Ташқи сиёсат — мамлакат равнақининг муҳим бўлаги

13 Октябрь, 10:47 • Давра суҳбати, Наманган вилояти, Янгиликлар • 16 марта кўрилди • Комментариев к записи Ташқи сиёсат — мамлакат равнақининг муҳим бўлаги нет

Кейинги пайтда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги фаоллиги тобора ошиб бормоқда. Айниқса, Президентимизнинг шу йил сентябрь ойидаги Америка Қўшма Штатларига ташрифи, Бирлашган Миллатлари Ташкилотининг Бош ассамблеясидаги нутқи кенг жамоатчиликнинг юксак баҳосига сазовор бўлди. Қолаверса, Ўзбекистоннинг  Ташқи сиёсий фаолияти концепциясига мувофиқ  қўшни мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорликни  ривожлантираётгани жаҳон ҳамжамияти аъзоларининг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда. Яқинда “Адолат” СДП Чортоқ туман кенгаши фаоллари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида ҳам шу ҳақда сўз юритилди.

Ҳабиба Мирабдуллаева, Чортоқ туман партия кенгашининг раиси: — Аввало шуни айтиш керакки, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари кўплаб юртдошларимизни қувонтирди. Масалан, менинг ўзим ҳам Қирғизистонда туғилганман, аммо ҳаёт тақозоси билан қарийб ўттиз беш йилдирки, Ўзбекистонда яшайман. Шу ерда оила қурдим, фарзандлар ўстирдим. Жамиятда ҳам ўз ўрнимга эга бўлдим. Қарийб ўн йилдан бери “Адолат” СДП туман кенгашида ишлайман.

Биз партия фаолларимиз билан биргаликда ўтказаётган тарғибот тадбирларида мамлакатимизда нафақат ички, балки ташқи сиёсат соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам аҳоли вакилларига батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз. Электорат вакиллари айниқса, кейинги пайтда Ўзбекистон бугунги кунда  Марказий Осиё минтақасидаги қўшни давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилаётганлигидан хурсандликларини изҳор этмоқдалар. Бу эса минтақада барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашда долзарб аҳамиятга эгалиги ҳеч кимга сир эмас.

Баҳромжон Ҳайитбоев, халқ депутатлари Чортоқ туман кенгаши депутати:

— Шавкат Мирзиёев ўзининг Президент сифатидаги дастлабки ташрифларини айнан қўшни давлатларга амалга оширганининг ўзига хос рамзий маъноси бор. Чунки азалдан қон-қариндош ҳисобланиб келган халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш барча томонлар учун фақат фойда келтириши барчага аён.  Қирғизистондаги музокаралар якунида икки давлат чегаралари тўғрисида шартнома имзолангани  тарихий аҳамиятга молик воқеа бўлди. Ҳозирга қадар Наманган, Фарғона ва  Андижон вилоятларидаги қатор  ўтиш пунктилари орқали аҳоли ҳамда транспорт воситаларининг ҳаракатланиши қайта йўлга қўйилди.

Икки қардош халқнинг хоҳиш-иродасига мос келувчи  сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда давлатлараро ҳамкорликни кенгайтириш бундан кейин ҳам устувор масала бўлиб қолаверади.  Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга ташрифи чоғида эришилган келишувлар ўз вақтида ва тўла кўламда амалга оширилишини таъминлаш бўйича қабул қилинган кўп қиррали “Йўл харитаси” ҳам ана шу мақсадни ўзида мужассам этган.

 Шу ўринда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар минтақа тараққиётига ижобий таъсир кўрсатаётганлигини ҳам айтиб ўтиш зарур. Икки давлат  раҳбарлари имзолаган 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси савдо-иқтисодий алоқалар ривожида муҳим ўрин тутади.

         Умида Абдуллаева, халқ депутатлари Чортоқ туман кенгаши депутати:

— Ўзбекистоннинг минтақадаги бошқа давлатлар билан алоқалари ҳам кейинги вактда янги, янада юқорироқ босқичга кўтарилди.  Масалан, Шавкат Мирзиёевнинг Ашхободга ташрифи доирасида  Туркманистон билан  стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзоланди. Бу ҳужжат икки халқ ўртасида тарихан шаклланган қардошлик ҳамда аҳил қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, кейинги пайтда  мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги муносабатлар ҳам сезиларли даражада фаоллашди. Хусусан, қатор олий ўқув юртлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. 2017 йилнинг февралида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театри Андижон, Наманган ва Фарғона  шаҳарлари бўйлаб ижодий сафар уюштирди. Июнь ойида эса Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ўз спектаклларини Қирғизистон аҳолисига намойиш этди.

Яқинда эса Тошкентда Тожикистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Мазкур тадбир доирасида  «Замонавий Тожикистон» номли фото ва мўйқалам усталарининг ижод намуналари кўргазмаси, халқ ҳунармандлари маҳсулотлари намойиши таассуротларга бой бўлди. Қардош халқ  санъат намояндалари  концерти эса мумтоз куй-қўшиқлардан баҳраманд бўлди. Бундан ташқари, пойтахтдаги Алишер Навоий номли кино саройида тожикистонлик кино режиссёрлари томонидан суратга олинган бадиий фильмлар намойиши, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ушбу мамлакат ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар тақдимотлари, учрашувлар ва бошқа тадбирлар ташкил этилди. Буларнинг ҳаммаси шу йил май ойида  Тожикистонда ўтказилган  Ўзбекистон маданияти кунларининг мантиқий давоми бўлди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Ташқи сиёсат — мамлакат равнақининг муҳим бўлаги was last modified: Октябрь 13th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »