Таълим тизимини тубдан такомиллаштиришда парламентнинг ўрни ва роли янада ошади

6 Октябрь, 11:02 • Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 50 марта кўрилди • Комментариев к записи Таълим тизимини тубдан такомиллаштиришда парламентнинг ўрни ва роли янада ошади нет

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар Дастурида партия Сайловолди дастурининг устувор йўналишларига масъул бўлган давлат органлари устидан парламент назоратини ўрнатиш, жумладан, олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда халқ таълими вазирининг соҳага доир долзарб масалалар юзасидан ахборотини эшитиш вазифаси белгиланган эди.

Айни шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамкорлигида “Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва модернизация қилиш шароитларида кадрлар тайёрлашнинг жорий ҳолати, 11 йиллик таълимни жорий этиш, коллежларда таълимни ислоҳ қилиш борасидаги долзарб масалалар” муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Муҳокамага қўйилган масаланинг долзарблиги шундаки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, хусусан, узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш кўзда тутилган.

Сиёсий партиялар фракциялари вакиллари, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим ҳамда халқ таълими вазирлари, соҳа мутасаддилари иштирок этган кенгайтирилган йиғилишда айнан Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифалар ижросининг бориши, истиқболдаги режалар депутатлар эътиборида бўлди.

Вазирлар ахборотида таъкидланганидек, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган йўналишлар асосида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик таълим тизимига ўтиш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини оптималлаштириш, 5 та янги олий таълим муассасаси ва филиаллар ташкил этиш, 16 та университет ва институтда 12 та йўналиш бўйича кечки ва сиртқи бўлимлар очиш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш, педагог кадрлар ва халқ таълими ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, кадрлар тайёрлашни янгилаш бўйича 2017-2018 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота 66 316 тага етказилиб, ўтган ўқув йилига нисбатан 8 409 тага оширилди, 6 та янги йўналиш бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Янги таълим муассасалари, филиаллар ташкил этилиши муносабати билан мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари сони саксонтадан ошди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 10-11-синфлар учун ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун умумтаълим фанларидан ягона ўқув дастури ишлаб чиқилди.

Ўқув-методик мажмуалар уларнинг янги авлодини ишлаб чиқишга қўйиладиган талаблар асосида қайта тайёрланди.

Умумтаълим мактабларининг 10-11-синфлари учун 12 та фан ўқитилиши назарда тутилган ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилди. Улар учун 18 номдаги дарсликлар яратилиб, улардан 12 номдаги ўзбек тилидаги дарсликлар чоп этилди ва жойларга етказилди. Юқори синф ўқувчиларига касбий таълимни ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Ўқувчиларни хавфсиз озиқ-овқат, тиббий хизмат билан таъминлаш чоралари кўриб борилмоқда.

Бугунги кунда 9680 та умумий ўрта таълим мактаблари ва уларнинг 410 та филиалларининг моддий техник-базасини кучайтириш, мавжуд ҳолатни мустаҳкамлаш борасида ишлар давом эттирилмоқда. 2017 йил Инвестиция дастурига кўра, республика бўйича 484 та умумтаълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, жорий йилда 894 та умумтаълим мактаблари умумий қиймати 64,1 миллиард сўмлик мебель, ўқув лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер ва спорт анжомлари билан таъминланишига эришилди.

Йиғилишда депутатлар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида фикр билдирар экан, таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уларни замонавий ўқув ва лаборатория асбоблари, компьютер техникаси ва ўқув-методик қўлланмалар билан жиҳозлаш орқали уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш ишлари лозим даражада ташкил этилаётгани, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини бозор иқтисодиёти ва иш берувчиларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган мутахассисликлар бўйича тайёрлаш борасида амалий ҳаракатлар олиб борилаётганини эътироф этдилар.

Шу билан бирга, депутатлар таълим соҳасини ислоҳ этишнинг бугунги ҳолати, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан савол ва таклифлар билан вазирларга мурожаат қилдилар.

Наримон УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари:

— Бугунги интеллектуал меҳнат бирламчи аҳамият касб этаётган глобаллашув асри, жаҳон бозорида рақобат миқёси тобора ортиб бораётган давр мамлакатимизда таълим соҳасини замон талаблари асосида янада такомиллаштиришни тақозо қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 июлдаги сенаторлар ва депутатлар билан учрашувида таълим соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда парламент аъзоларининг иштироки ва назоратини ташкил этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Бу борада ўтган даврда депутатлар ўз сайлов округларида таълим тизимида ечимини кутаётган бир қатор масалалар мавжудлигини аниқлади. Жумладан, ўрганишлар давомида олий таълим муассасаларида, айниқса, аниқ ва табиий фанлар бўйича юқори малакали мутахассислар, фан докторлари етарли даражада тайёрланмаётгани, ўрта махсус таълим тизимида ўқувчилар давомати пастлиги, таълим муассасаларини ўқув қўлланмалар ва адабиётлари билан таъминланишнинг етарли эмаслиги, умумий ўрта таълим мактаблари юқори малакали педагог кадрлар билан тўлиқ таъминланмагани, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг тоза ичимлик суви ва сифатли тиббий хизмат билан таъминланиши қониқарли эмаслиги аниқланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар қаторида “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш бўйича “Адолат” СДП олдига аниқ таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди. Шу мақсадда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан Ўзбекистон “Адолат” СДП ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, ишчи гуруҳлари ташкил этилди ва ҳамкорлик йўналишлари белгиланди.

Ушбу ҳамкорлик доирасида фракциямиз ташаббуси билан ташкил этилган бугунги эшитув ҳам таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўлларини белгилаб олиш ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг соҳани ислоҳ этиш борасида қабул қилинаётган қарор, фармонларнинг жойлардаги ижроси бўйича парламент ва жамоатчилик назоратини олиб боришдаги иштирокини кучайтиришга хизмат қилади.

Қодир ЖЎРАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Сайловолди дастуримизда таълим тизимини ислоҳ этиш борасида белгиланган устувор ғоялар давлатимиз раҳбарининг бир қатор қарор ва фармонлари асосида рўёбга чиқарилганлиги эндиликда депутатлик корпусимиз зиммасига айни шу борадаги ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва изчил бажарилишини таъминлаш устидан назоратни амалга ошириш масъулиятини юкламоқда.

Айни шу мақсадда ҳудудларда олиб борган ўрганишларимиз таълим дастурлари, ўқув режа, ўқув-услубий адабиётлар, услубий қўлланмалар билан таъминлашда Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари томонидан амалга оширилиши шарт бўлган муаммолар борлигини кўрсатди. Жумладан, ўтган қисқа даврда 11 йиллик таълим тизимига ўтиш билан боғлиқ муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, таълим муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига эътибор қаратиш зарурияти мавжуд.

Бундан ташқари, 10-синф очилиши муносабати билан айрим мактабларнинг навбатлилик коэффициенти 1,5 баробардан ошиб кетган. Шу сабабдан синфларда ўқувчилар сонини белгиланган меъёрлар асосида мақбуллаштириш чораларини кўриш кун тартибидаги муҳим масалалардан биридир.

Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилган янгиланишлардан келиб чиқиб, “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда соҳа мутахассислари билан йўлга қўйган ҳамкорлигимиз яхши самара беради.

Иномжон Маджитов, олий ва ўрта махсус таълим вазири:

– Бугунги кунга қадар ўрта махсус маълумотга эга мутахасислар олдида бир қатор жиддий муаммолар мавжуд эди. Янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, олий таълим муассасаларига квоталарнинг оширилиши, 12 та йўналишда кечки ва сиртқи бўлимларнинг ташкил этилиши ёшларнинг олий таълим олишга бўлган эҳтиёжини қондиришга, пировардида малакали кадрлар захирасини шакллантиришга катта туртки берди. Қонунчилик палатасида бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши, қолаверса, депутатлар томонидан соҳага эътиборнинг кучайтирилиши, албатта, олдимизга қўйилган вазифаларнинг тўлиқ ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Улуғбек ИНОЯТОВ, халқ таълими вазири:

– Давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш мақсадида имзоланаётган ҳар бир ҳужжатда келажагимиз бўлган ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашга долзарб масала сифатида қаралмоқда. Айниқса, умумий ўрта таълим тизимида ўқувчиларнинг фанлардан чуқурлаштирилган ва пухта билим олишини таъминлаш борасида ўқув-методик базани такомиллаштириш бугун вазирлик олдига жуда катта масъулиятли вазифаларни юкламоқда. Қонунчилик палатаси депутатлари билан ўтказилган бугунги йиғилиш эса уларнинг ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлашда парламент ва ижро ҳокимияти ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.

Кенгайтирилган мажлис якунида таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши юзасидан парламент ҳамда депутатлик назоратини амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Таълим тизимини тубдан такомиллаштиришда парламентнинг ўрни ва роли янада ошади was last modified: Октябрь 6th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »