-терими чоғида ташкил этган пайтларимизда барча маҳалла фуқаролари юртимиз ва жаҳонда рўй бераётган янгиликлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишди. Бу эса партия хайрияхоҳларининг кўпайишиги олиб келмоқда.

Чори Қўйлиев, Қоракўл туман “Дўстлик” МФЙ лектори:  

Айтиш жоизки, маҳалла фуқароларининг сиёсий саводхонлиги кун сайин ортиб бормоқда. Бунда эса Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ўрни беқиёс. Биз лекторлар маҳалла фуқароларига ҳафта давомида бўлиб ўтган сиёсий янгиликларни етказиш орқали ўзимизнинг сиёсий билимларимизни ҳам бойитамиз. Қабул қилинаётган янги қарор ва фармонларни таништириш баробарида уларнинг мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилиб ўтишга ҳаракат қилинмоқда. Партия томонидан ташкил этилган бундай сиёсий ўқувлар барча фуқароларнинг сиёсий саводхонлиги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда.

Бугунги кеча-кундузда мамлактимизда қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг баъзилари ҳақида халқ маълумотга эга бўлса, баъзилари ҳақида эса деярли маълумотга эга эмас. Айнан ҳафтанинг ҳар сешанба кунлари партия ташаббускорлигида “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори!” лойиҳаси остида ташкил қилиб келинадиган сиёсий ўқувлардан асосий мақсад ҳам фуқаролар сиёсий билимини бойитиш, мамлакатимизда рўй бераётган барча янгиликлардан бохабар этишдир.

Партиянинг Шофиркон, Бухоро, Жондор туман Кенгашларида ҳам сиёсий ўқувлар жуда намунали ташкил қилинди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Сиёсий саводхонлик фаолликка элтади was last modified: Октябрь 13th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »