Тилга эътибор юксак масъулият талаб этади

17 Октябрь, 17:15 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 100 марта кўрилди • Комментариев к записи Тилга эътибор юксак масъулият талаб этади нет

Яна бир неча кундан кейин юртимизда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигига 28 йил тўлади.

Ўтган давр мобайнида она тилимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш, уни миллий қадриятга айлантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, истиқлол йилларида унинг қўлланиш доираси ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида ниҳоятда кенгайди. Бунга  ўзбек тилини илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар кўпайганлиги, шу мавзуда  илмий-оммабоп китоблар, ўқув қўлланмалари, янги луғатлар чоп этишга алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳам сабаб бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қатори қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас  рамз ҳисобланади.

“Давлат тили ҳақида”ги қонун  туфайли она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш имконияти юзага келди. Айни пайтда уни илмий асосда ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар кўрилди. Олимлар ва мутахассислар томонидан яратилган   турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари тобора  кўп чоп этилмоқда.  “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни олайлик.  У саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган.

Мен ишлаётган давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ҳам ўзбек тили ва адабиёти ўқитишни такомиллаштириш доимо диққат марказида туради. Дарсларда  она тили — миллат ғурури, унинг энг улуғ қадрияти, миллийлигимиз, буюк тарихимиз, юксак маънавиятимизнинг асоси эканлигини тушунтирамиз. Шунинг учун унинг   софлигини сақлаш ва бойитиш улуғ инсоний фазилат эканлигини уқтирамиз.

Жамоамизда она тили адабиёти ўқитувчилари тўрт киши. Ҳар биримиз  тинмай изланишга, ижод қилишга интиламиз. Педагогларнинг анъанавий кенгашларида, малака ошириш курсларида, илмий-амалий анжуманларда турли мавзуларда маърузалар қиламиз. Услубий қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқамиз.

Ўзим эса йигирмадан ортиқ аълочи ўқувчилар қатнашадиган “Тилшунос” тўгарагини ҳам бошқараман. Мазкур тўгарак аъзоларидан таркиб топган “Баркамол авлод” гуруҳи аввалги ўқув йилида “Тил билимдонлари” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли учинчи ўринни эгаллади. “Билимлар беллашуви” ҳамда фан олимпиадаларининг туман, вилоят ва республика босқичларида муваффақиятли қатнашаётган ўқувчиларимиз сафи ҳам тобора кенгаймоқда. Айниқса, собиқ битирувчиларимиз орасидан етишиб чиққан она тили ва адабиёти ўқитувчиларини кўриб қалбим қувончга тўлади. Олий ўқув юртларига ўқишга кириб, бизнинг ихтисосимизни эгаллаганлар сони ўттиз нафардан ошиб кетди. Улар орасида Мадина Мухторова, Шоҳруза Нишонбоева, Гулбаҳор Абдуллаева, Моҳидил Мирзааҳмедова каби ёш  ҳамда малакали педагоглар бор.

Ўқитувчилик фаолиятимда эришаётган муваффақиятлар давлатимиз томонеидан юксак баҳоланаётганидан ҳам хурсандман. 2006 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирлангандим. Яқинда, яъни ўқитувчилар ва мураббийлар куни арафасида эса “Меҳнат шуҳрати” орденига сазовор бўлдим. Бу мукофотлар мени янада фидокорона ишлашга, ёш авлодга ўзбек тили ва адабиётидан пухта билим беришга даъват этади.

Насибахон СУЛТОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Поп  туман кенгашининг фаоли

Тилга эътибор юксак масъулият талаб этади was last modified: Октябрь 17th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »