Тил – миллат кўзгуси

23 Октябрь, 17:45 • Жамият, Жиззах вилояти, Партия ташкилотларида, Янгиликлар • 30 марта кўрилди • Комментариев к записи Тил – миллат кўзгуси нет

Тил инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, яратувчининг инсонга берган бебаҳо неъматидир. Миллатларни миллатлардан ажратиб турувчи асосий белгилардан бири ҳам тилдир. Дунёда ҳар бир xалқнинг ўз тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтиxори, нажоти ҳисобланади. Ҳикматли сўзлар, шеъру достонлар, қўшиқлар аввало бирор бир миллатнинг она тилида дунёга келади. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади.

1989 йилнинг 21 октябрь куни тарихий воқеа юз берди: ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Шу даврдан бошлаб ушбу сана миллий тилимиз байрами сифатида расмий тарзда нишонланиб келинмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Ш.Рашидов туманидаги 11-умумтаълим мактабида “Тил — миллат кўзгуси” мавзусида бўлиб ўтди. Тадбирда мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари, бошланғич партия ташкилоти аъзолари иштирок этишди. Тадбирни мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Шоҳида Жўраева кириш сўзи билан очиб бериб йиғилганларни тил байрами билан муборакбод этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мустақиллик арафасида оилавий ва бозор тили даражасига тушиб қолган ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги таклиф ва курашлар самарасиз кетмаганлигини, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, давлат ҳужжатлари, даврий нашрлар, дарсликлар она тилимизда ёзила бошланганлиги, xалқимиз руҳини кўтарганлигини алоҳида таъкидлашди.

— Ёшларга тил билиш барча муваффақиятларнинг гарови, ҳар бир инсон аввало ўз она тилини, қолаверса бошқа тилларни севиб ўрганишлари зарур, — деди мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Зоҳида Мўминова. — Тил байрами инсонни она тилига ва ўз xалқига бўлган
меҳр-муҳаббатини жўш урдирувчи бетакрор байрамдир. Тил байрами эса xалқлар ўртасида ўзаро тотувлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи муҳим омилдир.

Тадбирда, шунингдек, тил ҳақидаги ҳикматли сўзлар, шеърлар, қўшиқлар янгради.

Дилдора ЖЎРАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Ш.Рашидов туман Кенгаши
“Аёллар қаноти” раиси

Тил – миллат кўзгуси was last modified: Октябрь 25th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »