Таълим муассасаларида тиббий хизмат аҳволи қай даражада?

9 Октябрь, 16:09 • Самарқанд вилояти, Сессия, Янгиликлар • 97 марта кўрилди • Комментариев к записи Таълим муассасаларида тиббий хизмат аҳволи қай даражада? нет

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи ташаббуси билан халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибида “Мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик  аҳволи, тоза ичимлик суви ҳамда қайнатилган истеъмол суви билан таъминланганлик ҳолатлари тўғрисида”ги ўрганиш ишларининг натижалари кўриб чиқилди.

Барчамизга яхши маълумки, бугунги кунда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган улкан ўзгариш ҳамда янгиланишларнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ғоявий асосини 2017-2021 йилларда мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ташкил этади. Ҳаракатлар стратегияси ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш, таълим тизимининг узлуксизлигини янада такомиллаштириш мақсадида сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, таълим тизимини боғчадан то олий таълим муассасасигача такомиллаштириш, сифат ва самарадорликни ошириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби бир қатор долзарб мақсад-вазифаларни ҳам қамраб олган.

Унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг депутатлик гуруҳи томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда ишчи гуруҳи ташкил этилиб, Самарқанд шаҳридаги 10 та умумтаълим мактаблари, 5 та мактабгача таълим муассасаларида халқ таълими вазирлиги ва  Бош Давлат санитария врачи томонидан 2016 йилнинг 22 декабрида тасдиқланган “Умумтаълим мактабларига ўқувчиларнинг ўқитишда гигиена талаблари” тўғрисидаги 0341-16 сонли СанПин талаблари асосида “Мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизмат, мажбурий дори дармонлар билан таъминланганлик  ахволи, тоза ичимлик суви ҳамда қайнатилган истеъмол суви билан таъминланганлик ҳолатлари тўғрисида”ги масала ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида соҳада қўлга киритилган муайян ютуқлар билан бир қаторда ҳали ечимини кутаётган камчиликлар ҳам талай экани маълум бўлди.

  Хусусан, ўрганилган умумтаълим муассасаларида доимий асосида ишловчи тиббиёт ходимлари мавжуд эмаслиги, шу билан бирга,  ўқувчиларининг бир йилда бир марта тор мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳамда умумий лаборатория таҳлиллари айрим умумтаълим мактабларида номига ўтказилган бўлиб, кўрик натижалари ҳам, номига умумлаштирилганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, айрим таьлим  муассасаларида ўрта тиббиёт ходимларининг ҳафтасига 2-3 кунда бир келиши белгиланган. Ваҳоланки, мактабда ўқувчилар ўртасида фавқулотда содир бўладиган кўнгилсиз ҳолатларда бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти инобатга олинмаган.   Самарқанд шаҳридаги 18-умумтаълим мактабида эса талаба ҳамшира сифатида бириктирилган бўлиб, дарсдан бўш вақтларида мактабга келиш имконияти мавжудлигини билдирди. Қолган мактабларда эса бириктирилган ҳамширалар мактабга хафтасига 2 кун келишади, холос.

Эътиборимизни тортган яна бир ҳолат: мактабгача таълим муассасаларидаги аҳвол ҳам ҳаминқадар. Жумладан,  Самарқанд шаҳридаги 36-мактабгача таълим муассасасига шаҳар тиббиёт бирлашмасидан доимий ишга  врач-педиатр ёки умумий амалиёт шифокори тайинланмаган, бириктирилган врач-педиатрлар эса   хафтасига 1-2 маротаба келиб кетиши маълум бўлди.

Самарқанд шаҳридаги баъзи умумтаълим мактабларида 2016-2017 ўқув йилларидан ўтган даврида тиббий кўрикдан ўтказилмаган, илгари ўтказилган тиббий кўрик натижалари умумлаштирилганлиги ёхуд ўқувчиларнинг саломатлиги ҳолати бўйича хулосалар мавжуд эмас, бу эса ўз-ўзидан кўрикларнинг номига ўтказилганлигидан далолат беради. 35, 36 сонли мактабгача таълим муассасаларида ҳам худди шундай ҳолатни кўришимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва халқ таълими вазирликларининг 2013 йил 2 октябрдаги 26, 40-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 1-иловасига мувофиқ, таълим муассасаларида белгиланган тартибда 40 турдаги тиббиёт асбоб ускунлари ва 20 турдаги тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун ишлатиладиган дори-дармонлар билан таъминланган бўлиши лозим. Бироқ Самарқанд шаҳридаги бир қатор умумтаълим мактаблари тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун ишлатиладиган дори-дармонлар билан қисман таъминланган, ўрганиш жараёнида таълим муассасаларида зарур дори воситалари мавжуд эмаслигига гувоҳ бўлдик. МТМ ва умумтаълим мактабларида Мавжуд тиббиёт хоналарида эмлов асбоб –ускуналарнинг тўплами, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш асбоблари, совутгич (вакцина ва дори –дармонлар учун), тиббий тарози, термосумка ва муз халта, совутгич учун термометрлар мавжуд эмас. Кўриниб турибдики, таълим муасасаларида тиббиёт хоналари мавжуд бўлмаганлиги натижасида тез тиббий ёрдам кўрсатиш тиббиёт ускуналари, бирламчи дори-дармон воситалари билан таъминлаш ҳам йўлга қўйилмаган.

Кун тартибидаги мавзу юзасидан Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Д.Сайдуллаева сўзга чиқиб фаолият юритаётган таълим муассасаларида тиббиёт хоналари ташкил этиш имкониятини топиш ва янги қурилаётган муассасаларнинг лойиҳаларига  тиббиёт хоналари учун махсус хоналарни киритиш, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида врач-педиатр ёки умумий амалиёт шифокори доимий фаолият юритишига эришиш ва таълим муассасаларига тажрибали, меҳнат стажи амалиётда 5 йилдан кам бўлмаган ўрта тиббиёт ходимларини ишга қўйишни белгилаш, ҳар бир таълим муассасаси январ ойида истеъмол қилаётган ичимлик суви манбасини лабаратория текшируви хулосасини олишини мажбурий этиб белгилаш ва амал қилинмаган ҳолатда жиддийроқ жазо чорасини белгилаш, шунингдек, таълим муассасаларида ўқувчилар учун қайнатилган сув ташкил этилишида ўқувчилар сонига қараб қайнатилган сув миқдори ва шунга мос идишларининг мавжудлигига аниқ талаблар қўйиш лозимлиги ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Сессия якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги

“Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Таълим муассасаларида тиббий хизмат аҳволи қай даражада? was last modified: Октябрь 9th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »