Темир йўл тизимида ҳаракат хавфсизлиги

10 Октябрь, 12:16 • Депутат минбари, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 20 марта кўрилди • Комментариев к записи Темир йўл тизимида ҳаракат хавфсизлиги нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Миробод туман Кенгаши раиси, “Ўзбекистон Темир йўллари” акциядорлик жамияти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тошпўлат Матибоев хизмат сафари билан  Белоруссиянинг Гомель шаҳрида  Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги темир йўл шифокорларининг  37-мажлисида  иштирок этди.

Халқаро анжуман “Поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда руҳий асаб тизимининг ўрни” мавзусига бағишланди ҳамда унда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги темир йўл даволаш профилактика  муассаса раҳбарлари билан ўзаро тажриба алмашилди.

Мажлисда  асосан машинист ва машинист ёрдамчиларини  рейсга чиққанда  руҳий асаб тизимини ҳимоялаш чора-тадбирлари  таҳлил қилинди. Бу борада темирйўлчиларни дастлабки ва даврий тиббий кўрик вақтида руҳий асаб касалликлари  бўйича касбига  яроқлилигини аниқлашда  танлов сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидлаб ўтилди.

Тошпўлат МАТИБОЕВ, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Миробод туман Кенгаши раиси, Ўзбекистон “Темирйўллари” АЖ Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи:

— Ўзбекистонда тарихан қисқа фурсатда республиканинг барча ҳудудларини ишончли ва самарали боғлайдиган, халқаро транспорт тармоқларига чиқишни таъминлайдиган, мустақил, ягона ва яхлит темир йўл транспорти коммуникациялари тизими барпо этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Шарқ билан Ғарбни, Жануб билан Шимолни боғлайдиган улкан транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятига эга. Ана шу салоҳият ва имкониятдан самарали фойдаланаётган «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг кўп миллатли жамоаси темир йўл транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, такомиллаштириш ва реконструкция қилиш, темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

Қайд этиш жоиз, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ темир йўл тизимида локомотив хўжаликларида локомотив гуруҳлари машинистлари ва машинист ёрдамчиларини мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиш тизими йўлга қўйилган. Бунда ҳар бир ходим рейс олдидан тиббий кўрикдан ўтказилиб келгуси фаолиятида соғлиғи, бардошлилиги, руҳий-физиологик турғунлиги ва бошқа сифатлари текширилиб борилади. Бу эса ўз навбатида ходимнинг руҳийсоматик холатини ўзгариши, оғриқли ҳолатга айланиб кетишини олдини олиш имконини беради.

Хорижий мамлакатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, турли институтларнинг вакиллари билан “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ Соғлиқни сақлаш хизмати мутахассислари, машинистлар профилини ва диспетчер ходимларини касбий-руҳий-физиологик танлаш усулини ишлаб чиқдилар. Ушбу дастур 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида қўлланиб, уларнинг зарурлиги ва самадорлиги ўз исботини топди.

Анжуманда рейс давомида  фавқулотда  ҳолат содир бўлиши, локомотив йўлида номаълум объектларни пайдо бўлиши, вагонларни  издан чиқиши, қўриқланмайдиган ўтиш жойларида  ҳаракатдаги  автотранспорт билан тўқнашиш ва бошқа ҳолатлар рўй берганда  машинист ва машинист ёрдамчиларини руҳий  асаб тизимини тиклаш бўйича методик қўлланма муҳокама қилинди ва  амалда қўллаш учун тавсия қилинди.

Йиғилишда даврий тиббий кўрик сифатини ошириш бўйича ҳам бир қатор тавсиялар берилди. Мажлисда иккинчи масала бу фавқулотда ҳолатларда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш ва бошқариш, меъёрий ҳужжатларнинг асоси ҳамда  биринчи тиббий  ёрдам кўрсатилганда дахлдор тузилмаларни мувофиқлаштириш талаблари, йўловчиларга  биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш муҳокама қилинди.

Юртимизда фавқулотда ҳолатларда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш бўйича ўзига хос тажриба тўпланиб, бу борада 2015 йил 11 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда  ҳолатлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” , “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, Республика қизил ярим ой жамиятининг қўшма қарори эълон қилинган.

Мажлисда яна бир муҳим масала меҳнат муҳофазасига ҳам урғу берилиб, меҳнатда орттирилган  жароҳатларнинг сони, оғирлиги бўйича, камайтириш ҳақида аниқ тавсиялар берилди.

Хулоса қилиб айтганда,  мустақил давлатлар ҳамдўстлиги темир йўллари шифокорларининг Гомел шаҳрида бўлиб ўтган 37-мажлисида поездлар ҳаракати хавфсизлигини  тиббий таъминлаш бўйича долзарб масалалар кўриб чиқилди ва поездлар ҳаракати хавфсизлигини тиббий таъминлашни янада  такомиллаштириш ҳақида  амалий  тавсиялар берилди. Мажлис якуни бўйича қабул қилинган барча тавсиялар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти  Соғлиқни сақлаш хизмати  тасарруфидаги  даволаш-профилактика  муассасаларида  амалиётга  тадбиқ этилиши режалаштирилди.

Феруз ЖЎРАЕВ,

Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Темир йўл тизимида ҳаракат хавфсизлиги was last modified: Октябрь 11th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »